Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:51

Амалдорлар шикоятчиларга ён бермайдиган кўринади


Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 7-мавзеда яшовчи фуқаролар ўз уйлари яқинида сил ва тери-таносил касалликлари диспансерлари қурилиши режасидан норозилик билдирмоқда.

Улар Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, шаҳар кенгаши депутати Мелкумов, Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Қурбонов ва шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасига шикоят хати ҳам йўлланган.

“Бизнинг мавзеда яшовчиларнинг барчаси уйимиз олдида сил ва тери-таносил касалликлари диспансерлари қурилишидан норози. Дарахтларни кеса бошлашди. Бормаган жойимиз қолмади”, - дейди 7-мавзеда яшовчиси Татьяна Давлатова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Чилонзор туманига ўтган асрнинг 60-йилларида кўчиб келган Алла Коноплёва бутун умр парвариш қилиниб, ободонлаштириб келинган жойлар бир зумда йўқ қилинаëтганидан дардини кимга айтишни билмаслигини гапирди.

“Болалар ва биз учун бу ерлар дам оладиган жой ҳисобланар эди. Энди эса 42 ва 37-уйлар ўртасида сил касаллиги диспансери қурилмоқда. Тўғри, ҳали қурилиши бошланмади-ку, аммо диспансер қад кўтарилиши кутилаëтган ҳудуд темир панжаралар билан ўралган. Аҳоли яшайдиган уйга яқин жойда бундай диспансерлар қурилиши керак эмас-ку!? Одамлар ўзи ҳаво етишмаслигидан, аллергиядан қийналаëтган бўлса-ю, устига-устак юқумли касаллар диспансери қурилса-я”, - деб эътироз билдиради А.Коноплёва.

Чилонзор тумани ҳокимлиги девонхонаси мудири Мавжуда Исаева 7-мавзеда яшовчилар қанчалик тўполон кўтармасин, диспансер барибир қурилишини таъкидлар экан: “Тошкент шаҳар ҳокимининг 2006 йил 27 октябрдаги қарорига биноан “Global Project Management INC.” компаниясига Чилонзор туманида янги замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган тери-таносил ва сил касалликлари диспансерлари биносини 7-мавзеда ажратилган ер майдонида қуриб бериш ва беғараз фойдаланишга топшириш юклатилган. Бу қарорнинг барча меъëрларга тўғри келиши кўрсатилган. Санитария меъёр ва қоидалари тўғрисидаги ҳужжатнинг 5-бандига кўра, диспансер турар-жой биноларидан камида 15 метр масофада бўлиши лозим. Бу касаллар ëтадиган жой эмас, одамлар қатнайдиган диспансер бўлади”, - деди.

Ўзбекистон давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходими Венера Баратова жаҳон стандарти бўйича қурилаëтган бундай диспансернинг ўша атрофда яшайдиган аҳолига ҳеч қандай хавфи йўқлигини билдирди.

“Биз бу масалани ўрганиб чиқиб, уларнинг қўлига хат бердик. Лекин улар тушунишни истамаяпти. Бу жойга қатнаб даволанадиган беморлар атрофдагиларга хавф солмайди. Аксинча бунинг ўша атрофда яшайдиган аҳолига фойдаси катта бўлади. Буларнинг ҳаммаси жаҳон стандартлари бўйича қурилаëтган диспансерлар”, - деди Венера Баратова.
XS
SM
MD
LG