Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:30

ИИБ Чиноздан “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадор аёлларни “топди”


11 апрель куни Тошкент вилоятининг Чиноз туманида бир гуруҳ муслима “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди. Айрим манбаларга кўра, тахминан 7 аёл ҳибсга олинган. Икки нафари қочиб яширинишга улгурган.

Маълум бўлишича, аёлларнинг барчаси диний эътиқоди учун қамоқ жазосини ўтаётган маҳкумларнинг яқин қариндошларидир.

Тўрт фарзанднинг онаси, 44 ёшли Инобат Мирзаева ҳам ҳибсга олинувчилар рўйхатида бўлган.

“Кеча эрталаб келишди. Тошкентдан, ИИБданмиз, уйингизда тинтув ўтказамиз, дейишди. Қўшниларни, маҳалла оқсоқолларини гувоҳликка чақиришди. Тинтув пайтида уйдан ноқонуний ҳеч нарса топилмади. Кейин мени олиб кетмоқчи бўлишди. Куч билан бўлса ҳам қўлига кишан солиб бўлса-да, олиб кетамиз, дейишди. Бақир-чақирлар натижасида ҳушимдан кетиб қолибман. Мазам қочгач, тез тиббий ёрдам машинасини чақиришибди. Шундан кейин улар майли даволанинг, деб уйдан чиқиб кетди”, - деди И.Мирзаева.

Маълумотларга кўра, ҳибсга олиш пайтида Анипа Турдихўжаева билан Шоҳиста Умирова қочиб яширинишга муваффақ бўлган.

“Озодлик” мухбири беш боланинг онаси, 38 ёшли Анипа Турдихўжаева билан суҳбатлашиш имконига эга бўлди.

“Жуда кўп аёлнинг уйини босишди. Мен деразадан қочиб, қўшниларникига яшириниб олдим. Кейин қўшнимни уйга хабар олишга чиқардим. У борса, уйда тинтув ўтказамиз, деб ордер олиб келишибди. Мени олиб кетишга ҳам қоғози борлигини айтишибди. Кейин уйда роса тинтув бўлган. Қайнотамнинг Қуръон ўқигани тасвирга олинган эски кассеталар бор эди. Ўша кассеталар ашёвий далил сифатида олиб кетилибди”, - деди А.Турдихўжаева.

У ҳибсга олинишдан қўрқиб, айни пайтда ҳам олти ойлик чақалоғи билан бирга яшириниб ўтиришга мажбур бўлаётганини айтди.

“Уч-тўрт аёл ҳибсга олинган. Улар Манзура, Санобар, Хосият Шерматовалар. Мунира Хожановани эса икки ойлик чақолоғи билан бирга олиб кетишган. Инобат опаникига жуда кўпчилик бўлиб келишган. Уларнинг дўқ-пўписаларидан қўрқиб Инобат опа ҳушидан кетиб қолган. Шунинг учун уни олиб кетишмаган. Бизникига икки машина тўла одам келган. Улар мени кеча роса қидиришган. Ҳозир ҳам кўчамизда машинада ўтириб пойлоқчилик қилишяпти. Икки боланинг онаси 35 ёшли Шоҳиста Умировани эса холасининг уйида яширинган жойидан топиб, ҳибсга олишган. У ҳақида ҳалигача хабар йўқ”, - деди А.Турдихўжаева.

Унинг сўзларига кўра, бу муслималардан барчасининг яқин қариндошлари турли даврларда “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига аъзоликда айбланиб қамалган.

“Ўзимнинг 18 ёшли ўғлим Ҳасанжонни ўтган йил март ойида қамашди. Турмуш ўртоғимни 2001 йили тўққиз йилга қамашган эди. Иккаласини ҳам “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига аъзоликда айблашди”, - деди А.Турдихўжаева.

“Озодлик” мухбири ушбу воқеа юзасидан маълумот олиш мақсадида Тошкент вилояти ИИБга мурожаат қилганида бошқарма ходими майор Кубаев 11 апрель ҳисоботида чинозлик аёлларнинг ҳибсга олиниши қайд этилмаганини маълум қилди.

“Қўлимда кечаги ҳисобот турибди. Битта йўл ҳаракати ҳодисаси, битта тан жароҳати етказиш ҳолати қайд қилинган. Лекин чинозлик аёлларнинг ҳибсга олиниши бизда қайд қилинмаган. Биздан бошқа ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари бор. Прокуратура бор, яна бошқа ташкилотлар... Ўшалардан сўраб кўринг”, - деди майор.

Тошкент вилояти прокуратурасидан эса: “Еттита одам ҳибсга олингани ёлғон маълумот. Мен ҳозир ўзим буни текшириб кўрдим. Чинозга ҳам телефон қилдим. Кеча фақат битта аёлнинг уйида тинтув ўтказилган. Тинтув жиноят иши асосида қонуний бўлган. Бу ҳақда эртага батафсил маълумот беришим мумкин”, - деган жавоб олинди.

Шу каби жавоблардан кейин қанча аёл ҳибсга олинганини аниқлаш имкони бўлмади. Баъзи маълумотларга кўра, 11 апрель куни ҳибсга олинган аёлларнинг айримлари уйига қўйиб юборилган.

Ўзбекистон мустақил хуқуқ ҳимоячилари ташабббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, бу аёлларнинг биттасига “Ҳизб ут-таҳрир”нинг аёллар қанотини бошқарганлик айби қўйилмоқда. Бошқа аёллар ҳам айнан шу ташкилотга аъзоликда гумон қилиняпти.

Айни кунларда эса Тошкентда “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадорликда айбланган етти муслима устидан суд жараёни давом етмоқда. Бу аёллар ҳам диний эътиқоди учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яқин қариндошларидир.
XS
SM
MD
LG