Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:23

Халқ лашкарлари хорижий жангариларни қувиб чиқармоқда


Покистоннинг Жанубий Вазиристон вилоятида бир ойдан буён давом этаётган жанглардан сўнг маҳаллий қавм вакилларидан иборат лашкарлар бир неча аҳоли пунктини хорижий жангарилардан тозалади.

Покистонда инглиз тилида чоп этиладиган “News” газетасининг Пешавор бюроси раҳбари Беҳруз Хоннинг билдиришича, Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош ва унинг тарафдорлари Жанубий Вазиристондаги ўзлари учун асосий база ҳисобланган Аъзам Варзоқ, Шин Варзоқ, Калуша ва бошқа аҳоли пунктларидан ҳайдаб чиқарилган.

Покистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари генерал Воҳид Аршод “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Жанубий Вазиристонда 9 апрель кунги жанглардан кейин бир неча аҳоли пункти маҳаллий қавмлар назоратига ўтгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

“Ҳа, Вазир Варзоқ, Шин Варзоқ хорижий жангарилардан тозаланди. Минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида муҳим позицияларни ҳарбийлар эгаллади”, - деди генерал.

“Менда Тоҳир Йўлдошнинг қаердалиги тўғрисида маълумот йўқ. Мен Тоҳир Йўлдош ва тарафдорлари қайси йўналишда чекингани ва қаердалигини тасдиқловчи маълумотга эга эмасман”, - дея қўшимча қилди Воҳид Аршод.

Покистонлик журналист Беҳруз Хон ҳам Тоҳир Йўлдош ва тарафдорлари қаерга яширингани ҳақида аниқ маълумот топиш имконсиз эканини айтди.

“Тоҳир Йўлдош ҳозир қаерда экани маълум эмас. Уруш бошланган пайтда айрим манбалар унинг Шимолий Вазиристонга борганини иддао қилган эди. Менимча, Тоҳир Йўлдош жангариларнинг муҳим бошлиғи бўлгани учун бир жойда узоқ вақт қолиши ўзи учун хатарли эканини билади. Шу боис, у бир жойдан бошқасига тез-тез кўчиб юради. Биздаги маълумотга кўра, у минтақани тарк этмаган. Аммо у Покистон ҳудудидами ёки Афғонистон томонга ўтганми, буниси аниқ эмас. Айрим манбалар Тоҳир ва тарафдорлари Покистоннинг Балужистон вилоятидагилар билан алоқага эга эканини иддао қилмоқда. Унинг ўша ердан бошқа хоҳлаган жойига кетган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас”, - деди журналист.

Генерал Воҳид Аршод Жанубий Вазиристонда кенг кўламли жанглар тугаганини маълум қилди.

“Қабилалар хорижлик жангариларни минтақадан ҳайдаб чиқаришга бел боғлаган. Шу боис, уларнинг минтақада қолиши жуда қийин”, - деди генерал.

Бироқ журналист Беҳруз Хон фикрича, Вазиристондан фақат исталмаган жангарилар сиқиб чиқарилади. Бошқалари эса минтақада қолаверади.

“Шимолий ва Жанубий Вазиристонда ҳозир хорижлик жангарилар бор ва менимча, улар бундан буён ҳам бўлади. Ҳозир минтақада араб, чечен, туркман ва бошқа миллатга мансуб жангарилар бор. Аммо Тоҳир Йўлдош ва тарафдорлари минтақадан ҳайдаб чиқарилади”, - деди журналист.
XS
SM
MD
LG