Линклар

Адлия вазири демократми?

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон Адлия вазирлигида 16 апрель куни бўлиб ўтган коллегия йиғилишида вазир Фозилжон Отахонов ҳар бир фуқародан тушаётган шикоятга катта эътибор берилиши лозимлигини таъкидлади.

Мажлис иштирокчиларидан бири “Озодлик” мухбири билан суҳбатда адлия вазири Ф.Отахоновни “демократ”, деб атади.

“Вазир анчагина демократ экан. Бемалол очиқ-ошкора танқид қилди. Шу вазир келиб вазият анча ўзгарди”, - деди мажлис иштирокчиси.

Ростдан ҳам Адлия вазирлиги Ўзбекистонда “демократия ороли”га айландими?

Бу саволга жавоб берган вазирлик матбуот котиби Лазиз Маҳмудов коллегия мажлисида тилга олинган рақамлар фуқаролар шикоятларига қандай муносабатда бўлинаëтганига мисол эканини айтар экан: “Адлия вазирлигига кейинги тўрт ойнинг ўзида фуқаролардан тўрт минг шикоят аризаси тушган. 52 фоиз аризадаги шикоятлар тўғри экани аниқланган ва бу шикоятлар юзасидан 1300 мулозимга ҳайфсан эълон қилинган ва 87 амалдор ишдан бўшатилган. Давлат органлари чиқарган 332 қарор бекор қилинган”, - деди.

Лазиз Маҳмудов бир чорак давомида келиб тушган шикоятларнинг ярми қондирилганини билдирди.

Тошкентлик Бахтиëр ака Адлия вазирлиги мулозими айтган гапларга ишонмайди ва бу гапларни текшириш имконсиз экани айтиб, у алдаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Мулозимлар келтирган рақамларни текшириш тизими бўлмаса, биз нега ишонишимиз керак бу гапларга”, - дейди Бахтиёр ака.

У ўзи эккан дарахтлар кесилиб, ўрнига гараж қурилгани юзасидан шикоят қилгани ва бу шикоят эътиборсиз қолдирилганини айтади.
“Сиз тўрт минг шикоят дейсиз. 26 миллион халқнинг ичида зулм кўрмагани қолдими ўзи!? Минг-минглаб одамлар қамоқда эътиқод маҳбуси бўлиб ўтирибди”, - дейди тошкентлик бошқа бир фуқаро Иброҳимжон.

Адлия вазирлиги матбуот котиби Лазиз Маҳмудов сўзларига кўра, вазирликка тушаëтган шикоятларнинг аксарияти инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ.

“Шикоятларнинг аксарияти инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид. Бу масалаларни ҳал қилиш учун инсон ҳуқуқлари бошқармаси тузилди”,- деди Л.Маҳмудов.

Адлия вазирлигида инсон ҳуқуқлари бошқармаси тузилган бўлишига қарамай, Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячиларининг аҳволи ëмонлашиб, минглаб одам адолатсизликдан жабр чекаётгани, Адлия вазирлиги адолат тимсоли бўлмай қолганини айтади Бахтиëр ака.

“Адлия вазирлиги президент сиëсатини юритадиган тизимга айланди ва асло адолат тимсоли бўлмай қолди”, - дейди у.

Бахтиëр ака баъзи мулозимларнинг ишдан бўшатилиши эса хўжакўрсинга бўлаётганини айтди.

Аммо жиззахлик Мая Носирова сал бошқача фикрда.

“Биласизми, Жиззах “Пахтасаноат” идораси раҳбари йўл қўйган жиноятлар ҳақида юзлаб инстанцияларга шикоят ëздим. Ниҳоят у ишдан бўшатилди. Аммо у ишдан бўшади, холос, унга нисбатан жиноий жавобгарлик қўлланилмади”, - деди Мая Носиров.

Унинг таъкидлашича, ишдан бўшаган раҳбар бошқа ишга ўтиб ишлайверади.

Адлия вазири колегия мажлисида таъкидлаган адолат туйғусининг ўзбекистонликлар қалбида қачон қарор топиши эса номаълум бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG