Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:15

Ташрифлар ортида қандай ўйинлар бор?


Андижон воқеалари борасида батафсил маълумот олиш илинжида бўлган Европа Иттифоқи экспертлари гуруҳи Ўзбекистон расмийлари билан бу масалани муҳокама қилиш учун Тошкентга сафарини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон халқаро жамоатчиликнинг Андижон воқеалари борасида мустақил тергов ўтказиш чақириқларини рад этиб келяпти. Бироқ ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни яхшилашга уриниш сифатида томонлар Андижон воқеаларини мустақил ҳисоботлар ҳамда Ўзбекистон ҳукумати келтираётган далилларга асосланиб ўрганишга қарор қилган.

ЕИ делегациясининг овозини ёзиб олмаслик шарти билан “Озодлик” мухбири билан гаплашган аъзоларидан бири экспертлар гуруҳи Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Адлия вазирлиги расмийлари, ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан учрашганини маълум қилди. Шунингдек, уларга жазони ижро этиш муассасаларига киришга рухсат берилгани, маҳбуслар билан суҳбатда бўлинганини билдирди. У Тошкент ЕИ делегацияси вакиллари билан конструктив мулоқот уюштирганини ҳам таъкидлади.

Гарчи сўнгги пайтларда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда илиқлашув кузатилаëтган бўлса-да, аксарият кузатувчилар бу тузилманинг парда ортидаги ўйини бўлиши мумкинлигини айтаётир.

Зеро, 13 май воқеаларидан сўнг қўшни Қирғизистон орқали Германияга борган андижонлик қочқинлар Германия Бош прокуратурасига Ўзбекистоннинг эндиликда собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида шикоят аризаси ёзган эди. Германия федерал прокурори эса 2005 йил декабрь ойида бу шикоятга рад жавоби берган, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Германия прокурорининг бу хатти-ҳаракатини қоралаган эди.

ҲРУнинг Марказий Осиë дастурлари бўйича вакиласи Рэйчел Денбер “Озодлик”ка берган интервьюсида томонлар ўртасидаги илиқлашувга қарамай, расмий Тошкент ЕИ санкцияларини бекор қилишга арзигулик бирор иш бажармаганини таъкидлайди.

“Мен Ўзбекистон ҳукумати хатти-ҳаракатларида катта бир ўзгариш кўрмаяпман. ЕИ гуруҳи Андижон ҳодисаларидан сўнг қамоққа олинганлар билан учрашишга умид қилмоқда. Улар орасида Умида Ниëзова ва Гулбаҳор Тўраева бор. ЕИ экспертлари декабрь ойида ҳам Ўзбекистонга сафар қилганди. Ўшанда ҳуқуқ ҳимоячиларининг делегация расмийлари билан учрашиши тақиқланган эди. Нима ўзгарган бўлиши мумкин?” - дейди Рэйчел Денбер.

У ЕИ делегациясининг Ўзбекистонга серташриф бўлиб қолгани парда ортидаги ўйинларми ёки йўқми, бу борада қандай жавоб беришни билмаслигини айтар экан: “Лекин бир нарсани аниқ биламан. ЕИ Ўзбекистонга нисбатан қўллаган санкциялардан тўғри фойдалана олмаяпти. Ҳозир эса ЕИ расмийларининг Ўзбекистонга бориб фақатгина энергетика соҳаси, табиий бойликлар борасида музокалар ўтказаëтганини кўрамиз. Инсон ҳуқуқлари эса умуман иккинчи планга ўтиб қолган. Бундай бўлиши керак эмас. Биз ЕИга раислик қилаëтган Германия ҳукуматини аввалига Тошкент билан инсон ҳуқуқлари вазиятини муҳокама қилишга чақирамиз. Ундан кейин эса санкцияларни бекор қилишни кўриб чиқса бўлади”, - деди.
XS
SM
MD
LG