Линклар

logo-print

Украинада сиёсий бўҳрон кучаймоқда

  • Сарвар Усмон

Украина президенти Виктор Юшченко парламентни тарқатиб юбориш тўғрисидаги фармонни имзолангандан кейин мамлакатда юзага келган сиёсий бўҳрон уч кундан буён давом этмоқда.

Ана шундай шароитда В.Юшченко бевосита президент бошқарувини жорий этиши ҳам мумкин, деган гаплар пайдо бўлди.

Бош вазир В.Януковичнинг минглаб тарафдорлари 5 апрель куни ҳам Киевга автобуслар ва поездларда келишни давом этди. Шунга қарамай, президент ўз қарорида қатъий турибди. У Украина Хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг 5 апрель кунги фавқулодда мажлисида қилган чиқиши чоғида парламентни тарқатиш ва 27 майга парламент сайловини белгилаш тўғрисидаги 2 апрель кунги фармонга риоя қилмайдиганлар жазоланишини уқтирди.

“Украина қонунларига биноан фармонга бўйсунмасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Сиз Конституциявий судга мурожаат этишингиз, керак деб билганингиз қарорларни қабул қилишингиз мумкин, албатта, агар улар қонун доирасида бўлса, лекин мен айнан шу масалада ҳеч қачон муросага бормайман ва фармонга бўйсунмасликка йўл қўймайман”, - деди В.Юшченко.

Парламентдаги етакчи куч - Минтақалар партияси лидери, бош вазир В.Янукович президентнинг парламентни тарқатиб юбориш тўғрисидаги фармонини тан олмай, суднинг хулосасини кутиш кераклигини таъкидламоқда.

Бироқ суд қарорини кутиш жараёни бир неча ҳафтага, ҳатто бир неча ойга чўзилиб кетиши мумкин, деган фикрда Конституциявий суднинг собиқ аъзоси, ҳозир эса президентнинг суддаги вакили Володимир Шаповал.

“Тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, камида икки ой кутиш керак бўлади. Агар бундан тезроқ бўлгудай бўлса, қарорни чиқариб берганларга Украина Қаҳрамони унвони бериш керак”, - деди Володимир Шаповал кулиб.

Украина Конституциявий судининг “оғмачилик” қилиб юбориши олди олинган. Суддаги ўринлар ҳокимиятнинг уч тармоғи ўртасида тенг бўлинган.

Шунга қарамай, маҳаллий таҳлилчилар фикрича, Конституциявий судни сиёсий таъсирдан муҳофазаланган, жамиятда етарли нуфузга эга, деб бўлмайди.

Украина парламентининг собиқ аъзоси Михайло Сирота “Озодлик” мухбири билан суҳбатда суд аъзолари тўғрисида фикр билдирар экан: “Улар қарор қабул қила олмайди. Чунки бугунгидай инқирозли вазиятда улар маънавияти юксак, нафақат Украина жамияти, балки жаҳон ҳамжамияти танийдиган ва ҳурмат қиладиган шахслар бўлиши керак. Чунки мана шундай мақомгина уларга нисбатан бўладиган босимларга дош бериш имконини беради. Бундай босимлар эса ҳар қандай давлатда бўлиши мумкин”, - деди.
XS
SM
MD
LG