Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:15

Оқсарой ЕХҲТни писанд қилмаяптими? Моратинос Тошкентга келяпти


10 апрель куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Испания ташқи ишлар вазири Михел Анхел Моратинос Марказий Осиë бўйлаб сафар бошлади.

У Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон расмийлари билан музокаралар ўтказади.

Яқинда АҚШнинг ЕХҲТдаги вакиласи Жулия Финлей “Озодлик”ка берган интервьюсида Ўзбекистон билан ЕХҲТ ўртасидаги муносабат илиқлашиб бораëтганини билдирган эди.

Афтидан Михел Анхел Моратиноснинг Ўзбекистон сафари шу баëнотнинг ўзига хос иловаси кўринади.

“Биз 12 апрель куни соат 14:00 да Ўзбекистонга борамиз. Тошкентга қўнишимиз билан Ташқи ишлар вазирлигига йўл оламиз. У ерда жаноб Норов билан учрашув ўтказамиз. Ундан кейин Оқсаройда президент Ислом Каримов билан ҳам учрашув кутиляпти. Эртасига, яъни жума куни парламент раиси билан кўришамиз. Худди шу куни соат 14:00 да Тошкентни тарк этамиз”, - деди Моратиносга ҳамроҳлик қилаётган матбуот хизмати вакили Сантиаго Ҳименез.

“Биз МО давлатлари ичида Ўзбекистонни алоҳида таъкидламаган бўлар эдик. Биз учун ҳар бир республикага қилган сафаримиз муҳим ҳисобланади”, - дея қўшимча қилди Испания Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими.

Унинг сўзларига кўра, Михел Анхел Моратинос Ўзбекистондаги фуқаровий жамият вакиллари билан учрашишни режалаштирган. Лекин ким билан учрашади ва қаерда - бу вазирга боғлиқ.

Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Васила Иноятова ЕХҲТга ўз пайтида раислик қилганларнинг аксарияти билан учрашишга муваффақ бўлганлардан бири. У бу сафар ҳам ташкилот вакиллари билан учрашувга таклиф этилганини айтди. Шунга қарамай, В.Иноятова ЕХҲТ расмийларига қанчалик мурожаат қилмасин, унинг саволлари жавобсиз қолганини билдирди. У бу сафар ҳам ўша саволларини қайтариш ниятида.

“Ўзбекистон ЕХҲТга аъзо бўлгандан кейин ўзига олган мажбуриятларини бажаряптими? Агар бажараëтган бўлса, ҳал бўлмаëтган муаммолар, инсон ҳуқуқларининг топталиши, халқаро ҳужжатларнинг бузилаëтганига нима дейсиз? Агар бажарилмаëтган бўлса, ташкилотнинг расмий Тошкентга муносабати қандай? Бу каби саволлар билан бир неча йиллардан буëн уларга мурожаат қиламан. Лекин бирорта одам шу саволларга жавоб бермаган. Бу ташкилот Ўзбекистон раҳбариятидан шу даражада қўрқадики¸ ҳаттоки мана шу мажбуриятларни эслатишга ҳам қодир эмас. Ëки Ўзбекистон ҳукумати шу даражада ривожланиб кетганмики, мана шундай жиддий ташкилотни назар-писанд қилмаса”, - дейди В.Иноятова.

Сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, гарчи кейинги пайтда президент Каримов Ўзбекистоннинг ЕИ билан муносабатларини яхшилаш тарафдоридек кўринса-да, бу борада Тошкентда аниқ сиëсат йўқ.

“Агар ЕХҲТ вакиллари учрашишга муваффақ бўлсам, авваламбор Ўзбекистон ҳукумати ўз гапининг устидан чиқиши лозимлигини айтардим. Биринчи навбатда, Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган уч сиëсий маҳбус аëл - саккиз ойлик фарзанднинг онаси Гулбаҳор Тўраева, икки яшар боланинг онаси Умида Ниëзовани озодликка чиқариб юбориши ëки уларнинг делегация вакиллари билан учрашувини уюштириш кераклигини, шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъқиб қилиниши тўхтатилишини айтардим”, - дейди Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG