Линклар

Халқ лашкарлари ўзбек жангариларига қарши курашга отланди

  • Озодлик

Покистоннинг Жанубий Вазиристон минтақасидаги қабилалар оқсоқоллари бу ердан бошпана топган хорижий жангариларига қарши эълон қилган “жиҳод”ни давом эттириш учун камида уч минг кишилик лашкар тўплашга муваффақ бўлди.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлигининг бу ҳақдаги хабарида айтилишича, минтақада таркибида ўзбек ва чечен миллатига мансуб хорижий жангарилар ва маҳаллий қабилалар ўртасидаги тўқнашувлар ҳали ҳам давом этмоқда. Маҳаллий оқсоқоллар сешанба куни аҳолини хорижий жангариларга қарши жангга сафарбар қилган.

“Озодлик”нинг Покистондаги мухбири Иброҳим Фаридун хорижий жангарилар, жумладан, Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларига қарши жанглар чоршанба куни ҳам давом этганини хабар қилди.

“Жанубий Вазиристон расмийлари чоршанба кунги тўқнашувларда 11 жангари ҳалок бўлганини айтди. Шунингдек, маҳаллий қабилаларнинг икки етакчиси ҳам нобуд бўлган. Оқсоқоллар жангарилардан тўққиз нафари қўлга олинганини маълум қилган. Айни пайтда уч минг кишидан зиëд маҳаллий кучлар ëрдамида жангариларни қувиб чиқаршига қаратилган кенг кўламли амалиëт бошланган”, - деди И.Фаридун.

Агар маҳаллий қабилаларнинг анча вақтдан буён хорижий жангарилар билан ака-укадай яшаб келгани инобатга олинса, нега айнан бугун уларни қувиб чиқишга киришилди, деган савол пайдо бўлади.

Жорж Маршал номидаги Европа хавфсизлик тадқиқотлари марказининг терроризм дастури раҳбари Ник Пратнинг таъкидлашича, Покистон расмийлари маҳалий қабилаларга хорижий жангарилардан холи бўлиш лозимлигини дангал тушунтирган.

“Бунинг ортида катта пул борми ëки кимнидир йўққа чиқаришми, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Қабилалар ўртасида келишмовчилик бўлгани боис, бу стратегия самара бермаëтган эди. Шунингдек, НАТО ҳам, Афғонистон расмийлари ҳам қанчалик босим ўтказмасин, хорижий жангариларни ҳеч ким жойидан силжитишга уринмади. Аммо ҳозир вазият ўзгараëтганини кўриш мумкин”, - деди Ник Прат.

Жейнс ахборот марказининг Жанубий Осиë бўйича мутахассиси Мила Венугопалан Вазиристондаги вазият маҳаллий оқсоқоллар ва жангарилар ўртасидаги муносабатга жиддий дарз кетганини кўрсатаëтганини айтади.

“2001 йилнинг 11 сентябридан кейин АҚШ Афғонистонга ҳужум қила бошлагандан сўнг аксарият хорижий жангарилар қўшни Покистонга қочиб у ердан бошпана олди. Бугун эса хорижий жангарилар кўчага ҳайдаб чиқарилаëтганини кўриш мумкин. Афтидан, аксарияти ўзбек ëки чечен миллатига мансублиги айтилаëтган хорижий жангарилар маҳаллий қабилаларнинг кўзга кўринган оқсоқолларини қаттиқ хафа қилган ва маҳаллий қоидаларни бузган кўринади. Бундай ҳолатда эса муаммолар фақатгина қон тўкилиши орқали ечилиши мумкинлигини кўряпмиз”, - деди Мила Венугопалан.
XS
SM
MD
LG