Линклар

Ўзбекистон ҳукумати Андреа Бергни ҳайдаяпти

  • Озодлик

Ўзбекистон Адлия вазирлиги “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Андреа Бергнинг аккредитация муддатини узайтирмасликка қарор қилди.

“13 апрель куни вазирлик вакили менга қўнғироқ қилиб, ташкилотимиз ёпилмаслиги, лекин менинг аккредитациям узайтирилмаслигини билдирди. Аслида улар мен бу ерда қолган сўнгги хорижий ҳуқуқ ҳимоячиси эканимни билади. Энди янги одам топишимиз керак. Хуллас, бу ҳолат ташкилотнинг Ўзбекистонда фаолият юритишига жиддий халақит беради”, - деди А.Берг “Озодлик” билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Адлия вазирлиги у фаолиятида ташкилот низоми доирасидан ташқарига чиққанини иддао қилган.

“Бироқ вазирликдагилар батафсил маълумот беришни истамади. Мен ҳали-бери Ўзбекистондан кетмоқчи эмасман. Бу ишда ҳали сўнгги сўз айтилгани йўқ. Биз эса бу қарорга қарши курашамиз ва тегишли идораларга мурожаат қиламиз”, - деди А.Берг.

Унинг айтишича, шу кунларда ҲРУ олдида яна бир муҳим вазифа турибди. Бу эса мазкур ташкилотга таржимонлик қилган ҳуқуқ ҳимоячиси ва мустақил журналист Умида Ниёзова устидан 19 апрель куни бошланиши кутилаëтган судда иштирок этишдир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси, Европада муҳожиратда яшаётган Толиб Ёқубов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда қолаётган ягона халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти – ҲРУ фаолиятини тўхтатиб, Тошкент ҳукумати ўз ниятига етишини айтади.

“Албатта, Ўзбекистонда бундан кейин аҳвол жуда ëмонлашади. Бу кўриниб турган нарса. Ўзбекистонда қолган ташкилотлар охирги имкониятларини ишга солиб, унча-мунча иш олиб боришга ҳаракат қиляпти. Лекин улар доимий назорат остида. Уларнинг уйлари олдида милиция ходимлари навбатчилик қилади. Каримовнинг ҳам асл мақсади шу эди. Андижон воқеалари эса бугунги кундаги таъқибларга жуда яхши асос бўлди”, - дейди Т.Ёқубов.

Ўзбекистонлик яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов кўплаб халқаро ташкилотлар ортидан ҲРУнинг ҳам Ўзбекистондан ҳайдалиши мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини янада ëмонлаштиради, деган фикрда.

“Умуман барча инсон ҳуқуқлари ташкилотларига энди қийин бўлади. Чунки бугун Ўзбекистонда бориб маслаҳатлашадиган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ўзи қолмади”, - деди Сурат Икромов.

ҲРУнинг бош қароргоҳи Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари аккредитацияси узайтирилмаганини Ғарб, биринчи навбатда, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукуматини ўз репрессив сиёсатини янада кучайтиришга билвосита рағбатлантираётгани билан боғламоқда.

ҲРУ Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини бу ерда қолиб бевосита кузатаётган ягона инсон ҳуқуқлари ташкилотидир.
XS
SM
MD
LG