Линклар

logo-print

Ироқлик қочқинлар муаммосига эътибор

  • Сарвар Усмон

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги маълумотига кўра, ҳар ойда 40 мингдан 50 минг нафаргача ироқлик турли қуролли тўқнашувлар, жумладан, мазҳаблараро можаролар қурбонига айланишдан қўрқиб, ўз уйларини тарк этади.

Уларнинг бир қисми мамлакат ичидаги кўчкинлар бўлса, қолгани ватанни тарк этиб қочқинга айланмоқда.

Мазкур гуманитар фожеа 17 апрель куни Женевада очилган икки кунлик халқаро анжуманда муҳокама қилинмоқда.

Ўз уйини, қолаверса, ватанини тарк этишга мажбур бўлаётган минглаб ироқликлар тақдирига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратиш Женевада очилган халқаро анжуман иштирокчиларининг мақсадидир.

БМТ ҳисоб-китобларига қараганда, қарийб 750 минг ироқлик Иорданияга, бир миллиондан зиёдроғи эса Сурияга қочиб ўтган. Бундан ташқари, 2006 йил бошидан буён яна қарийб 750 минг киши ўз уйини тарк этган, лекин мамлакат ичида қолган. Шундай қилиб, ички кўчкинлар сони тахминан 1 миллион 900 минг кишига етган.

Бу уруш бошлангандан буён ҳар беш ироқликдан бири ўз уйини ташлаб қочишга мажбур бўлди, деганидир.

БМТ қочқинлар идорасининг ироқликлар билан шуғулланувчи Уммондаги ваколатхонаси матбуот котиби Marco Roggia “Озодлик” мухбири билан суҳбат чоғида Ироқдаги вазиятнинг хавфсизлик, сиёсий ҳамда ҳарбий жиҳатлари тўғрисидаги ахборотнинг етарлича эканини, бироқ қочқинлар ва кўчкинлар масаласига етарли эътибор қаратилмаётганини таъкидлади.

“Шу пайтгача, ҳар ҳолда сўнгги даврни назарда тутар бўлсак, умуман гуманитар вазият ва хусусан, зўравонлик туфайли кўчишга мажбур бўлганлар тўғрисида оз гапирилди. Бу масала, айниқса, 2006 йил мартдаги воқеа – Самарра шаҳрида миллатлараро ва мазҳаблараро зиддиятлар туфайли амалга оширилган портлашлардан сўнг муҳим аҳамият касб этмоқда”, - деди Marco Roggia.

Унинг айтишича, Женевадаги анжумандан мақсад қочқин ва кўчкин ироқликлар тақдирига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратишдангина иборат эмас.

“Биз анжуман иштирокчилари Ироқнинг ичи ва ташқарисидаги қочқин ироқликларга кўмак кўрсатадиган бир халқаро тузилмани яратишга келишиб олишини истаяпмиз. Шунинг учун ҳам мазкур тадбир қарашлари турлича бўлган иштирокчиларнинг ўз фикрларини айтиб олиши ва сўнгра масаланинг ечимини излашига имкон берувчи анжуман бўлади, деб умид қиляпмиз”, - дейди комиссарлик вакили.

Анжуман иштирокчилари рўйхати ҳам анча каттадир.

“Энг аввало, Ироқ ҳукумати делегацияси келганини айтиб ўтай. Янглишмаётган бўлсам, Суриядан бош вазир ўринбосари келган. АҚШ ҳукуматининг иштироки давлат котиби даражасида. Швециянинг миграция вазири, БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва бошқалар бор”, - деди Marco Roggia.

Унинг таъкидлашича, анжуманда БМТнинг бошқа идоралари ҳамда бир қанча халқаро ташкилотларнинг турли даражадаги вакиллари, ҳаммаси бўлиб 60дан зиёд халқаро ташкилот вакиллари қатнашмоқда.

Женева анжумани халқаро ташкилотларнинг ироқлик қочқинлар муаммосини ҳал қилиш талаби тобора кучаяётган бир пайтга тўғри келди.

“Amnesty International” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 16 апрель кунги баёнотида “Яқин Шарқ янги халқаро гуманитар бўҳрон ёқасига келиб қолгани” айтилган. Баёнотда ЕИ, АҚШ ва бошқа мамлакатлар уруш туфайли қочқинга айланган ироқликларга шошилинч ва конкрет ёрдам кўрсатиши кераклиги таъкидланган.
XS
SM
MD
LG