Линклар

logo-print

Экология хабарлари


БМТнинг иқлим ўзгариши муаммосини ўрганувчи ҳукуматлараро комиссияси 6 апрель куни ўзининг иккинчи ҳисоботини эълон қилди.

Дунёнинг етакчи иқлимшунос олимлари ўтказган тадқиқотлар хулосалари асосида тайёрланган ҳисоботга кўра, глобал иқлим исиши оқибатида Осиё ва Африкадаги камбағал давлатлар, шунингдек, тропик мамлакатларда қурғоқчилик юз бериши мумкин.

Ҳисоботда глобал иқлим ўзгариши оқибатлари келаси ўн йилликлар давомида ҳаво ҳарорати қанча даражага исишига боғлиқ экани билдирилган. Комиссиянинг жорий йил февраль ойида эълон қилинган биринчи ҳисоботида ўтган аср мобайнида глобал ҳарорат Целзий ўлчови бўйича 0,74 даражага илигани қайд этилган. Олимлар 2100 йилга бориб Ер атмосфераси 1,1 дан 6,4 даражагача исиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.



*** *** ***

Атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Гринпийс” ташкилоти йилнинг ҳар чорагида компьютер ва уяли телефон аппаратлари ишлаб чиқарувчи дунёдаги 14 та йирик ширкатнинг атроф-муҳитга кам зарар етказиш бўйича рейтингини эълон қилиб келмоқда.

3 апрель куни эълон қилинган учинчи рейтинг натижасига кўра, Хитойнинг “Lenovo” компьютер ширкати қайта ишлаш мумкин бўлган электрон маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг яхши ширкат, деб топилган. АҚШнинг “Apple” компьютер ширкати эса “Гринпийс” рўйхатнинг энг қуйи қисмидан ўрин олди.

“Гринпийс” ташкилоти вакили Зайна ал-Хадж буни изоҳлар экан: “Биринчи рейтинг эълон қилингандан учинчи рейтинг эълон қилингунча ўтган даврда электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноатида катта ўзгаришлар рўй берди. Атроф-муҳитни сақлаш соҳасида барча компаниялар муваффақиятга эришди. “Lenovo” энг кўп ютуққа эришди. Компания ўз маҳсулотлари ҳақида харидорларига етарли маълумотлар берди. Ширкат эскириб чиқиндига айланган ўз маҳсулотларини қачон, қаерда, қанча миқдорда қайта ишланаётгани ҳақидаги маълумотни оммага эълон қилган”, – деди.

“Гринпийс”нинг “яшил” рейтингида “Nokia” иккинчи, “Sony Ericsson” учинчи, “Dell” тўртинчи ва “Samsung” ширкати бешинчи ўринни эгаллаган.

*** *** ***

Техас штатининг Остин шаҳрида Америка ва европалик қутбшунос олимлар анжумани бўлиб ўтди. Йиғилиш сўнггида эълон қилинган баёнотда Антарктикада Амундсен денгизида Техас штати ҳудудига тенг ҳажмдаги муз қатлами юпқалаша бошлагани маълум қилинган. Ер сунъий йўлдошидан олинган фотосуратларни таҳлил қилиш натижасида қалинлиги уч километр 200 метрдан кўпроқ бўлган муз қатлами юпқалаша бошлагани аниқланган. Музлик қанчалар тез эриётганини аниқлаш учун кўпроқ тадқиқот ўтказиш лозимлиги айтилмоқда.

Олимлар фикрича, Антарктика музлигининг эришига илиқ шамол ва илиқ сув оқими сабаб бўлмоқда. Амундсен денгизи ва унга туташ ҳудудлар музликлари эриса, денгизда сув сатҳи олти метргача кўтарилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.





*** *** ***

Глобал иқлим исишига қарши кураш масаласи Буюк Британия сиёсатида кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланди. Айни пайтда Буюк Британия маликаси Элизабет қироллик оиласига тегишли биноларда қандай қилиб энергияни тежаш масаласини кўриб чиқмоқда.

Бэкингэм саройи матбуот вакилининг айтишича, Буюк Британия қироллик оиласи глобал иқлим исишининг олдини олишга ҳисса қўшиш мақсадида саройлардаги фойдаланилмаётган электрон асбобларни токдан суғуриш ва йўлаклардаги ортиқча чироқларни ўчириш ҳақида кўрсатма берган. Шунингдек, Виндзор саройини электр билан таъминлаш учун Темза дарёсига турбина ўрнатиш режаси ҳам ишлаб чиқилган. Қироллик оиласига хизмат қилувчи “Bentley” ва “Rolls-Royce” лимузин автомобиллари камроқ ёнилғи сарфлашга мослаштирилган. Малика Элизабетнинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филип эса Лондонда газ билан юрадиган автомобилдан фойдаланмоқда. Шаҳзода Чарлз эса шахсий самолёт ва вертолётда учишдан воз кечиб, оммавий транспорт ва биодизелда ишлайдиган автомобилда юришни ваъда қилган.

*** *** ***

Дунё давлатларида энергияни тежаш мақсадида люминисет чироқлардан кенг фойдаланилмоқда. Бироқ олимлар бундай чироқлар ишдан чиққандан кейин унинг таркибидаги симоб одамлар саломатлиги ва атроф-муҳитга таҳдид солиши мумкинлиги хусусида огоҳлантирмоқда.

Маълумотларга кўра, 2006 йилда фақат АҚШнинг ўзида 150 миллион дона люминисент чироқ сотилган. Мутахассислар бу чироқларнинг аксари куйганидан кейин чиқиндига чиқариб юборилишидан хавотир билдирмоқда. Атрофга тарқалган симоб одамнинг асаб тизими, буйраги ва жигарини шикастлаши, шунингдек, катта миқдордаги симоб билан заҳарланган одам ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Атроф-муҳит симоб билан заҳарланишининг олдини олиш мақсадида АҚШнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги, люминосент лампалар ишлаб чиқарувчи компаниялар ва электрон маҳсулотлар сотадиган дўконларда куйган чироқларни топшириш мумкин бўлган жойлар ташкил этилди. Айни пайтда хусусий ширкатлар ҳам таркибида симоб бўлган куйган чироқларни қайта ишлашни йўлга қўйган. Атроф-муҳит ҳимоячилари аҳолини куйган чироқларни махсус жойларга топшириш борасида тарғибот олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG