Линклар

logo-print

Одам бўлса, айб қўйиш осон...ми?

  • Абдулла Искандар

Андижонлик оддий тадбиркор аëл Саҳодатхон Тошматова ўз ҳақини талаб қилгани учун Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-2-моддаси бўйича айбланмоқда. Унга ўтган ойда Шаҳрихон бозоридаги тадбиркорларнинг норозилик намойишини уюштириш айби юкланмоқда.

С.Тошматова 10 апрель куни Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Икки кун қамоқда ушлаб турилган Саҳодатхон шаҳардан четга чиқмаслик ҳақидаги тилхатга қўл қўйганидан кейин уйига қўйиб юборилган.

“15 аёл мен гўёки миш-миш тарқатганим ҳақида устимдан Миллий хавфсизлик хизматига ёзиб берибди. Ҳозир ҳар куни терговга қатнаяпман. Шаҳардан ташқарига чиқиш йўқ”, - деди С.Тошматова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Саҳодатхон қамоқда пайтда унинг уйида ИИВ ходимлари тинтув ўтказган.

С.Тошматова тинтув пайтида топилган бир китоб ва президентликка номзодини эълон қилганлардан бирининг таржимаи ҳоли ëзилган варақа унга юкланаëтган айб учун далил сифатида қаралаётганини айтади.

“Тошкентдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси идорасига борганимда Америка ҳақида бир китоб олиб келувдим. Ўша китобни сал чатоқ, дейишяпти. Кейин орқасига ëзаман, деб бир-икки варақ қоғоз олувдим. Ўша қоғозлардан бирининг орқасида “США” деган ëзув бор экан”, - дейди С.Тошматова.

С.Тошматова ЖКнинг 244-2-моддаси бўйича айбланмоқда. Бу модда диний экстремистик, сепарастик, фундаменатлистик ëки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузган, уларга раҳбарлик қилган, уларда иштирок этганларга нисбатан 15 йилдан йигирма йилгача қамоқ жазоси берилишини назарда тутади.

С.Тошматованинг айтишича, у ҳеч бир тарзда қонунга зид иш қилмаган.

С.Тошматова Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси азоси. У “Бирдамлик” ташкилотига ҳам аъзо экани, мақсади эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эканини таъкидлайди.

Альянс фаоларидан бири Иброҳим ал-Ҳошимий С.Тошматова қамалишидан олдин Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонасига ногирон боласини даволатиш учун ëрдам сўраб борганини билдирди.

С.Тошматова устидан терговни Андижон ИИБ терговчиси Темур Ҳожиметов олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG