Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:39

Оқсоқоллар ўзбек жангариларига қарши “жиҳод” эълон қилди


Покистоннинг Жанубий Вазиристон минтақасидаги қабилалар оқсоқоллари бу ердан бошпана топган Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларига қарши “жиҳод” эълон қилгани хабар қилинмоқда.

Бунга жангариларнинг маҳаллий қабилалар вакиллари билан ўта кучайиб бораётган можаролари сабаб бўлган.

Жанубий Вазиристонда маҳаллий қабилалар ва хорижлик жангарилар, хусусан, Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги ЎИҲ аъзолари ўртасидаги қуролли тўқнашувлар уч ҳафтадан буён тингани йўқ. Покистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Офтоб Аҳмад Шерпао бу тўқнашувларда 200дан ортиқ киши ўлгани, уларнинг аксари хорижлик жангарилар эканини билдирди.

“Озодлик” радиосининг Покистондаги мухбири Сайид Фаридун Иброҳимнинг маълум қилишича, Жанубий Вазиристондаги қабила оқсоқоллари халқаро терроризмга қарши курашаётган Покистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишни хоҳлаб, 19 март куни хорижлик жангариларни қуролсизлантиришга уринган пайтда отишма содир бўлиб, маҳаллий қўмондонлардан бири нобуд бўлган.

“Тўқнашувнинг асосий сабаби шуки, маҳаллий қўмондонлардан бири хорижликлардан қуролсизланиш ва Вазиристонни тарк этишни талаб қилган. Ҳозир қабилалар Покистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашни хоҳлайди. Улар “Ал-Қоида” тармоғини ташкил этган гуруҳлар ҳамда Тоҳир Йўлдош ва унинг тарафдорларига қарши”, – деди Сайид Фаридун Иброҳим.

Деҳлидаги Ҳиндистон институти директорининг тадқиқотлар бўйича ўринбосари генерал Арун Сахгалнинг айтишича, “Толибон” ҳаракати, асосан, икки гуруҳдан иборат. Биринчи гуруҳ пуштун миллатига мансуб маҳаллий халқ вакилларидан, бошқаси толиблар ғоясини қўллаб-қувватловчи хориждан келган турли миллат вакилларидан иборат. Жанубий Вазиристон вилоятидаги сўнгги қуролли тўқнашувлар айнан шу гуруҳлар ўртасида бормоқда.

“Мендаги сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар тўхтаган. Толибларнинг асосий матбуот вакили бўлган мулла Дадуллоҳ у ерга бориб, толибларнинг икки гуруҳи ўртасидаги қарама-қаршиликка чек қўйган. Ҳозир икки гуруҳ яна ўз кучларини бирлаштираётгани ҳақида маълумотлар олинмоқда”, – деди Арун Сахгал.

Жорж Маршал номидаги Европа хавфсизлик тадқиқотлари марказининг терроризм дастури раҳбари Ник Прат фикрича, биринчидан, Вазиристон вилоятидаги қабилалар аҳолиси хорижликларни, улар ким бўлишидан қатъий назар, ёқтирмайди. Иккинчидан, қабила оқсоқоллари “Ал-Қоида” гуруҳи асосчиси шайх Усама бин Лодинни жуда ҳурмат қилгани ва ЎИҲнинг айрим жангарилари маҳаллий қизларга уйлангани боис, уларнинг Вазиристон ҳудудида яшашига рухсат берган.

Бин Лодин омма кўзидан йўқолганига кўп бўлди. Унинг ўринбосари Айман аз-Завоҳирий эса “Ал-Қоида” таркибида ўзгартишлар қилмоқда ва аҳён-аҳёнда оммавий ахборот воситалари орқали баёнотлар бермоқда.

Ник Пратнинг таъкидлашича, агар бин Лодин ўлган бўлса, Покистондаги қабила оқсоқоллари унинг ортида бирлашган хорижликларга мезбон бўлиш мажбуриятини бундан буён ўзидан соқит қилган ва уларни Вазиристондан сиқиб чиқаришга қарор қилган, оқибатда ўзбек жангарилари билан қуролли тўқнашувлар юз бераётган бўлиши мумкин.

“Урушнинг икки сабаби бўлиши мумкин. Биринчи сабаб, Вазиристондаги маҳаллий қабилалар хорижликларни ёмон кўриши, иккинчиси, бин Лодин вафот этиб, у ердаги вазият устидан ягона назорат бўлмай қолган. Айни пайтда ўзбек жангарилари ва маҳаллий қабилалар ўртасида бораётган қуролли тўқнашувга шу икки омил сабаб бўлиши мумкин”, - деди Ник Прат.

У Жанубий Вазиристонда юз берган сўнгги отишмалар сабабли Тоҳир Йўлдош ва унинг тарафдорлари қийин вазиятда қолганини айтади.

“Менимча, ҳарбий нуқтаи назардан у жуда ёмон вазиятда. Шу боис, у маҳаллий қабилалар раҳбарлари билан келишувга эришиш учун бор имкониятини ишга солади. Агар у бу ишнинг уддасидан чиқа олмаса, Тоҳир Йўлдош ва унинг кетидан келган ўзбек жангарилари яккаланиб қолади”, – дейди ғарблик таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG