Линклар

logo-print

Ўзбекистон ЕИдан эмас, Европа жамоатчилигидан чўчиши керак

  • Фаррух Юсуфий

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ўтган ҳафтада Тошкентда меҳмон бўлган раиси Мигел Анхел Моратинос Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар “ўзаро иззат-ҳурматга асослангани ва конструктив” экани ҳақида баёнот берди.

Бироқ кузатувчилар ЕИнинг Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий қилган жазо санкциялари кучда экан, ўзаро иззат-ҳурмат ҳақидаги гаплар шунчаки мулозамат бўлиб қолаверишини айтмоқда.

Ўтган йилнинг ноябрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Брюсселда ЕИ-Ўзбекистон ҳамкорлик кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, расмий Тошкентга нисбатан жорий қилинган санкциялар Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсир қилмагани, аксинча, бундан ЕИнинг ўзи зарар кўрганини таъкидлади ва “бизга инсон ҳуқуқларини қандай ҳурмат қилишни ўргатманг”, қабилида гапиради. Бир ҳафта ўтиб эса ЕИ кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жазо чораларини юмшатди.

Шундан сўнг ЕИ мутахассислари Тошкентга келиб, Ўзбекистон ҳукумати тақдим этган маълумотлар асосида Андижон воқеалари сабаблари ўрганишга ҳаракат қилгандай бўлди. Бунда европалик меҳмонлар на ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва Андижон воқеалари гувоҳлари билан учрашишни лозим топди.

Жазо санкциялари шу йилнинг март ойида қайта кўриб чиқилиши керак эди. Лекин бу муҳокамалар кутилмаганда май ойига қолдирилди. Санкциялар тақдири Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига асосланиб ҳал этилиши айтилди.

Ўтган ойнинг охирида ЕИ ташқи сиёсат комиссари Бенита Ферреро-Валднер хоним Остонада В.Норов билан учрашиш олдидан “Озодлик”ка берган интервьюсида Ўзбекистондаги вазиятдан хавотир билдирганди.

Остонадаги учрашувдан кейин эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазири яна “бизга яшашни ўргатманг”, қабилида жавоб берди.

Ўтган ҳафта Тошкентга сафар қилган ЕХҲТнинг амалдаги раиси ва Испания ташқи ишлар вазири Мигель Анхел Моратинос баёнотлари эса шу пайтгача Европа расмийлари айтиб келган, силлиқ бўлса-да, танқидий гаплардан фарқ қилди.

У ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилишига умид билдирди.

Якшанба куни эса Ўзбекистон ҳукумати “Ҳьюман райтс уотч” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбарига аккредитация бермаслигини эълон қилди. Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячиси ва мустақил журналист Умида Ниёзова устидан суд жараёни бошланиши кутиляпти. Қўйилаётган айбловлар асосида 10 йилга қамалиши мумкин бўлган У.Ниёзова жорий йил бошидан бери ҳибсга олинган ягона ҳуқуқ ҳимоячиси эмас.

Хўш, ЕИ расмийлари ўзи жорий қилган санкцияларни бекор этиш учун зўр бериб уринаётган бир пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида ундан кутилган қадамни ташлаш ўрнига нега вазиятни янада кескинлаштиряпти, деган савол туғилади. Ёки Тошкент Европанинг сабри қанчага етишини синаб кўрмоқчими?

“Менимча, жаноб Каримов ўз мамлакатидаги томоша хўжайини ўзи эканини кўрсатиб қўймоқчи. ЕХҲТ раиси, Испания ташқи ишлар вазири Моратинос жаноблари каби моҳир сиёсатчилар бундай баёнотларни қилиб турса, албатта, ЕИ расмийлари Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари борасида мулоқотдан ҳеч қандай натижа кутиб бўлмаслигини тушунган кўринади. У ердаги вазият яхшиланиш ўрнига кундан-кунга кескинлашаётганини ҳамма кўриб турибди. Лекин Европа расмийлари ЕХҲТ ёки ЕИга бетакаллуфлик қилаётган Каримов режимига нисбатан бундай мулозамат қилиши, менимча, аҳмоқликдир”, - дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вице-президенти Алан Делетроз.

Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Аннет Бор Ғарбнинг бундай мулойимлигини сезиб турган Каримовдан қатағонни янада кучайтиришни кутиш мумкинлигини айтади.

“Каримов қатағонларни давом эттиради. Чунки Ўзбекистоннинг АҚШ билан иттифоқчилик даврини кўрдик. Ўшанда кўпчилик вазият яхшиланишига умид қилди. Лекин бу умидлар пуч бўлиб чиқди. Ҳукумат ўз сиёсатини юмшатганини намойиш қилиш учун қандайдир рамзий қадамларни қўйди. Лекин амалда репрессив режим юмшамади. ЕИ ҳақида гапирадиган бўлсак, улар санкцияларни бекор қилиш учун асосий шарт ўлароқ, Андижон воқеалари юзасидан халқаро мустақил текширув ўтказилиши ва инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш талабини қўймоқда. Шунга қарамай, ЕИнинг ичида Ўзбекистонга нисбатан ёндашув борасида якдиллик йўқ. Масалан, ЕИга раислик қилаётган Германия санкцияларни бекор қилишга зўр бериб уринаётган барчага маълум. Франция эса санкцияларни кучайтириш кераклигини билдиряпти”, - дейди Аннет Бор.

Сўзида давом этган лондонлик сиёсатшунос май ойидаги муҳокамалар натижаси ўлароқ, санкциялар бекор қилинишини башорат қилди.

“Германия шундоқ ҳам рамзий бўлган санкцияларнинг бекор қилиниши икки томонлама муносабатларга фойда келтиради, деган фикрда қатъий. Европанинг бошқа давлатлари эса бу фикрга қўшилмайди. Менимча, санкцияларнинг бекор қилиниши эҳтимоли жуда юқоридир. Ҳар қалай санкциялар кучайтирилишига шубҳаларим бор. Улар кучайтирилмаса, ҳақиқатан ҳам улардан ҳеч қандай фойда йўқ”, - дейди Аннет Бор.

А.Делетроз эса ЕИ Ўзбекистон масаласида ўз принципларидан бироз чекинаётган бўлса-да, санкциялар масаласига келганда асл вазиятдан келиб чиқиб қарор чиқаришга мажбур бўлади, деган ишончда.

“Санкциялар масаласига келсак, ЕИ ташқи сиёсат комиссарлигининг талаблари аниқ айтилган. Европанинг баъзи давлатлари санкцияларни бекор қилишга қанчалик уринмасин, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида ижобий қадамлар қўйиш ниятини кўрсатмас экан, менимча, иттифоқнинг аксарият аъзолари бунга кўз юма олмайди. Чунки Европада кўплаб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бор, улар иттифоқнинг бундай йўл тутишига жим қараб турмайди. Агар Ўзбекистон яхши ният кўрсатса, яхши, лекин жаноб Каримов ЕИга нисбатан илтифотсизлик қилишда давом этса, ЕИ бу илтифотсизликка чидаши мумкин, лекин Европада жамоатчилик фикри, деган тушунчалар ҳам бор”, - дейди Алан Делетроз.
XS
SM
MD
LG