Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:56

Маҳаллий қавмлар ўзбек жангариларини қирғин қилмоқда


Ахборот агентликлари хабарига кўра, Покистонинг Жанубий Вазиристон вилоятида чоршанба кунги шиддатли тўқнашувларда 50дан ортиқ одам ўлдирилган. Уларнинг аксарини ўзбек жангарилари ташкил этади.

Бу ерда маҳаллий қавмлар вакиллари билан минтақага мустаҳкам ўрнашиб олган хорижлик жангарилар, хусусан, Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ўртасидаги жанглар бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда.

Покистон Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал Воҳид Аршод “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Вазиристонда тўқнашувлар давом этаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаб, сабабини бундай изоҳлади.

“Ҳа, икки ҳафтадан бери Вазиристонда маҳаллий қавм вакиллари ва хорижлик жангарилар ўртасида уруш боряпти. Маҳаллий қавмлар террорчи ва хорижлик жангариларга ўз ҳудудларидан фойдаланишга рухсат бермаслик ҳақида Покистон ҳукумати билан келишув имзолаган. Шунга мувофиқ улар хорижликларни мамлакатдан чиқариб юборишга ҳаракат қиляпти”.

Покистон Мудофаа вазирлигининг ўз исмини айтмасликни сўраган яна бир расмийси Вазиристонда чоршанба кунги шиддатли тўқнашувдан кейин жанглар яна давом этаётганини маълум қилди.

“Вазиристонда икки юз атрофида хорижлик жангари бор. Маҳаллий хавфсизлик кучлари ва биз “лашкар” деб атайдиган маҳаллий кўнгиллиларнинг айтишича, жанглар вақти-вақти билан бўлиб турибди”, - деди Мудофаа вазирлиги расмийси.

Покистондаги электрон оммавий ахборот воситаларида чоп этилган таҳлилий мақолалардан бирида ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдош ва у етакчилигидаги юзлаб хорижий жангарини Вазиристон қавмлари ўз ҳудудидан сиқиб чиқаришга қарор қилгани, асосан, учта сабаб билан изоҳланган.

Биринчидан, Вазиристондаги толиблар ва улар тарафдорлари ўзбек жангариларини буюртма асосида маҳаллий қўмондонларга қарши уюштирилган суиқасдга алоқадорликда гумон қилган. Иккинчидан, ўзбек жангарилари ҳокимиятдан четлатилган толибларнинг тажовузкор қўмондони Мавлавий Умарга қўшилган. Ўз навбатида, Умар ўзбеклар қўли билан рақиби Мавлавий Назирга нисбатан ёвуз ниятларини амалга оширган.

“Вазиристонда юз бераётган сўнгги воқеаларга қавмлар ўртасидаги ички рақобат ҳам маълум даражада сабабчи”, - дейилади мақолада.

Вазиристондаги воқеаларни диққат билан кузатиб бораётган Деҳлидаги Ҳиндистон институти директори ўринбосари генерал Арун Сахгал маҳаллий қавмлар Покистон ҳукумати билан эришган битим асосида хорижлик жангариларни ўз ҳудудидан сиқиб чиқаришга уринаётганини айтди.

“Бу ички тўқнашувлар бир қанча муддат олдин хорижлик жангариларни Вазиристондан чиқариб бориш ҳақида маҳаллий қавмлар билан келишувга эришган Покистон ҳукумати агентлари томонидан келтириб чиқарилган”, – дейди генерал.

“Озодлик” радиосининг Покистондаги мухбири Сайид Фаридун Иброҳим сўзларига кўра, чоршанба кунги шиддатли тўқнашувлардан кейин Вазиристондаги қавм раҳбарларидан Мавлавий Назир матбуот анжумани ўтказиб, жангариларга катта талафот етказилганини билдирган.

“Маҳаллий қавмлар раҳбарларидан бири Мавлавий Назир ва унинг сафдоши Шерхон тўқнашувлар давомида 65 жангари ўлдирилгани, уларнинг 55 дан ортиғи ўзбек жангарилари, қолгани маҳаллий қавм вакиллари эканини иддао қилди”, - деди мухбир.

Сайид Фаридун Иброҳим Покистон Мудофаа вазирлиги расмий вакили Воҳид Аршоддан олган маълумотлари билан ҳам ўртоқлашди.

“Унинг айтишича, ҳозир Вазиристондаги қавмлар хорижий жангариларнинг минтақада бўлиши ўзларига хавф пайдо қилгани ва тараққиётни тўхтатиб қўйганини тушуниб етган. Шу боис, улар қавмлар яшайдиган минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида хорижлик жангариларни бу ҳудуддан сиқиб чиқариш учун жангга киришган”, – дейди Сайид Фаридун Иброҳим.
XS
SM
MD
LG