Линклар

Икки эди, уч бўлди

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонда 21 январдан бери ҳибсда сақланиб, транспорт прокуратураси томонидан тергов қилинаëтган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниëзова иши юзасидан тергов жараëни тугагани маълум бўлди.

“Тергов тугади. Ҳозир суд материаллар билан танишаëтган экан. Бизга айтишларича, Умидага учта модда бўйича айблов қўйилибди. Илгари иккита айблов бор эди”, - деди журналистнинг укаси Рустам Ниëзов.

Шу пайтгача У.Ниёзовага чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва контрабанда айблари қўйилаётган эди. Транспорт прокуратурасидаги манбанинг “Озодлик”ка билдиришича, энди унга Жиноят кодексининг 244-1-прим моддаси бўйича янги айблов илгари сурилган.

Бу моддага кўра, “диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ëки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ëхуд аҳоли орасида ваҳима тарқатадиган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, агар бу ҳаракат диний ташкилотлар, чет эл давлатлари ва фуқароларидан олинган молиявий ëки бошқа моддий ëрдамдан фойдаланиб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

У.Ниëзова аввалига ўтган йилнинг 21 декабрида Бишкекдаги анжумандан қайтиб келаëтганида Тошкент аэропортида ушланиб, қаттиқ текширувдан сўнг қўйиб юборилган эди. Шундан кейин у ўз тақдиридан хавотирланиб Қирғизистонга чиқиб кетди ва БМТ қочқинлар идорасида қочқин мақоми сўровчи сифатида рўйхатга олинди.

Шу йилнинг 21 январида эса У.Ниëзова номаълум тарзда Қирғизистондан бедарак йўқолди. 26 январь куни У.Ниëзованинг Тошкент шаҳри транспорт прокуратурасида экани маълум бўлди.

Ўтган йил 21 декабрда “Озодлик”ка интервью берган У.Ниëзова ўзига қўйилган айблар “бўҳтон” эканини айтганди.

“Бу гаплар ҳаммаси бўҳтон. Улар контрабанда, деб айтаëтган компьютер менга тегишли шахсий мулк. Компьютерда ҳеч қандай аксилконституциявий материаллар йўқ”, - деган эди журналист.

Айни пайтда “Ҳьюман райтс уотч”, “Халқаро амнистия”, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотлари ва халқаро ПЕН-клуб У.Ниёзованинг озод этилишини талаб қилиб чиқди.

Андрей Битов, Вольф Бирман, Гиви Маргилашивили, Шавкат Абдусаломов, Андрей Глюксман каби таниқли арбоблар ҳам У.Ниëзова озод қилинишини сўраб, Ўзбекистон президенти номига мактуб жўнатди.

32 ёшли У.Ниёзова Москвадаги Экстремал журналистика маркази ва “Оазиз” журналининг Ўзбекистондаги мухбири бўлган, ҲРУнинг Тошкентдаги ваколатхонасида таржимон бўлиб ишлаган.
XS
SM
MD
LG