Линклар

Березовский Россияда давлат тўнтариши қилмоқчи

  • Озодлик

Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган россиялик олигарх Борис Березовский “The Guardian” газетасига берган интервьюсида Россияда давлат тўнтаришини уюштиришга ҳаракат қилаëтганини айтди.

14 апрель куни мухолифатдаги “Бошқа Россия” коалицияси аъзолари Москва марказий кўчаларида норозилик намойиши ўтказишга тайëрланмоқда. “Озодлик” радиосининг рус хизмати мухбирлари Россиянинг турли минтақаларидан пойтахт Москвага қўшимча милиция бўлинмалари олиб келинганини хабар қилди.

Мухолифат намойиши ҳукумат томонидан бекор қилинишига қарамай, ташкилотчилар бунга эътибор қилмасдан, етти мингга яқин одам намойишга чиқишини айтмоқда.

Москвада намойишлар бўлиб ўтиши режаланган мавзелар полиция томонидан ўраб олинди.

“Норозилар марши” ташкилотчиларидан бири Юлия Малишева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда куч ишлатар тизимлар ходимлари бошқа минтақалардан пойтахтга жалб қилинганини айтди.

“Милиция махсус кучларининг катта қисми мамлакатнинг турли минтақаларидан олиб келинган. Муаммо шундаки, минтақадаги бундай кучлар шаҳарда ўзини қандай тутишни билмайди. Шунинг учун четдан келган кучлар хатти-ҳаракати маҳаллийларникидан кескин бўлиши мумкин”, - деди Юлия Малишева.

Россиянинг Москва, Санкт-Петербург ва Нижний Новгород шаҳарларида бунга қадар намойиш ўтказишга қаратилган учта уриниш полиция томонидан бекор қилинган эди.

Шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони, мухолиф партиялардан бирининг етакчиси Гарри Каспаров гарчи намойишлар қонуний бўлса-да, ҳукумат унга қаршилик кўрсатаëтганини айтади.

“Муаммо шундаки, ҳукумат конституцияга амал қилишни мутлақ хоҳламайди. Биз 2004 йил 19 октаябрда қабул қилинган федерал қонуннинг 54-моддасига асосан оммавий тадбирлар ўтказишга ҳақлимиз. Қонун жуда кескин, у бизнинг ҳам айрим конституциявий имкониятларимизни чеклайди. Шунга қарамай, биз рухсат сўралган тадбирларни ўтказишга ҳақлимиз”, - деди Гарри Каспаров.

2000 йилда Буюк Британиядан бошпана олган россиялик олигарх В.Березовский Россия президенти Владимир Путин ва режимини ағдармоқчи.

Унинг айтишича, аксилконституциявий бўлган Путин режимини аксилконституциявий йўллар билан ағдариш керак.

Олигархнинг бундай чақириқлари янграëтган бир пайтда Россия бош прокурори Юрий Чайка Б.Березовскийга қарши навбатдаги жиноят иши очилганини билдирди.

“Мен тегишли идораларга янги жиноят иши очиш ҳақида буйруқ бердим. Чунки ҳақиқатан Березовскийнинг интервьюси Россия ҳукуматини куч билан ағдаришга чақириқдир”, - деди Ю.Чайка.
XS
SM
MD
LG