Линклар

Виктор Юшченко сиёсий бўҳрондан чиқиш мумкинлигига ишонмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Украинада икки ҳафтадан буён давом этаётган сиёсий бўҳронда қарама-қарши томонлар муроса қилишга мойиллик кўрсатган бўлса-да, унга яқин кунларда ечим топиладиганга ўхшамаяпти.

“Озодлик” радиосининг украин хизматига берган интервьюсида Украина президенти Виктор Юшченко бўҳрондан чиқишнинг ягона йўли муддатидан олдин парламент сайлови ўтказиш эканини айтди.

У бу сайлов айнан қачон ўтказилиши ҳақида тўхталмади. Айни пайтда сайловолди кампанияси расман бошланган, сайлов эса 27 майга белгиланган.

В.Юшченконинг яқин иттифоқчиларидан бири, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раиси Виталий Хайдук президент ўзининг парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан аввал сайлов ўтказиш фармонини вақтинчалик тўхтатиб туришни эҳтимолдан соқит қилмаётганини билдирди.

Бу дегани, В.Хайдукнинг айтишича, сайлов ўтказиладиган янги сана белгиланиши, шунингдек, парламентнинг муваққат ишлашига йўл очиб берилиши мумкин.

Бош вазир Виктор Янукович муайян шартлар бажарилсагина янги сайловга рози бўлиши мумкинлигига ишора қилиб, ўз позициясини юмшатган кўринади. У президент ўз фармонини бекор қилмаса, бунинг оқибатлари бўлишидан огоҳлантирди. Бироқ оқибатлар қандай бўлишини ойдинлаштирмади.

В.Юшченко “Озодлик”ка берган интервьюсида мунозара қилаётган барча томонлар ўртасидаги мулоқот давом этаётганини таъкидлади.

“Биз мунтазам маслаҳатлашиб турибмиз, яъни фаол мулоқот олиб бориляпти. Ҳокимиятнинг барча муассасалари билан мунтазам равишда мулоқот қиляпмиз. Айтмоқчиманки, парламент, ҳукумат ёки президент институтининг бир-биридан ажралиб қолиш ҳолати кузатилгани йўқ”, - деди В.Юшченко.

Лекин Киев кўчаларида намойишлар ўтказаётган украиналиклар, парламентда мажлисларни давом эттираётган иқтидордаги коалиция депутатлари президентнинг бу фикрларига қўшилмаслиги мумкин.

Украина Конституциявий суди 17 апрель куни В.Юшченконинг фармони қанчалик қонунга мос келиши юзасидан муҳокамаларни бошлаши керак. Суднинг 18 судьясидан 5 нафари ўзига нисбатан бўлаётган сиёсий босим баҳонасида бу муҳокамаларда қатнашишдан бош торяпти.

Айни пайтда бўҳронни ҳал этиш бўйича халқаро дипломатик уринишлар ҳам тўхтагани йўқ.

Чоршанба куни Россия ва Польша дипломатлари бўҳронга ечим топиш йўлларини Украина расмийлари билан муҳокама қилгани Киевга келди.

Пайшанба куни Европа парламенти вице-президенти Марек Сивиец Брюсселда матбуот анжумани ўтказиб, Киевга қилган сафари ҳақида ҳисобот берди.

Лекин В.Юшченко украиналикларнинг ўзи вужудга келган бўҳронни ҳал этишга қодир, деган фикрда.

“Бу ички муаммоларни сиёсий воситалар билан ўзимиз ҳал қилишимиз керак. Украиналиклар бу бўҳронда ўзи чиқиши керак, чунки бундай бўҳронни ҳал этиш тажрибасини кимдандир ололмайсиз ёки уни сизга ҳеч ким ҳадя қила олмайди. Бу сиёсий меҳнатдир. Биз фақатгина музокаралар ва мулоқот орқали муросага кела олишимиз мумкинлигига ишонаман. Балки бу мулоқот бошида самара бермас, нимадир амалга ошмас, лекин бошқа соҳада самарага эришамиз. Ана шу йўл билан муросага эришишимиз мумкин”, - деди В.Юшченко.
XS
SM
MD
LG