Линклар

Британия Бош вазири Тони Блэйр Эрон ҳукумати 15 инглиз денгизчисини озод этганини олқишлаб, британияликларнинг Эрон халқига нисбатан “адовати йўқлигини” айтди.


“Эрон халқига: сизга нисбатан ҳеч қандай адоватимиз йўқлигини айтмоқчиман. Аксинча, биз Эронни қадимий маданияти бўлган, мағрур ва улуғвор тарихга эга халқ сифатида ҳурмат қиламиз. Сизнинг ҳукуматингиз билан бўлган келишмовчиликларни тинч йўл билан, мулоқот орқали ҳал этиш истагидамиз”, - деди Блэйр.
Британия раҳбари шунингдек, 15 британияликнинг озод этилишида ёрдами ва таянчи учун Европа, БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Яқин Шарқдаги иттифоқчиларига миннатдорчилик билдирди. Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот чоршанба куни Теҳрондаги матбуот анжуманида британиялик 15 денгизчи “Британия халқига тухфа” ўлароқ, озод этилишини маълум қилди.
“Мурувватли Эрон халқи ва Ислом республикаси ҳукумати, бу ҳарбийларни суд қилиш ваколати ва ҳуқуқи борлигига қарамасдан, бу 15 кишини авф этганини эълон қиламан ва уларнинг озод этилишини Британия халқига ҳадя қиламиз”, - деди Аҳмадийнажот.
Эрон британиялик денгизчиларни 23 март куни Форс Кўрфазининг Шатт ал-Араб дарёси қуйиладиган қисмида, Эрон сув ҳудудларини бузганликда айблаб, ҳибсга олган эди. Британия ўз денгизчилари Ироқ сув ҳудудларида бўлганини таъкидламоқда. Сурия ахборот ва ташқи ишлар вазирлари Дамашқ мунозаранинг ечилишида муҳим рол ўйнаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG