Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:52

Қирғизларнинг янги қонуни ўзбекистонликларни ҳам ташвишга солди


Қирғизистон парламенти қабул қилган “Миграция тўғрисида”ги янги қонунга кўра, бундан буён мамлакатда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи чет элликлар ойига 100 минг қирғиз сўми, яъни тахминан 2,5 минг доллар миқдорида солиқ тўлаши лозим.

Айни пайтда Қирғизистонда расман 30 минг чет эл фуқароси меҳнат қилади. Норасмий маълумотларда эса улар сони 50 мингдан ошиши айтилмоқда.

Қирғизистон парламенти маълумотига кўра, мамлакатдаги меҳнат мигрантларининг 90 фоизини хитойликлар ташкил этади. Қолган ўн фоизи эса Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқароларидир.

Бундан ташқари, расмий Бишкек ҳар йили чет эл фуқароларининг Қирғизистонда меҳнат қилиши учун ўн минг кишига квота ажратади. Парламент депутатлари квотадан, асосан, хитойликлар фойдаланётгани, бу эса мамлакат генофондини хавф остига қўяётганини таъкидламоқда.

“Минглаб хитойлар норасмий тарзда қирғиз аёлларига уйланмоқда. Минглаб хитой болалари туғиляпти. Улар мактабга бора бошлади. Вазият шундай кетаверса, тез орада биз Хитойнинг вилоятига айланиб қоламиз”, - дейди депутат Қамчибек Ташиев.

Қирғизистон парламенти қабул қилган миграция тўғрисидаги янги қонун мамлакат ҳудудида фаолият юритмоқчи бўлган чет эл фуқароси ҳар ойда 2,5 минг АҚШ доллари миқдорида солиқ тўлашини кўзда тутади. Депутатлар бундай миқдордаги солиқни тўла олмайдиган хорижликлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлиши, қирғизистонликлар учун янги иш ўринлари очилишини айтмоқда.

Аммо парламент депутати Санжар Қидиралиев бу қонуннинг қабул қилиниши Қирғизистонда ишсизлар сонини кўпайтиришини билдирди.

“Ишсизлик кўпаяди, ўн минглаб одамлар ишсиз қолади. Мендаги маълумотларга кўра, уч минг ҳайдовчи чет элликларнинг маҳсулотларини Қирғизистонга олиб кириш билан кун кечиради. Ҳар бир чет элликнинг фирмасида ўрта ҳисобда қирғизистонлик беш киши меҳнат қилади. Буларнинг ҳаммаси ишсиз қолади”, - деди С.Қидиралиев.

Қирғизистон Миграция қўмитаси раиси ўринбосари Дамир Ўзбеков сўзларига кўра, бу қонун “бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдириш билан баробардир”.

“Ҳукумат бу масалани муҳокама қилганда давлатларни ажратмайди. Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳам шу қонун доирасида ҳаракат қилишга мажбур бўлади. Бу мамлакатлар тадбиркорлари эса бизнинг асосий сармоядорларимиз ҳисобланади”, - дейди Дамир Ўзбеков.

Миграция тўғрисидаги янги қонуннинг қабул қилиниши Қирғизистонда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ўзбекистонликларни ҳам ташвишга солмоқда. Ўзбекистонлик Сардор Муҳаммедов Ўш шаҳрида ўз фирмасига эга. Бу фирмада Қирғизистоннинг ўн фуқароси иш билан банд.

“Ой сайин юз минг сўм тўлай олмаймиз. Чунки ўзбекистонлик тадбиркорларнинг кўпчилигининг бир ойлик бюжети худди биз каби унча катта эмас. Бунинг устига, қўл остимиздаги ишчиларга ойлик ва бошқа солиқларни ҳам тўлашимиз керак бўлади. Иложсизликдан бу ердаги ишимизни тўхтатамиз ёки ноқонуний тарзда ишлашга мажбур бўламиз”, - дейди Сардор Муҳаммедов.

Қорасув бозорида савдогарлик қилувчи ўзбекистонлик Нафиса Аҳмедова эса: “Бу ерда Ўзбекистондан келган мардикорлар, савдогарлар тирикчилик қилади. 2,5 минг доллар биз учун жуда катта маблағ. Қирғизистон ҳукумати ҳар бир хорижлик тадбиркорнинг даромадидан келиб чиқиб солиқ солса, яхши бўларди, инсофлироқ бўларди”, - деди.
XS
SM
MD
LG