Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:35

Газ ОПЕКи тузиш туғилмаган ўладиган режами


9 апрель куни Қатар пойтахти Доҳада газ экспорт қилувчи давлатлар вакилларининг форуми бошланди. Унда жаҳондаги йирик газ захираларига эга мамлакатлар жаҳон бозорида газ баҳосини мувофиқлаштириш масаласини муҳокама этмоқда.

Бўлиб ўтадиган музокараларда Россия, Эрон, Қатар, Венесуэла ва Жазоир каби йирик газ захираларига эга давлатлар вакиллари газ ОПЕКини ташкил этиш масаласини ҳам кўриб чиқиши хабар қилиняпти.

Доҳа форуми олдидан Ғарбнинг бир қанча давлатлари, хусусан, АҚШ жаҳондаги газ захираларининг 70 фоизидан ортиғини назорат қилувчи мамлакатлар иштирокида газ картели тузилиши жаҳон бозоридаги газ нархини белгилаш ва кимга қанча газ етказиш масалаларини бир томонлама ҳал қилиш имкониятини яратишидан хавотир билдира бошлади.

Кузатувчилар эса бу форум газ ОПЕКини тузишга қаратилган илк қадам бўлишини таъкидламоқда.

Шундай бўлса-да, “Qatar Gas Company” ташкилотининг исмини айтишни истамаган ходими ўз мамлакати газ ОПЕКи ташкил этилишига қарши эканини билдирди.

“Менимча, газ ОПЕКини тузиш Қатарга иш бермайди. Чунки биз мижозларимиз билан узоқ йиллик шартнома асосида ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Масалан, Япония, Корея, Ҳиндистон, Испания ва Буюк Британияга 25 йиллик шартнома асосида газ етказиб беряпмиз. Бундан ташқари, янги лойиҳа миллиардлаб доллар сарфлашни талаб қилади. Газ импорт қиладиган мамлакат эса газ қабул қилиб оладиган ускуналар қуриши керак. Бу анчага тушади. Бир сўз билан айтганда, газ ОПЕКини тузиш амалга ошмайдиган режага ўхшайди”, - деди суҳбатдош.

Февраль ойида араб дунёсининг бир неча давлатларига сафар уюштирган Россия президенти Владимир Путин улар билан газ ОПЕКи масаласини ҳам муҳокама қилганди.

“Россия раҳбари бундан икки ой олдин Доҳада бўлиб, газ ОПЕКини тузиш таклифини киритганда раҳбарларимиз бунинг иложи йўқлигини маълум қилган эди. Ҳозирча мен форумда қатнаша олганим йўқ. Бу ердаги ҳамкасбларимиз ҳам газ ОПЕКини тузишнинг иложи йўқлигини айтяпти. Ҳар ҳолда биз бу режани қўллаб-қувватламаймиз”, - деди “Qatar Gas Company” вакили.

Россиялик мустақил кузатувчи Виталий Портников эса газ ОПЕКи тузишнинг ортида бошиданоқ сиёсий мақсадлар ëтганини айтади. Бироқ бундай ташаббус билан чиққан Россия президенти В.Путин ва Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот охир-оқибат ўз хаëлпарастлигининг қурбонига айланиши мумкин.

“Сиëсий қарашлари бир-бирига ўхшаш Москва ва Теҳрон раҳбарлари узоқни кўра олмасликлари қурбони бўлди. Доҳада кўраëтганимиз гапимизнинг далилидир. Россия раҳбарининг ҳам, Эрон раҳбарининг ҳам баëнотларига жиддий қараш керак эмас. Бу одамлар гапиришга гапириб қўяди-да, у ëғига жавоб бера олмайди. Бу икки раҳбарнинг баëнотидан кейин газ мутахассислари ҳеч қандай газ ОПЕКи тузилмаслигини айтган эди. Мазкур тахминлар ўз тасдиғини топмоқда”, - деди Виталий Портников.

Лекин айрим кузатувчилар газ ОПЕКи тузиш ташаббуси амалга ошмайдиган орзу эмаслигини ҳам айтмоқда. Агар шундай ташкилот тузилса, жаҳон бозорида газ нархини мувофиқлаштириш истиқболлари пайдо бўлади. Бу эса, кузатувчилар фикрича, газ захираларига бой мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонни ҳам сармоя ётқизиш учун жозибали давлатлар қаторига қўшиши мумкин.
XS
SM
MD
LG