Линклар

“Немис тўлқини” журналистлари устидан жиноят иши очилди

  • Абдулла Искандар

Тошкент шаҳри прокуратураси лицензиясиз фаолият олиб боришда айблаб “Немис тўлқини” радиосининг тўрт журналисти устидан жиноят иши очгани маълум бўлди.

“Немис тўлқини” мухбири Юрий Черногаев душанба куни терговчи ҳузурига чақирилган.

Ю.Черногаев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда тергов давом этаëтганини айтди.

“Ҳозир тергов бормоқда. Ҳамкасбим Наталья Бушуевага нисбатан солиқ тўламаганлик борасида жиноят иши очилгандан сўнг “Немис тўлқини”нинг Ўзбекистондаги барча ходимлари, жумладан, мени ҳам тергов қила бошлашди”, - деди Ю.Черногаев.

Маълумотларга кўра, “Немис тўлқини” радиоси билан ҳамкорлик қилган журналистлар Наталья Бушуева, Юрий Черногаев, Обид Шабонов ва Сайëра Рўзиқулованинг уйига прокуратура чақирув қоғози жўнатган.

Ю.Черногаев барча мухбирларга Жиноят кодексининг 190-моддаси бўйича (лицензиясиз фаолият олиб бориш) айб қўйилган.

“Журналистика Ўзбекистонда лицензия олиб шуғулланадиган соҳа эмас. Биринчи сўроқдаëқ мен буни прократура терговчиларига тушунтирдим. Улар ҳам буни тан олди”, - деди Ю.Черногаев.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 февралдаги қарорига кўра, Ўзбекистон фуқаролари аккредитация олмасдан хорижий ОАВлар билан ҳамкорлик қила олмайди. Бу қарор ОАВ ҳақидаги қонунларга зид келса ҳам прокурорлар қўлида журналистларга қарши қурол бўлиши мумкин.

“Гап шундаки, биз бу қарор чиққандан бошлаб “Немис тўлқини”га ўзимиз лавҳа таëрлашни тўхтатганмиз. Бу вақт ичида бирорта лавҳа менинг имзоим остида эфирга берилмади. Муаллифлик “Немис тўлқини”га оид”, - деди Ю.Черногаев.

Дастлаб Ю.Черногаевга қарши 184-модда бўйича (солиқлар ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) айб илгари сурилган, бироқ ўзбек терговчилари Ўзбекистон ва Германия ўртасида икки томонлама солиққа тортмаслик тўғрисида битим борлигини билиб қолгандан сўнг бу модда олиб ташланган. Аммо Н.Бушуевага нисбатан бу модда олиб ташланмаган.

Ю.Черногаев буни изоҳлар экан: “Биз Германиядан пул олаëтганимизда солиғи чегирилган бўлади. Гап шундаки, Ўзбекистонда солиқ 28 фоиз Германияда эса 26 фоиз. Икки фоиз солиқни энди биз Ўзбекистонда тўлашимиз керак. Мен буни тўлаб қўйдим, Н.Бушуева тўламагани боис муаммо чиқди. Н.Бушуева Ўзбекистон фуқароси сифатида 28 фоиз солиқ тўлаши лозим эди. 26 фоизни Германияда тўлади, икки фоизини эса Ўзбекистонда тўлаши керак эди”, - деди Ю.Черногаев.

Ю.Черногаевнинг айтишича, “Немис тўлқини”нинг Бухородаги собиқ мухбири Обид Шабонов ҳам текширилмоқда. Аммо у сўнгги бир йил ичида радио билан ҳеч қандай ҳамкорлик қилмаган, шунинг учун унга ҳеч қандай эътироз бўлиши керак эмас.

“Немис тўлқини” билан ҳамкорлик қилган Сайёра Рўзиқулова Ўзбекистон ташқарисида бўлгани боис ҳали сўроқ қилинмаган.

Радионинг биринчи бўлиб устидан жиноят иши қўзғатилган мухбири Н.Бушуевага солиқ тўламаганлик ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш айби қўйилган.

“Немис тўлқини”нинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари ҳимояси билан шуғулланаëтган адвокат Суҳроб Исмоилов Н.Бушуева ҳибсга олинишдан чўчиб Ўзбекистондан чиқиб кетганини билдирди.

Журналистларни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар “Немис тўлқини” журналистларига қарши жиноят иши ўзбек ҳукуматининг мустақил журналистларга қарши олиб бораётган, уларнинг фаолиятини мутлақо тўхтатишга қаратилган кампаниянинг давоми эканини таъкидламоқда.

“Немис тўлқини” радиоси рус хизмати муҳаррири Александр Варкентин Ўзбекистондаги ҳамкорлари ҳимоясига жиддий киришилганини айтади.
“Сизни ишонтириб айтаманки, биз ҳамкасбларимизни ҳимоя қилиш учун барча ишни қиляпмиз. Улар шунчаки эркин ҳамкор эмас, балки “Немис тўлқини” ходимларидир. Улар ҳимоясига биз билан қаторда Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам киришди”, - деди А.Варкентин.

Ўзбекистоннинг ЕИ билан алоқалари Германия саъй-ҳаракатлари боис яхшиланаётган бир пайтда “Немис тўлқини” радиосининг тўрт журналистига қарши жиноят иши очилиши нимадан дарак?

“Биз сиëсатчилар эмас, журналистлармиз. “Немис тўлқини”ни ҳозир Ўзбекистондаги мухбирларининг хавфсизлиги қизиқтирмоқда. Бизнинг Ўзбекистондаги мухбирларимиз доимо ҳаққоний ва холис ахборот бериб келган. Уларга қўйилаëтган айбловларни ҳуқуқшунослар ўрганади. Биз эса мухбирларимиз ҳимояси борасида тинимсиз сўзлашувлар олиб боряпмиз”, - деди А.Варкентин.

Бундан олдин “Немис тўлқини” раҳбарияти Н.Бушуевага қарши айбловлар илгари сурилганида журналистларни лицензиясиз ишлашда айблаш нотўғри ва инсофдан эмаслигини айтган эди.

Чунки радио Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ўз журналистларини аккредитация қилиш ҳақида бир неча бор ариза топширган эди. Аммо вазирлик аккредитация берилишини ҳар сафар рад этган.

Вазирлик вакили “Озодлик” била суҳбатда Ўзбекистонда журналистлар эркин, аммо аккредитация ҳақидаги қарорнинг 22-моддасига биноан Ўзбекистон ички ишларига аралашмаслиги кераклигини айтди. Айни пайтда иши терговда бўлган “Немис тўлқини” радиосининг ҳамкори Ю.Черногаев прокуратура тергови жамоатчилик назоратида экани ва бу омил терговчиларни қонун доирасидан ташқарига чиқармаслигидан умид қилаëтганини билдирди.
XS
SM
MD
LG