Линклар

“Балиқчалар” тўрга илиняпти, контрабанда “кит”ларичи?


Хабарларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати контрабандага қарши курашни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Шунга қарамай, мамлакатга кириб келаётган контрабанда оқими камаймаётир.

Ўзбекистон бозорларидаги товарларнинг асосий қисми Хитойдан келтирилаётгани кўпчиликка сир эмас.

Таҳлилчи Комрон Алиев ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш имконига эга эмаслигини айтади.

“Ўзбекистондаги деярли барча ҳунармандлар ёки истеъмол моллари ишлаб чиқарадиган корхоналар банкрот бўлиб ётибди. Улар фақат давлатнинг буюртмаси билан ишлаш имконига эга. Масалан, Олмалиқдаги мис комбинати ўз маҳсулотини чет элга сотади. Кабель заводи давлат буюртмаси билан ишлайди. Собиқ иттифоқ даврида уларнинг барчаси юз номдаги истеъмол моллари ишлаб чиқарган бўлса, ҳозирча ишлаб чиқариш тўхтатилган”, - дейди К.Алиев.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлик даражаси ўта пастлиги ва улар ҳажмининг камлиги боис ҳам мамлакат бозорларининг аксарияти контрабанда йўли билан келтирилган товарлар билан тўлалигини айтади нукуслик кузатувчи Солижон Абдураҳмонов.

“Ўзбек-туркман чегараси орқали Туркманистондан келадиган контрабанда маҳсулотлари бўйича хулоса қилиб айтадиган бўлсам, Ўзбекистонга чинни идиш, товоқлар, коса, пиёлалар жуда кўп миқдорда ўтади. Ўзбекистонда ҳам бу маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Лекин уларнинг сифати пастлиги ёки етишмаслиги ёхуд нархининг қимматлиги боис, фуқароларимиз уни харид қилмайди ва ўша чет элдан кириб келадиган арзон контрабанда товарларни олади”, - деди С.Абдураҳмонов.

Таҳлилчилар хориждан келтириладиган товарлар учун божхона тўлови катталиги контрабанданинг кўпайишига сабаб эканини билдирмоқда. Маълумотларга кўра, хориж маҳсулоти нархининг 90 фоизи миқдорида бож тўлови олинади. Бу эса тадбиркорларнинг айланма йўллар орқали товар олиб келишига сабаб бўляпти.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида Андижон вилоятининг Қувасой туманида ўн етти контрабанда ҳолати қайд этилган. Бу товарлар эса Қирғизистондаги Қорасув бозоридан келтирилган.

Жалолободлик кузатувчи Азимжон Асқаровнинг айтишича, бу бозордан Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб ўтилаётган товарларнинг барчаси Хитой молларидир.

“Ўзбекистон аҳолисида Хитой товарларига талаб катта. Талаб борлиги учун ўша нарсалар Ўзбекистонга ўтяпти. Биринчидан, арзон, иккинчидан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга рақаботбардошлик томонлари бордирки, фуқаролар уларни сотиб оляпти”, - деди А.Асқаров.

Контрабанда йўли орқали келтирилаётган Хитой товарларига қарши кураш олиб бораётган Ўзбекистон ҳукумати бу борада назоратни кучайтиришга бел боғлаган. Куни-кеча мамлакат транспорт прокуратурасида айни шу масала муҳокама қилингани ҳақида маълумотлар бор.

А.Асқаров фикрича, назоратни кучайтирган билан Хитой товарларининг Ўзбекистонга кириши тўхтамайди.

“Қанчалик тўсмасин, қанчалик қаттиқ курашмасин, Хитой товарлари барибир Ўзбекистон ҳудудига бостириб кириб боряпти. Ҳуқуқ-тартибот органлари фақат майда савдогарларни ушлаяпти. Лекин Ўзбекистонга вагонлаб товарлар ўтяпти. Масалан, Андижонда милицияда ишлайдиган бир шахс (исмини айтмайман) жуда катта миқдорда Хитой товарларини Ўзбекистонга олиб ўтиб, бозорлардаги савдогарларга сотиш учун бўлиб берар экан. У нуфузли одам. Ҳеч ким мушугини пишт демайди. Ҳеч бир муаммосиз товарлари манзилга етиб борар экан. Бундай одамларга тегишмайди-ю, фақат майда савдогарларни ушлаб, товарларини мусодара қилиш билан шуғулланишади”, - дейди А.Асқаров.

С.Абдураҳмонов сўзларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти иқтисодий етишмовчиликда яшаётган бир шароитда арзон ҳисобланмиш Хитой товарларига эҳтиёж камаймайди.

“Ўзбекистонлик харидорларнинг иқтисодий аҳволи ўта ночор. Масалан, дўкон пештахталарида Европа туфлилари билан ёнма-ён Хитой туфлилари турса, ўзбек харидорларининг кўпчилиги Хитой туфлисини танлайди. Улар ўша туфлининг сифати пастлигидан хабардор. Лекин иқтисодий аҳволи пастлигидан, яъни очиқроқ айтадиган бўлсак, чўнтагида пули камлигидан Хитой маҳсулотларини олишга мажбур бўлади”, - дейди С.Абдураҳмонов.

Кўринадики, Ўзбекистон иқтисодий-ижтимоий инқироздан чиқмас экан, мамлакат бозорларида сифати паст бўлса-да, одамларнинг чўнтагига тўғри келадиган арзон нархли хориж маҳсулотларига талаб кучаяверади.
XS
SM
MD
LG