Линклар

Ўзбеклар Россияда ксенофобия қурбони бўлмоқда

  • Озодлик

Россияда ирқчилик кайфиятлари тобора кучайиб бормоқда. 2007 йилнинг ўзида мамлакатда ксенофобия билан боғлиқ 49 ҳолат қайд қилинган бўлиб, уларнинг натижасида 13 киши ҳалок бўлган.

Москвадаги Инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари Александр Бродд журналистлар билан учрашувда шу рақамларни келтирар экан, асосан, озарбойжон, ўзбек, армани ва бошқа миллат вакиллари миллатчилар қурбонига айланаётганини билдирди.

“Бундан ташқари, ксенофобия кайфиятидаги адабиëтлар кўпаймоқда. Биз ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига бу ҳақда шикоят қилганмиз”, - деди А.Бродд.

Россиядек бир мамлакат тепасида ўтирганлар агар истаса, бу каби радикал оқимларнинг тагини қуритиши мумкин, деган фикрлар мавжуд.

“Ҳақиқатан ҳам тақирбошларни оталиққа олганлар бор. “Новое время” журналининг сўнгги сонида бу ҳақда очиқ ëзилган. Мақола муаллифи таъкидича, Давлат Думасида ўтирган депутатлар ўз хоналарига радикал қарашдаги инсонларни таклиф қилиб, турли тадбирлар ўтказишни муҳокама қилади. Думанинг ичида фашистлар ғоясини илгари сурувчи адабиëтлар тарқатилмоқда. Ҳалигача айрим сиëсатчилар ирқчилардан ўзининг ғараз мақсадларида фойдаланмоқда”, - дейди А.Бродд.

Сўнгги хабарларга кўра, Москвада ўзбекистонлик ва тожикистонлик икки фуқаро ўлдирилган. Ўзбекистоннинг 20 ёшли фуқароси Азимовнинг жасади Новоподмосковская тор кўчасида топилган. Шунингдек, 9 апрель куни тожикистонлик 23 ёшли Самадовнинг пичоқланган жасади ҳам топилган.

Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг ўлдириб кетилишида маҳаллий тақирбошлар гуруҳининг алоқаси борлиги тахмин қилинмоқда.

Бу билан эса 2007 йил бошидан бери Россияда миллий нафрат қурбонига айланганлар сони 52 тани ташкил этган.

Ҳозир Москвадаги қурилишлардан бирида ишлаëтган андижонлик Шавкат Россияда ксенофобия кайфияти кучайиб бораëтганига қарамай, ватанга қайтиш ниятида эмас.

“Нима бўлганда ҳам Аллоҳга таваккал қиламиз. Барибир Ўзбекистонда ҳамма нарса “каша” бўлиб кетган. У ерда қоринни тўйдира олмасак. Кўп оилалимиз. Уй қилиш керак, ëшларга уйни бўшатиб, алоҳида чиқиш керак. Тақирбошларга дуч келганимиз йўқ, худога шукр”, - дейди Шавкат.

Сўнгги 4-5 йил ичида Россиядан юзга яқин ўзбекистонликнинг тобути ватанига жўнатилган. Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячилари эса ксенофобия кайфияти кучайиб бораëтган Россияда бундай кўринишларга фақатгина ҳукуматнинг ўзи чек қўя олишини, бироқ бунинг учун заррача ҳам истак йўқдек кўринаëтганини айтади.
XS
SM
MD
LG