Линклар

Ўзбек жангарилари талофатлари ортмоқда

  • Ҳасанжон

Покистоннинг Жанубий Вазиристон вилоятида маҳаллий қавмлар лашкарлари ва хорижлик жангарилар, хусусан, Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

Мустақил ахборот агентликлари хабарига кўра, жума кунги тўқнашувлардан кейин Шин Варсоқ ва Захундай аҳоли пунктлари қавмлар назоратига ўтган. Отишмалар пайтида бир неча жангари ўлдирилган.

Покистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари генерал Воҳид Аршод “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Вазиристондаги тўқнашувлар давом этаётгани, жума кунги тўқнашувлардан кейин бир неча қишлоқ қавмлар назоратига ўтгани айтди.

“Вазиристонда маҳаллий қавм вакиллари ҳарбий амалиётлар ўтказяпти. Жума куни улар бир неча қишлоқни хорижий жангарилардан тозалашга муваффақ бўлди”, – деди Покистон армияси генерали.

Маҳаллий қавмлар хорижлик жангариларга ўз ҳудудларидан фойдаланишга рухсат бермаслик ҳақида Покистон ҳукумати билан келишув имзолаган.

В.Аршоднинг айтишича, шу келишувга мувофиқ маҳаллий қавмлар хорижликларни Вазиристондан чиқариб юборишга ҳаракат қиляпти.

Ўзбек жангарилари етакчиси Т.Йўлдош Вазиристоннинг қайси минтақасида экани маълумми, деган саволга В.Аршод: “Йўқ, унинг қаердалиги ҳозирча аниқ эмас. Икки-уч ҳафта олдин одамлар уни Вазиристонда кўргани ҳақида маълумотлар бор. Ҳозир унинг қаердалиги маълум эмас”, - деб жавоб берди.

“Озодлик” радиосининг Покистондаги мухбири Сайид Фаридун Иброҳимнинг таъкидлашича, ҳозир Т.Йўлдош Жанубий Вазиристон ҳудудида яширинган.

“Шимолий ва Жанубий Вазиристондаги манбалардан олинган тасдиқланмаган хабарларга кўра, Т.Йўлдош ҳозир Жанубий Вазиристон ҳудудида. Аммо унинг айнан қаердалиги маълум эмас. У ҳозиргача қўлга олингани йўқ. У ўз тарафдорларига бошчилик қиляпти. Маҳаллий қавм вакиллари эса уларга қарши қуролли курашни давом эттиряпти”, - деди мухбир.

Покистон расмийларининг сўзларига кўра, 19 мартдан бери давом этаётган қуролли тўқнашувларда тахминан 250 хорижлик жангари ўлдирилган. Уларнинг аксарини ўзбек жангарилари ташкил этади.

“Биз Тоҳирнинг 500- 600 жангариси борлигини айтган эдик. Ҳозир улардан 300-350 таси тирик бўлиши мумкин”, - деди генерал Воҳид Аршод.

Жанубий Вазиристон расмийларининг маълум қилишича, жума кунги тўқнашувларда хорижлик жангарилар маҳаллий кучлар қўмондони Шержоннинг уйига ҳужум қилиб, унинг укаси ва икки қариндошини ўлдирган. Ҳужум пайтида Шержоннинг ўғли ва жияни яраланган. Шунингдек, жангарилар Шержоннинг икки уйини ёқиб юборган.

“Озодлик” радиоси мухбирининг таъкидлашича, Вазиристонда жума ва шанба куни содир бўлган тўқнашувларда 30дан ортиқ жангари ўлдирилган.

“Бугун, яъни 7 апрель куни 10 одам ўлдирилди. Жума кунги тўқнашувларда эса 22 жангари йўқ қилинган эди. Жума ва шанба кунги тўқнашувлар оқибатида талафотлар сони жами 32 кишини ташкил этди”, - дейди “Озодлик” радиосининг Покистондаги мухбири Фаридун Иброҳим.
XS
SM
MD
LG