Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:24

Умиданинг озод бўлишида ягона умид Германиядан


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, мустақил журналист Умида Ниёзова устидан суд жараёни 19 апрель куни бошланиши кутилмоқда. Унга ўн йилгача бўлган қамоқ жазоси таҳдид соляпти.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти тарқатган хабарга кўра, У.Ниёзова ҳибсхонада босим ва тазйиқларга учраяпти. У ҳар куни 15 соатлаб сўроққа тутилмоқда, фақат 3-4 соатгина ухлашига рухсат бериляпти. Умида бир кишилик камерага жойлаштирилган бўлиб, камерада доимо ўта баланд овозда мусиқа қўйилади.

Умиданинг онаси Сожида Жамолова айни пайтда қизининг аҳволидан бехабарлиги, чунки ҳибсхонада у билан учрашишга рухсат берилмаётганини айтади.

У.Ниёзова 22 январь куни Ўзбекистон транспорт прокуратураси томонидан ҳибсга олинган эди. У Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича - чегарадан ноқонуний ўтиш, контрабанда, диний ва чет давлатлар ташкилотларининг молиявий ёрдамида жамият хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид қилувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланмоқда.

Умиданинг ўзи ҳибсга олинган пайтда “Озодлик”ка берган интервьюсида бу айбловларнинг барчасини инкор қилган ва улар “бўҳтон” эканини айтганди.

ҲРУнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори ўринбосари Рейчел Денбер У.Ниёзованинг иши “халқаро ҳамжамият томонидан етарли босим сезмаётган Ўзбекистон ҳукуматининг сурбетлигига яна бир мисол”лигини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳукуматининг Умидани суд қилиш ниятидан ажабланмайман. Чунки улар Умида тақдирини мисол қилиб, бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларини шу тарзда қўрқитмоқчи ва асосий фожеа ҳам ана шунда. Бу ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг Европа Иттифоқи босимини сезмаётганига бир мисолдир. ЕИ У.Ниёзова каби масалаларда Ўзбекистонга нисбатан умуман босим қиляптми-йўқми, бу ҳам шубҳа остида қолмоқда”, - деди Р.Денбер.

Лондондаги “Ўзбекистон ташаббус гуруҳи” раҳбари Шоҳида Ёқуб ҳам У.Ниёзова тақдирига тўхталар экан, ягона умид ЕИга раислик қилаётган ва ўзини расмий Тошкентга яқин олаётган Германиядан эканини айтади.

“У.Ниёзова ҳимояси бўйича жуда ҳам кўп иш қилиняпти. Умида ҳибсга олиниши билан халқаро ташкилотлар турли баёнотлар билан чиқди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати ҳеч кимга қулоқ солмаяпти. Қанча-қанча мурожаату баёнотлар қилиняпти. Расмий Тошкент бирортасига ҳам ўз муносабатини билдирмади. Мен яқинда АҚШда бўлиб, Вашингтонда ўтган учрашувларда Умида Ниёзова масаласини кўтардим. Менга Америка Ўзбекистонга нисбатан турли йўллар билан босим кўрсатгани, энди босим кўрсатиш йўли қолмагани, шунинг учун ҳеч нарса қила олмасликларини очиқ-ойдин айтишди. Менимча, Ўзбекистонга босим кўрсатадиган ягона давлат Германия. Агар у Ўзбекистон ҳукуматига босим кўрсатса, уддалаши мумкин. Бунинг натижалари ижобий бўлиши мумкин. Лекин у ҳозирча сукут сақлашни маъқул кўрмоқда”, - деди Шоҳида Ёқуб.

Агар суд У.Ниёзовага қўйилган айбловни асосли, деб топса, уни 10 йилгача қамоқ жазоси кутмоқда.
XS
SM
MD
LG