Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:29

Сиёсий партиялар фаол бўлармиш


Ўзбекистонда сиëсий партиялар ролини ошириш ва давлат бошқарувини замонавийлаштириш ва конституциянинг айрим моддаларига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонунлар кучга кирди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда бешта сиëсий партия - Халқ демократик партияси, “Адолат” социал демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, “Фидокорлар” миллий демократик партияси ва Либерал-демократик партия мавжуд.

Янги қонунга кўра, келаси йилдан бошлаб президент мамлакатдаги ислоҳотларни айни шу партиялар билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширади.

“Адолат” социал-демократик партияси сиëсий кенгаши котиби Равшан Ҳайдаров янги қонун партиялар имкониятини оширишини айтади. У бу ўзгаришлар шу йил бўлиши кутилаëтган президент сайлови олдидан қилинаëтган косметик ишлар экани ҳақидаги танқидларга қўшилмаслигини таъкидлади.

“Менимча, ундай эмас. Давлат бошқарувида сиëсий партиялар ролини кучайтириш таклифини олдиндан берганмиз. Масалан, бундан икки йил олдин Сенатда бу масала муҳокама қилинган”, - деди Равшан Ҳайдаров.

Наҳотки президент бундан кейин бош вазир ëки бошқа расмийларни ишдан олиб, ишга қўйишда фракциялар билан маслаҳатлашса, деган саволга жавоб берган Р.Ҳайдаров: “Жойларда партияларга бўлган муносабат тубдан ўзгарган. Яқинда партиямизнинг жойлардаги раҳбарларини алмаштириш учун иккита вилоятда борганимизда ҳокимнинг ўзи бизни қабул қилди. Олдинлари эса ҳоким бизни тан олмас эди”, - деди.

Унинг сўзларига кўра, президент сайлови шу йил охирига белгиланган.

Одатда сайлов йилида сайловолди кампаниялари ўтказилади. Номзодларнинг дастлабки рўйхати эълон қилинади. Ўзбекистонда эса ҳозирча бундан дарак йўқдек.

“Нега гапирилмаяпти?! Биз бошқа йўл орқали тайëрланяпмиз. Биз ҳозир партиямиз сафини мустаҳкамлаяпмиз. Гап шундаки, партия ютиб чиқиши тўғрисида ҳам ўйлаш керак”, - деди Р.Ҳайдаров.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонда мавжуд партияларнинг барчаси қўғирчоқ партиялар ҳисобланади. Нега улар орасида мухолифатдаги партиялар йўқ.

“Мен билмайман. Ҳозир мухолифат кўз қарашидаги фракциялар йўқ бўлиб кетди. Менимча рўйхатдан ўтмаган шекилли улар. Бугунги сиëсий ҳаëтда ундай партияларнинг роли унчалик йўқ”, - деди Р.Ҳайдаров.

Янги қонунда ҳукумат сиёсатини ёқламайдиган парламент фракциялари ҳамда алоҳида депутатларнинг ўзини мухолиф, деб эълон қилиши мумкинлиги ëзилган.

Аммо ҳукумат сиёсатини ёқламайдиган фракцияларнинг тузилиши ёки алоҳида депутатнинг ўз норозилигини изҳор эта олишига кўпчилик ишонмайди.

Мухолифатдаги “Бирлик” партиясининг Андижон вилоятилик аъзоси Бахтиëр Турғунов мухолифатдаги партияларнинг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиши масаласи ҳал қилинмаса, қонунларнинг янгиси ҳам, эскиси ҳам мухолифат ҳаëтида ҳеч нимани ўзгартира олмаслигини айтади.

“Биринчидан, партияларни рўйхатдан ўтказиш тартибларини қандайдир ўзгартириш керак. Партиямизни рўйхатдан ўтказиш учун эса ҳеч қандай йўл беришмаяпти. Масалан, йигирма минг одам йиғиш учун сиз тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришингиз керак. Бунга ҳам йўл беришмаяпти. Ҳозир Андижонда деярли “Бирлик” фаолият кўрсатмаяпти, десангиз ҳам бўлаверади. Чунки раҳбарларимизнинг кўпи мажбур бўлганидан чет элга қочган”, - деди “Бирлик” партиясининг Андижон вилоятилик вакили.

“Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ Ислом Каримов аввалги сиëсатидан воз кечиб, ҳақиқатдан демократлаштириш бошлаганини амалий ишлар билан исботласагина, қабул қилинаëтган қонунлар кучга киришини айтади.

“Ҳозир қонун кучга кирганини нима билан ифодалашни кўрмаяпмиз. Қонун қоғозда чиқиб эълон қилингани билан у кучга кирган бўлмайди. Лекин Каримов давлатни бошқаришининг илк кунлариданоқ ҳар йили ҳар хил қонунлар чиқаради ва ҳар йили демократия ҳақида гапиради. Аммо мамлакатдаги вазият демократиядан узоқлашиб боряпти”, - М.Солиҳ .

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган партиялар вакиллари мазкур қонунларнинг мамлакатда сиёсий партиялар фаоллиги ошишига туртки бўлишини таъкидлаяпти.
XS
SM
MD
LG