Линклар

Вазиристондаги жанглар ниҳояламоқда

  • Озодлик

Покистоннинг Жанубий Вазиристон вилоятида маҳаллий қавмлар ва хорижий жангарилар, жумладан, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ўртасидаги тўқнашувлар тобора якунига етмоқда.

Покистонда чиқадиган “Шафақ” газетасининг ёзишича, ҳозир хорижий жангарилар жуда қўрқувга тушган, улар бутунлай қуршаб олинган. Маҳаллий қабилалар раҳбарлари Покистон армиясига мурожаат қилиб, қуруқликда ва ҳаводан зарба беришда кўмак сўраган.

Гарчи ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдош тарафдорлари ўртасида катта йўқотишлар бўлаётгани хабар қилинаётган бўлса-да, “Шафақ” газетаси бу маълумотлар анча бўрттириб кўрсатилганини ëзади.

Аммо Associated Press of Pakistan агентлиги Покистоннинг Inter-Services Public Relations агентлигига таяниб, март ойидан буëн 200га яқин жангари ўлдирилганини хабар қилди. Покистон Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал Воҳид Аршод эса ўзида шу кунгача хорижий жангариларнинг 250 нафарга яқини йўқ қилингани ҳақида маълумот борлигини билдирди. Шунингдек, у жума куни тўқнашувлар бўлмаганини ҳам қўшимча қилди.

“Маҳаллий қавмлар террорчи ва хорижлик жангариларга ўз ҳудудларидан фойдаланишга рухсат бермаслик ҳақида Покистон ҳукумати билан келишув имзолаган. Шунга мувофиқ улар хорижликларни мамлакатдан чиқариб юборишга ҳаракат қиляпти. Улар ҳукуматнинг хорижий жангариларга қарши курашининг бир қисми ҳисобланади”, - деди Воҳид Аршод.

В.Аршод Тоҳир Йўлдош Вазиристон ҳудудида экани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар борлигини таъкидлади.

“Унинг Афғонистонга қочиб ўтиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ҳамма нарса бўлиши мумкин”, - деди генерал.

Жорж Маршал номидаги Европа хавфсизлик тадқиқотлари марказининг терроризмга қарши кураш дастури раҳбари Ник Прат маҳаллий қабилалар ва армия билан ҳамкорлиги катта самара беришини айтади.

“Масалан, ўтган асрнинг 70-йилларида Умманда Султон Қабуз ҳукумати Дофар жангарилар ҳаракатини йўқ қилиш учун маҳаллий қабилалар кучидан фойдаланган. АҚШ ҳарбийлари эса Ироқнинг Анбар вилоятида олиб бораëтган амалиëтларида маҳаллий қабилалар оқсоқолларидан фойдаланмоқда. Бу эса “Ал-Қоида” аъзоларини қўлга олишда катта самара беряпти. Афғонистон тарихига ҳам назар солинса, Буюк Британия ҳам у ерда маҳаллий қабилалар ëрдамидан фойдаланган”, - дейди Ник Прат.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг таҳлилий ахборот бўлими бошлиғи Ҳикматулло Сайфуллозода Афғонистондаги ҳарбий тўқнашувларда Жума Намангоний ўлдирилгач, кўпчилик Ўзбекистон исломий ҳаракати тарқалиб кетишига ишонгани, аммо гуруҳ янада фаоллашганини айтади.

“Бу минтақада ЎИҲ тарафдорлари кўпчиликни ташкил этишидан далолатдир. Шу боис, айни пайтда Т.Йўлдош ва тарафдорлари мағлубиятини ва бу ҳаракатнинг тарқаб кетишини олдиндан айтиш қийин. Т.Йўлдош ўлдирилган тақдирда ҳам бу ҳаракатнинг бошқа аъзолари ўз раҳбарлари бошлаб берган ишларни давом эттириши аниқ”, - деди Ҳ.Сайфуллозода.
XS
SM
MD
LG