Линклар

Туркман мухолифати етакчисидан айрилди

  • Абдулла Искандар

Туркман мухолифати етакчиси, Туркманистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Авди Қулиев 71 ёшида Норвегияда вафот этди. 8 апрель куни ошқозонидан операция қилинган А.Қулиев амалиётдан сўнг ўзига келмай, 9 апрелдан 10 апрелга ўтар кечаси оламдан ўтди.

А.Қулиев мустақил Туркманистонниннг биринчи ташқи ишлар вазиридир. Туркманбошининг мустабид сиëсатига қарши чиқиб, у мамлакатнинг муҳожиратдаги мухолифатига асос солди ва яқингача “Бирлашган туркман мухолифати” ҳаракатига раҳбарлик қилиб келди.

Туркманистоннинг Республика партияси етакчиси Нурмуҳаммад Ҳанамов ватанга қайтиш умиди билан яшаган Авди оға армон билан бу дунëни тарк этганидан қайғуда.

“Абди оға Туркманистондаги йирик амалдорлар орасида биринчилардан бўлиб мухолифатга кирган эди. 14-15 йил давомида мухолифат сафларида бўлиб, мамлакатда демократия ва эркинлик қарор топиши учун тинмай курашди. Абди оға бугун орамизда йўқ. Ëтган ерлари ëғдуга тўлсин”, - деди Н.Ҳанамов.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази вакили Виталий Пономарёв А.Қулиев туркман мухолифатининг тимсоли эканини айтади.

“Авди Авезович бутун борлиғи билан мухолифатни тамсил қилди. У ўн йиллар давомида туркман мухолифати саҳнасида асосий лидер бўлиб турди”, - дейди В.Пономарёв.

Ўзбекистондаги “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ Абди Қулиев Марказий Осиëдаги сиëсатчилар учун ўрнак бўладиган шахс эканини эътироф қилади.

“Авди Қулиев ўз сиëсий қарашлари боис мансаб курсисидан воз кеча олган жасур шахс эди. Бундай жасоратли сиëсатчини ҳозир топиш мушкул”, - деди М.Солиҳ.

А.Қулиев ҳар доим Туркманистонга қайтиб боришни орзу қилган ва бу орзуси йўлида дадил қадамлар ҳам қўйган эди.

1998 йил апрелда Туркманистоннинг ўша пайтдаги президенти Сапармурод Ниëзовнинг АҚШга сафари арафасида А.Қулиев Туркманистонга қайтди.
Мазкур сафарда А.Қулиевга ҳамроҳлик қилган В.Пономарёв бу ўта дадил ва хавфли қадам бўлганини эслайди.

“1998 йилги бу сафарда мен у билан бирга эдим. Бу жуда дадил қадам эди. Авди Қулиевга нисбатан Туркманистонда бир неча жиноят иши очилган эди. Аммо ўша пайтда туркман мулозимлари Авди Қулиевни қамоққа олишдан қўрқди ва уни Москвага қайтиб келишга мажбур қилди”, - дейди В.Пономарёв.

Ана шундан кейин А.Қулиев доимо тазйиқлар остида яшади. 2003 йилда у Москвада қаттиқ калтаклаб кетилди.

“2003 йилда Туркманистон махсус хизматлари Авди Қулиевга тажовуз уюштирди. У Москва атрофидаги Химки шаҳридаги уйи ëнида калтакланди. Калтаклар асоратидан Авди Қулиевнинг кўзи ожиз бўлиб қолди”, - дейди В.Пономарёв.

Ана шундан кейин Авди Қулиев Россияни тарк қилди ва Норвегиядан сиëсий бошпана олди.

Агар узоқ вақт дарë бўйида сабрсизлик билан кутсангиз, душманингизнинг жасади бир куни оқиб ўтади, деган эди Хитой файласуфи Конфуций.

Ўтган йил 21 декабрда Туркманистон президенти С.Ниëзов оламдан ўтди. Туркманистонда адолат тикланишига умид пайдо бўлди. Шу йилнинг январь ойида А.Қулиев Турманистонинг Венадаги элчихонасига мурожаат қилиб, Ашхободга қайтиш учун рухсат сўради.

Туркманистоннинг ислоҳотлар қилишга тинмай ваъда бераётган янги раҳбарияти 71 ёшли мухолифат лидерининг Туркманистонга келишини тақиқлади.

Бу тақиқ баробарида Авди Қулиевнинг саломатлиги ëмонлашди. Умри поëнига етаëтганини билган А.Қулиев ҳеч бўлмаса, жасади Туркманистонга кўмилишини васият қилди. Авди Қулиевнинг рафиқаси Татьяна Қулиева бу борада Туркманистон раҳбариятига мурожаат қилди.

Туркман мухолифатчисининг сўнгги тилаги амалга ошиш ëки ошмаслиги расмий Ашхобод иродасига боғлиқ бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG