Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:55

“Юқори”нинг “қора рўйхат”и


Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистлар, шунингдек, эркин фикрловчи бир қанча шахслар “қора рўйхат”га киритилган бўлиб, бу рўйхатдагиларга чиқиш визаси берилмайди.

Мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов анча муддатдан буён хорижга чиқиш визасини ололмай сарсон бўлаётир.

“Мен Тошкент шаҳри Собир Раҳимов тумани ИИБ хорижга чиқиш, келиш ва қайддан ўтиш бўлимига ҳужжатларимни топширганман. Менга рад жавобини беришди. Кейин бошлиғи олдига кирганимда: “Бу нарсани биз эмас, юқори ҳал қилади, ҳатто нима учун рад жавоби берилиш сабабларини ҳам билмайман”, деди. Сўнг мен Республика хорижга чиқиш, келиш ва қайддан ўтиш бўлимига ёзма мурожаат қилдим. У ердан менга: “Сизнинг чет элга чиқишингиз мақсадга мувофиқ эмас”, деб ёзма равишда жавоб беришди”, - деди А.Турғунов.

У ўзбекистонлик эркин фикрловчи шахсларни ўз ичига олган “қора рўйхат” аслида ҳам мавжудлигини айтади.

“Ўша рўйхат, албатта, бор экан. Мен С.Раҳимов тумани ва Республика хорижга чиқиш, келиш ва қайддан ўтиш бўлимлари раҳбарлари билан шахсан учрашганимда улар бу “юқори”нинг буйруғи эканини айтади. “Юқори” кимлигини сўрасангиз бу нозик ташкилот эканини айтади. Бу нозик ташкилот Миллий хавфсизлик хизматими? Ким ундан бошқа, қанақа нозик ташкилот бор, ҳе йўқ, бе йўқ эркин фуқаронинг чет элга чиқиш ҳуқуқини паймол қиладиган!? Демак уларда шундай рўйхат борки, ўша рўйхат асосида иш олиб боради ва рўйхатдагиларга рад жавоб берилади”, - дейди А.Турғунов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам шундай “қора рўйхат” борлигига гувоҳ бўлганини айтади.

“Ички ишлар бўлимларида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг анкетаси бор. Буни “қора рўйхат”, дейиш мумкин. ИИБ раҳбарлари билан гаплашганимда улар бу рўйхат юқори ташкилотлардан келгани, номи унга тушганларга юқоридан рухсат бўлсагина чиқиш визаси берилиши мумкинлигини айтди”, - дейди С.Икромов.

Тошкентлик эколог ва ҳуқуқ ҳимоячиси Аҳтам Шоймардоновга ҳам чиқиш визаси берилмаган. У ҳам “қора рўйхат” борлигига ишонишини айтади.

“Мен ўзим сингари инсон ҳуқуқлари билан шуғулланаётган ўндан зиёд одамнинг чиқиш визаси олмаганига гувоҳ бўлдим. Масалан, Абдулла Тожибой ўғли чиқиш визаси ололмагани учун барча инстанцияларга мурожаат қилди. Уларнинг энг юқори ташкилоти чиқиш визаси берилишига МХХ рухсат бермаётганини айтган. Бизни жуда қаттиқ назорат остига олишган. Бу “қора рўйхат” бўлиши мумкин. Чунки МХХнинг шундай нарсалар билан шуғуланишдан бошқа нима иши бор”, - деди А.Шоймардонов.

Тошкент вилоятида яшовчи инсон ҳуқуқлари фаоли Улуғбек Усмонов ҳам чиқиш визаси ололмагани боис Туркияда ўтказилган ҳуқуқ ҳимоячилари семинарида қатнаша олмади.

“Менга Туркия сафарига Тошкент вилояти ИИБнинг хорижга чиқиш, кириш ва қайддан ўтиш бўлими рухсат бермади. Ҳалигача ҳужжатларимни қайтиб беришмади. Булар ҳужжатларни МХХга жўнатар экан. Агар улардан ижобий жавоб келмаса, чиқиш визаси берилмас экан. Менимча, инсон ҳуқуқлари фаоли бўлганим учун улар менга виза бермади. Бу атайин қилинган. Инсон ҳуқуқлари фаолларини чет элга чиқазмаслик уларга босим ўтказиш ниятида қилинаётган нарса, деб ўйлайман”, - деди У.Усмонов.

“Қора рўйхат” масаласига ойдинлик киритиш учун Республика хорижга чиқиш, келиш ва қайддан ўтиш ташкилотига қилинган мурожаат жавобсиз қолди.

Кейин “Озодлик” мухбири Улуғбек Усмоновга чиқиш визаси бермаган Тошкент вилояти ИИБ хорижга чиқиш, келиш ва қайддан ўтиш бўлимига қўнғироқ қилди.

“Улуғбек Усмоновми? Назоратда бўлсалар керакда. Биз бундайларга бера олмаймиз”, - деган жавоб олинди бўлимдагилардан.

Бу жавобдан кўринадики, “қора рўйхат” аслида ҳам мавжуд экан. Шу ўринда Ўзбекистон ҳукумати нега эркин фикрли инсонларнинг чет элга чиқишига тўсқинлик қиляпти, деган савол туғилади.

Айрим кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукумати бу каби шахслар хорижга чиқиш орқали мамлакатда “рангли инқилоб” қилишга тайёрланиши мумкинлигидан ҳам қўрқмоқда.

“Рангли инқилоб” масаласи мантиқдан узоқ бўлган нарса. Иккинчидан, ҳукумат чет элга эркин фикрли кишиларнинг чиқишидан қўрқади, яъни мамлакат ичкарисида бўлаётган турли найранглари дунё жамоатчилиги олдида ошкор бўлишидан хавотир олади. Учинчидан, хорижга чиқиш орқали фуқароларнинг онги ўсишидан қўрқади. Яъни одамлар чет элдаги эркинликлар, демократия ва ошкороликларни кўриб, бу ерга келгач, улардан ҳам шуларни талаб қилишидан чўчийди”, - деди Аъзам Турғунов.

Ўзбекистонда кейинги ойларда эркин фикрли шахсларга нисбатан босим ва тазйиқлар кучаяётгани кузатиляпти. Бундан кўринадики, “қора рўйхат” таркиби янада кенгайиши мумкин.
XS
SM
MD
LG