Линклар

logo-print

Қозоқлар биринчи, ўзбеклар яна энг орқада

  • Фаррух Юсуфий

Ўтган йили МДҲ мамлакатлари ўртасида Қозоғистон банк тизими ривожи бўйича энг илғор давлат бўлди. Ўзбекистон эса бу борада МДҲ мамлакатлари ўртасида энг охирги ўриндадир.

“Коммерсант” газетасида бу ҳақда эълон қилинган мақолада ёзилишича, 2005 йилда Ўзбекистон банклари активлари мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 37 фоизини ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 34 фоизга тушиб қолган.

Мақола муаллифи, “Интерфакс” агентлиги ҳузуридаги Иқтисодий таҳлил маркази бош эксперти Алексей Буздалин МДҲ мамлакатлари банк тизимлари ривожига оид кузатишлари қандай омилларга асослангани ҳақида гапириб: “Халқаро тажрибада бирор мамлакатнинг миллий банк тизими ривожланиш даражасига баҳо беришда бу мамлакат банкларидаги активлар ялпи ички маҳсулот ҳажмига қиёсланади. Ўзбекистон бўйича кўрсаткичлар эса, афсуски, салбий тенденцияга эга. Ўзбекистон Марказий банки 2004 ва 2005 йилларда кредитлар миқдори бўйича эълон қилган кўрсаткичларни оладиган бўлсак, бу ерда кўрсаткичларнинг пасайганини кўриш мумкин, 2006 йилда ҳам пасайиш давом этган. Афсуски, МДҲ мамлакатлари ичида Ўзбекистон банк тизими ривожи кўрсаткичлари ортга кетаётган ягона мамлакат, дейиш мумкин. Масалан, Озарбойжонда ҳам бу кўрсаткич бироз пастга қараб кетган. Лекин Озарбойжонда кейинги бир йил ичида ялпи ички маҳсулот ҳажми мисли кўрилмаган даражада ўсган ва банклар иқтисоднинг бунчалик ўсиш суръатларига ета олмаяпти. Ўзбекистонда эса бу кўпроқ банк муаммолари билан боғлиқдир”, - деди.

МДҲ мамлакатлари орасида банк тизими ривожланиш кўрсаткичлари паст бўлиши мумкин бўлган Туркманистон ҳам бор, лекин бу мамлакат бўйича маълумотлар мутлақо йўқлигини қўшимча қилди таҳлилчи.

Ўзбекистон банкларидан бирининг ўзини Нозим, деб таништирган ходими “Коммерсант” газетасида Ўзбекистон банклари ривожланиш бўйича энг охирги ўринга қўйилганини ўзбек банклари бўйича маълумотлар деярли йўқлиги билан изоҳлайди.

“Ўзбекистондаги банк тизими бўйича маълумотлар давлат сири ҳисобланади, шунинг учун банкларимизнинг фаолиятига берилган бундай баҳони ишончли, дейиш қийин”, - дейди Нозим.

А.Буздалин ҳам Ўзбекистондаги банклар бўйича маълумот олиш қийинлигини эътироф этади ва ўзи берган баҳо мутлақ Ўзбекистон Марказий банки эълон қилган маълумотларга асосланганини айтади.

Афсуски, дея хулоса қилади А.Буздалин, бу маълумотлар ҳам яқин келажакда Ўзбекистондаги банк тизимининг сезиларли даражада ривожланишига ишорат қилмаяпти.

“Албатта, олдиндан айтиш қийин, чунки бунинг маълум иқтисодий сабаблари бор. Бошқа томондан эса, масалан, Қозоғистонни оладиган бўлсак, мамлакат раҳбариятининг сиёсий иродаси, яъни сўнгги бир йил ичида олиб борилган жиддий иқтисодий ислоҳотлар туфайли, Қозоғистондаги банк тизимининг мисли кўрилмаган даражада ривожланганини кўриш мумкин. Ўзбекистон ҳукумати сиёсий ирода кўрсата олдими-йўқми, бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман, лекин охирги икки-уч йилдаги кўрсаткичларнинг пасайиш тенденциясини эътиборга олсак, жорий йилда ҳам, 2008 йилда ҳам ўзбек банкларидаги муаммоларни ечиш мумкин, дейишга асослар йўқ”, - деди А.Буздалин.
XS
SM
MD
LG