Линклар

Британиялик денгизчилар озод этилади

  • Сарвар Усмон

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот 23 март куни Форс кўрфазида Эрон ҳарбийлари томонидан қўлга олинган британиялик 15 денгизчи озод қилинишига ваъда берди.

“Эрон халқи ва Ислом республикаси ҳукумати бу ҳарбийларни судлашга тўла ҳуқуқи бўлган ҳолда уларни авф этади ва британияликларга тортиқ тариқасида озод қилади”, - деди Эрон раҳбари.

Шу ўринда муаммонинг бирдан ҳал бўлиб қолиши арафасидаги гапларга тўхталиб ўтсак.

4 апрель куни қилган чиқишида Эрон парламенти раиси Ғулом Али Ҳадад Одил британиялик денгизчилар билан боғлиқ можарога тўхталиб, масалани ҳал қилиш йўлида Британия томони “мутаносиб ҳаракатларни амалга оширгани”ни билдирди.

Унинг бу баёнотини икки томон ўртасидаги даҳанаки жанг шиддатининг бироз пасайишидан дарак, деб қабул қилиш мумкин эди.

Парламент раиси расмий Лондоннинг бевосита музокаралар ўтказиш эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги баёнотини олқишлади ва буни “оҳангнинг ўзгариши”, деб баҳолади.

Покистонга жўнаб кетиш олдидан мазкур масалага тўхталган Ҳадад Одил Буюк Британиянинг сўнгги кунлардаги баёнотлари ва ҳаракатларини “музокараларга мойиллик”, деб тушунишини таъкидлади.

Гап шундаки, Буюк Британия ҳукуматининг 3 апрель кунги баёнотида можаро юзасидан Лондон ва Теҳрон ўртасида, жумладан, Эрон олий хавфсизлик кенгаши раиси Али Ларижоний билан бевосита музокаралар ўтказилгани хабар қилинган.

ИРНА ахборот агентлигининг 4 апрель кунги хабарига қараганда, Али Ларижоний билан Тони Блэрнинг ташқи сиёсат бўйича бош маслаҳатчиси Нейжел Шейнвальд сўзлашув ўтказган.

Айни пайтда британиялик 15 денгизчи тасвирга туширилган видеолавҳалар мазмуни ҳам ўзгарган.

3 апрель куни намойиш қилинган лавҳаларда улар спорт кийимида шахмат ўйнаб ўтиргани тасвирланган. Аввалги лавҳаларда эса улар кўрфазнинг Эронга тегишли қисмини “бузиб кирганини тан олган” эди.

Денгизчилар билан боғлиқ можаро ядровий дастури билан боғлиқ равишда Эрон билан Ғарб ўртасидаги зиддият авжига чиққан кунларга тўғри келди.

АҚШ президенти Жорж Буш январь ойида Ироқ шимолида исёнчиларга кўмаклашаётганликда гумон қилиниб қўлга олинган эронлик беш киши эвазига британиялик денгизчиларни озод қилиш тўғрисидаги Эрон таклифини қабул қилиб бўлмаслигини билдирди.

“Денгизчиларнинг Эрон томонидан ушлаб турилишини оқлаб бўлмайди ва мен Блэр ҳукуматининг мазкур масалани тинчлик билан ҳал қилишга уринаётганини қўллаб-қувватлайман. Биз Буюк Британия ҳукумати билан фикр алмашиб турибмиз. Мен, шунингдек, Буюк Британия бош вазирининг гаровга олинганлар масаласида савдолашиб ўтириш ўринсиз экани тўғрисидаги баёнотини қатъиян қувватлайман”, - деди Жорж Буш.

Эрон матбуотида 4 апрель куни пайдо бўлган хабарларга кўра, Теҳрон вакилига АҚШ кучлари қўлида сақланаётган беш эронлик билан учрашишга рухсат берилиши кутилмоқда. Бироқ бу хабарни на Ироқ ҳукумати ва на АҚШ қўмондонлиги тасдиқлади.

Икки томон ўртасидаги даҳанаки жанг шиддати бироз пасайганига қарамай, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Маргарет Беккетт денгизчиларнинг тез орада озод этилишига умид қилишга эртароқ, деган фикрни билдирди.

Лекин бу фикр билдирилганидан кўп ўтмаёқ Эрон раҳбари британиялик денгизчиларнинг озод қилинишини эълон қилди.

Буюк Британия расмийларининг айтишича, британиялик 15 денгизчи Форс кўрфазида контрабандага қарши одатий амалиёт билан банд бўлган. Эрон расмийларининг таъкидлашларича эса денгизчилар кўрфазнинг Эронга қарашли қисмига бостириб кирган.
XS
SM
MD
LG