Линклар

“Оила кодекси”даги янги ўзгартириш


Ўзбекистоннинг амалдаги “Оила кодекси”га киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда никоҳланувчи шахслардан бири ўзида таносил касаллиги ёки одам иммунитети танқислиги вируси борлигини яширса, бундай никоҳ суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилади.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги нотариат, фуқаролик ҳолатларини ёзиш ва адвокатура бошқармаси бошлиғи Дилбаҳор Ёқубова “Оила кодекси”нинг 49-моддасига киритган ўзгартишни изоҳлар экан: “Кодекснинг бу моддаси никоҳни бекор қилиш масаласига оид. Никоҳланувчилардан бири касалликни, айниқса, СПИД, заҳм касалликларини яширган бўлса, қонун бўйича жавоб берарди. Ана ўша пайтда никоҳ бекор қилинарди. Янги киритилган ўзгартириш никоҳни ҳақиқий эмас, деб топиш масаласида. Оила қуришда никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ўтказилади. Лекин шунақа ҳолатлар борки, СПИД, заҳм каби касалликларга чалинган бўлса, яширишади. Айни ўша пайтда никоҳ суд орқали бекор қилинади”, - деди.

Никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши Ўзбекистонда 3 йилдан буён амал қилади. Бу борада “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш низоми” ҳам мавжуд.

Яъни никоҳдан ўтишни хоҳловчилар, аввало, тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлади. Бу пайтда фуқаролар хавфли ва юқумли ҳисобланган бешта касаллик бўйича тиббий текширувдан ўтиши керак.

“Булар наркологик, руҳий, таносил, сил ва СПИД касалликларидир. Айни шу касалликлар бўйича тиббий кўрикдан ўтилади”, - дейди Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Эркиной Пардаева.

Унинг сўзларига кўра, шу пайтгача бу касалликлар аниқланган тақдирда ҳам фуқаролар никоҳни рад қилмаган. “Оила кодекси”даги янги ўзгартишда айнан шу жиҳатга эътибор қаратилган.

“Шу касаллик аниқлангандан кейин ҳозирги вақтда никоҳлар бекор қилинмайди. Никоҳланувчи шахслар бундай никоҳни рад қилмайди. Энди янги ўзгартиришдан кейин бундай ҳолатда, яъни хавфли касалликлар аниқланган тақдирда никоҳни қайд этмаслик, қайд этилган тақдирда ҳам хақиқий эмас, деб топиш мумкин бўлади. Ўтган йили вилоятда умумий қайд қилинган никоҳлар сони 13 минг 841 та. Тиббий кўрикдан ҳаммаси ўтган. 54 нафарида хавфли касалликлар аниқланди. Шундан 40 таси руҳий касаллик, 7 таси наркоман, 6 таси сил касали, биттаси ОИТС касаллиги билан оғригани аниқланди, декин уларнинг ҳеч бири никоҳни рад этмаган”, - деди Э.Пардаева.

Э.Пардаеванинг айтишича, буларнинг аксарияти аввалдан шаръий никоҳда яшаб келаётган ва эндиликда никоҳларни қонунийлаштиришни хоҳлаган.
Сурхондарёда ўтган йили 13 мингдан зиёд никоҳ қайд қилинган бўлса, 127 оила ажралиб кетган.

Кузатувларга кўра, никоҳланувчилар ҳар доим ҳам тиббий кўрикдан ўтавермайди. Шунга қарамай, никоҳлар қайд қилинмоқда.

“Кўпчилик тиббий кўрикдан ўтишга эътибор бермайди. Бунинг натижасида турмуш қургандан кейин сал ўтиб ажрашиб кетишлар кўп бўляпти. Ёки фарзанди бўлмаслиги, аксарият ҳолларда ногирон фарзандлар туғилиш ҳоллари кўп учраяпти. Агар никоҳдан аввал тиббий кўрикдан ўтилса, касаллликлар аниқланса, ногирон фарзандлар туғилиши камайган бўларди”, - дейди Наргиза исмли қиз.

Мамлакатда никоҳ ёшига етмай турмуш қуриш ҳолати ёки кўпхотинлик ҳолатларида шаръий никоҳ асосида яшаб келаётганлар ҳам кўп. Табиийки, бундай ҳолатларда фуқаролар тиббий кўрикдан ўтмайди.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган уч йил давомида мамлакатда 414 минг фуқаро никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтган. Уларнинг бир минг 371 нафарида авлод соғлигига хавф солувчи турли касалликлар борлиги аниқланган.
XS
SM
MD
LG