Линклар

logo-print

Эрон ўз амбицияларини яширмаяпти

  • Ҳасанжон

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Натанздаги уранни бойитиш заводида қилган чиқишида ядро ёнилғиси мамлакатда саноат кўламида ишлаб чиқарилишини эълон қилди.

“Мен шуни ғурур билан эълон қилмоқчиманки, севикли ватанимиз бугундан бошлаб саноат кўламида ядро ёнилғиси ишлаб чиқарувчи мамлакатлар қаторига қўшилади”, - деди президент.

У дунё давлатларини Эроннинг уранни бойитиш ҳуқуқини тан олиш ва унга тўсқинлик қилмасликка чақирди.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Оқ уй Эрон расмийлари баёнотидан “чуқур ташвиш”да эканини айтди.

Давлат департаменти расмий вакили Шон МакКормак эса Теҳроннинг уранни бойитиш ишларини давом эттириш ҳақидаги қарори Эрон халқига “қимматга тушиши мумкин”лигини билдирди.

“Улар, яъни эронликлар уранни бойитиш билан боғлиқ фаолиятни ҳозирча тўхтатмасликка қарор қилди. Бу Эрон халқига қимматга тушиши мумкин. Афсуски, бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Чунки вазият шундай давом этса, Эрон билан бизнес шартномалари имзоланмайди, савдо алоқалари тўхтайди, Эрон иқтисодиётига сармоялар ётқизилмайди”, – деди Давлат департаменти вакили.

Европа Иттифоқи ҳам Эронни уранни бойитиш ишларини тўхтатишга даъват қилди. БМТ бош котиби Пан Ги Мун эса Теҳрон расмийларини БМТнинг бу борадаги талабини бажаришга чақирди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Эрон уранни саноат кўламида бойитишга киришгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирар экан: “Биз ўз каналларимиз, жумладан, Атом энергияси халқаро агентлигининг Эронда ишлаётган мутахассислари билан мулоқот орқали вазиятга аниқлик киритишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозирча янги каскадларда уранни бойитиш ишлари бошланганини тасдиқловчи далилга эга эмасмиз”, - деди.

Эрон бойитилаётган урандан фақат энергия ишлаб чиқариш учун фойдаланилишини таъкидламоқда. Бироқ Ғарб давлатларида кўпчилик Теҳрон расмийлари яширин равишда атом қуроли яратаётган бўлишидан хавотирда.

Эрон расмийлари Натанздаги ядровий объектга уранни бойитишда ишлатиладиган уч мингта центрифуга ўрнатилганини маълум қилди. Эроннинг Атом энергияси агентлиги раҳбари Ғулом Ризо Оғазода мамлакатда 50 мингтагача центрифуга машиналари ўрнатилиши мўлжалланганини айтди.

Мутахассислар фикрича, агар Эроннинг бу иддаоси тўғри бўлса, у ҳолда мамлакат ядровий соҳада жиддий ютуққа эришган.

БМТнинг собиқ инспектори Давид Олбрайтнинг таъкидлашича, уч мингта центрифуга ёрдамида бир йилда ядровий каллак тайёрлаш мумкин.
XS
SM
MD
LG