Линклар

logo-print

Умида Ниёзова - ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги “савдо обьекти”

  • Озодлик

Кузатувчилар айни пайтда ҳибсда сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзованинг тақдири Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Иттифоқи ўртасида “савдо обьекти”га айланиб бораётганини таъкидламоқда.

19 апрель куни У.Ниёзова устидан Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида суд бошланиши кутиляпти. Таҳлилчилар фикрича, бу суд ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида янги даражага кўтарилаëтган муносабатларнинг гарови бўлиш мумкин. Чунки май ойида ЕИ Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкентга нисбатан жорий этган санкцияларни кучда қолдириш ёки бекор қилиш масаласини кўриб чиқади. Тошкент учун бу масаланинг ўз фойдасига ҳал бўлиши муҳимдир.

Кузатувчиларнинг айтишича, Умиданинг ҳибсга олиниши расмийлар янги репрессив кампания бошлаганидан даракдир.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов аслида бу кампания анчадан буëн давом этиб келаëтганини айтади.

“Бу кампания анчадан бери давом этади. Лекин охирги пайтда ўзгача фикрловчилар устидан таъқиблар кучайган. Маълумки, Андижон воқеаларидан кейин таъқиблар кучайгач, кўпчилик мустақил журналистлар ҳамда ҳуқуқ фаоллари чет элга қочишга мажбур бўлди. Айримлар панжара ортида сақланмоқда”, - деди Суръат Икромов.

Аввалроқ “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури директори ўринбосари Рэйчел Денбер У.Ниёзованинг иши ҳам халқаро ҳамжамият томонидан етарли босим сезмаётган Ўзбекистон ҳукуматининг “безбетлигига” яна бир мисол, деган эди.

“Ўзбекистон ҳукуматининг уни суд қилиш ниятларидан ажабланмайман. Чунки улар Умида тақдирини мисол қилиб, бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларини қўрқитмоқчи ва асосий фожеа ҳам ана шунда. Бу ҳам Ўзбекистон ҳукумати ЕИнинг босимини сезмаётганига бир мисолдир. ЕИ Умида Ниёзованинг тақдири каби масалаларда Ўзбекистонга нисбатан умуман босим қиляптими-йўқми, бу ҳам шубҳа остида қолмоқда”, - деган эди Р.Денбер.

Бир ойдан сўнг ЕИ Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкциялар масаласига қайтиши керак, 23 апрелда эса ЕИ ташқи ишлар вазирлари Маркзий Осиёга нисбатан умумий стратегияни муҳокама қилиши лозим.

Ўзбекистон эса Андижон муаммоси ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволини муҳокама қилишга розилик берган. Худди шу кунларда суди бўлиб ўтиши режалаштирилган Умида Ниёзова тақдири эса томонлар ўртасидаги музокараларда “савдо объекти” бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Тошкент журналистни енгил жазолаш ёки уни амнистия қилиш эвазига халқаро ҳамжамиятнинг ўзига нисбатан фикри юмшашини талаб қилиши мумкин.

Айни фикрни Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов ҳам қўшилади.

“Сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги мустақил журналистлар билан боғлиқ юз бераëтган воқеалар ташқи сиëсатнинг янги чизиғини акс эттиради. Менимча, ЕИ билан муносабатлар ушбу сиëсатнинг бир қисмидир. Бугунги кунда Ислом Каримовнинг Кремль билан яқинлигига айни сиëсат ëрдам берган. Андижон воқеаларидан сўнг Каримов режими мамлакат ичида рўй бераëтган ҳар қандай воқеанинг ташқарига чиқишини чеклаб қўйишга қарор қилган. Умида масаласига келсак, мен унинг иши томонлар ўртасидаги музокараларда “савдо объекти” бўлиши мумкинлигига ишонаман”, - деди Олег Панфилов.
XS
SM
MD
LG