Линклар

Қози муттаҳам бўлса....


Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг ноҳақ қамалгани айтилаётган ўғли Ихтиёр ҳибсдан озод қилиниши учун 8 ойдан буён қилаётган ҳаракатлари бесамар кетяпти.

Жиззахдаги Алоқа технология институтининг иккинчи курс талабаси, 21 ёшли Ихтиёр Ҳамроев ўтган йилнинг август ойида майда безориликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Б.Ҳамроев ўғли унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида юритаётган фаолияти учун туҳмат асосида қамоққа ташланганини айтади.

“Ўғлим масаласи бўйича ҳақиқатни излаб, 8 ой мобайнида Ўзбекистон суд тизимларига 15 марта мурожаат қилдим. Минг афсуски, 8 ой ичида ҳам сарсон-саргардонлик давом қилиб келмоқда”, - деди Б.Ҳамроев.

Ўзбекистон Конституциясининг 14 йиллиги муносабати билан мамлакатда амнистия эълон қилинганди. Бироқ мамлакат амалиётида кузатилаётган ҳолатларга кўра, маълум тоифадаги маҳбуслар авф этилувчилар рўйхатидан тушиб қолади. Булар диний-сиёсий фаолиятда айбланиб қамалган маҳкумлардир. Аксар ҳолларда улар қамоқхона ички тартиб-қоидаларини бузганликда айбланиб, бу рўйхатга киритилмайди.

Ихтиёр ҳам икки марта қамоқхона низомини бузганликда айбланиб ўтган йилги амнистияга тушмади.

Б.Ҳамроевнинг таъкидлашича, қамоқхона низомини икки ва ундан кўп бузганлар амнистияга тушмайди. Лекин ўғлига қўйилган иккинчи айблов амнистия эълон қилинган куни қайд қилинган ва шунинг учун Ихтиёр авф қилиниши лозим эди.

“Демак айбловларнинг фақат биттаси қолади ва ўғлим автоматик равишда амнистияга тушиши керак эди. Бу ноҳақлик устидан Жиззах вилояти Дўстлик тумани судига мурожаат қилдим. Судья Мавлуда Элмуродова аввалига аризани қабул қилар экан, бу ижобий ҳал бўладиган иш экан, деб бизни яхши кутиб олди. Орадан бир-икки кун ўтгач, хабар олишга борсак, умуман бошқача муносабатга дуч келдик. У бизга ўзига бу иш бўйича юқоридан тазйиқ бўлаётганини, шунинг учун иш билан шуғуллана олмаслигини айтди ва 26 март куни хужжатларнинг барчасини қайтариб берди”, - деди Б.Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, ўғлининг иши бўйича Ўзбекистон Олий судига 5 марта мурожаат қилган. Бироқ бу мурожаатлар натижасиз қолмоқда.

Б.Ҳамроев 26 декабрь куни қамоқхона назоратчилари томонидан калтаклангани сабабли ўғлининг соғлиғи ёмонлашгани, аммо шифохонага ҳам ётқизилмаганини билдирди. Ҳозир Ихтиёрнинг саломатлиги анча яхшиланган, лекин бирибир шифохонада ётиб даволаниши керак.

Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозовнинг таъкидлашича, Ихтиёр сингари қамоқхонада қийноқларга учраётган маҳбуслар жуда кўп.

“Масалан, Мўътабар Тожибоева доимий равишда жазо изоляторида сақланмоқда. Яқинда унга нисбатан янги усул топишибди. Оғир жиноят қилган, бақувват маҳкумалардан бирини унинг камерасига бирга қўйишиб, ўша аёл ёрдамида уни қийнашмоқда экан. Санжар Умаров ҳам жазо изоляторидан чиқарилмаяпти. Унинг ёнига ҳеч ким киритилмаяпти. Умуман, барча эркин фикрли, виждон тутқунлари панжара орқасида босим ва тазйиқларга учраяпти”, - деди Б.Намозов.
XS
SM
MD
LG