Линклар

Қоҳира Каримовни қум бўрони билан қарши олди

  • Алишер Сиддиқ

17 апрель куни Миср Араб Республикасига расмий ташриф билан келган Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни бу мамлакат Қоҳирадаги қум бўрони ва 32 даража иссиқ билан қарши олди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, бу ерга Ўзбекистон раҳбари Миср президенти таклифига биноан ташриф буюрган. Сафардан кўзланган мақсад эса анъанавий дўстона муносабатларни ва ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Миср билан анъанавий муносабатлар бу давлатга қурол-яроғ сотган собиқ СССР давридан буён мавжуд. Аммо Ўзбекистон мустақил бўлгандан буён Миср билан фақатгина маданий ва таълим соҳасидагина ҳамкорлик қила олди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу давлат билан ўзаро товар айрбошлаш ҳажми мавжуд имкониятлардан жуда паст даражада қолаётгани, 2006 йилда бу кўрсаткич атиги уч ярим миллион долларни ташкил этганини билдирди.

Тошкентдаги Шарқшунослик институтининг Миср иқтисодиёти бўйича мутахассиси Телман Сатторовнинг айтишича, икки давлат ўртасида масофанинг узоқлиги иқтисодий ҳамкорликни қийинлаштириб келган ягона омиллардан эмас.

“Иккала давлат ҳам пахта етиштиради. Экспортимиз эса, асосан, пахта хомашёси ҳисобланади. Нефть ва газни у ерга сотиб бўлмайди. Арабларнинг ўзида нефть ошиб-тошиб ётибди. Шунинг учун ҳам иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари изланмоқда”, – деди Телман Сатторов.

Ўтган ой бошида Миср халқаро ҳамкорлик вазири Фаиза Абуннажа хоним бошчилигидаги делегациянинг Тошкентга сафари давомида Мисрга “Ил-76” ва “Ил-114” самолётларни, қишлоқ хўжалиги техникасини, мис ва пилла сотиш бўйича келишувга эришилган. Президент Каримовнинг Қоҳирада Ҳусни Муборак билан сўзлашувлари давомида тўқимачилик ва туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масаласига урғу берилиши айтилмоқда.

Аммо Миср билан иқтисодий ҳамкорлик ҳозирча фақат истиқболдаги режа бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ва Мисрни исломий тарихий ва маданий ришталар боғлаб турди. Минглаб ўзбекистонлик талабалар Қоҳирадаги Ал-Азҳар университетида араб тилини ўрганиб, мамлакатга қайтиб келди. Мисрда мўътадил ислом тарғиб этилишига қарамай, расмий Тошкент исломнинг Яқин Шарқдан чиқадаган ҳар қандай тарғиботчисига ҳадик билан қараб келган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг таъкидича, ислом экстремизмига қарши курашнинг Ўзбекистонда диндорларни қатағон қилишдек йўлини ўз вақтида Миср ҳам босиб ўтган.

Мисрда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ўхшаш сиёсий тизим мавжуд. Бой бўлмаса ҳам Миср араб давлатлари орасида салмоқли нуфузга эга.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, халқаро майдонда тобора яккаланиб қолаётган Ўзбекистон Мисрни кўпроқ сиёсий ҳамкор сифатида кўради.

И.Каримовнинг Мисрга расмий сафари 19 апрелгача давом этади. Миср И.Каримов 90-йиллар бошида президент сифатида илк ташриф буюрган давлатлардан бири саналади.
XS
SM
MD
LG