Линклар

logo-print

Арбур хоним Ўзбекистонга келмайди

  • Фаррух Юсуфий

БМТнинг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича олий комиссари Луиз Арбур хоним 24 апрелдан 5 майга қадар Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар қилишни режалаштирган. Бироқ у Ўзбекистонга бормайди.

“Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистонга сафари чоғида Арбур хоним бу мамлакатлар президентлари, ҳукумат аъзолари, маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фуқаровий гуруҳ вакиллари билан учрашиб, ўзи етакчилик қилаётган идоранинг минтақадаги фаолиятини кучайтириш масалаларини муҳокама этишни ният қилган”, - дейилади олий комиссарлик тарқатган хабарномада.

Л.Арбурнинг Марказий Осиё сафари кун тартибидан Ўзбекистон тушиб қолгани борасида хабарномада ҳеч нарса дейилгани йўқ.

Олий комиссарлик матбуот хизмати ходими ҳам “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу ҳолатни изоҳлаб бера олмаслигини билдирди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон Марказий Осиё ва умуман дунёда инсон ҳуқуқлари вазияти энг аянчли бўлган мамлакатлардан бири эканини айтиб келади.

Шунга қарамай, ўтган ойда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини текширишни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Энди эса БМТ олий комиссари минтақа сафари доирасида Ўзбекистонни четлаб ўтишни жоиз топди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов Л.Арбурнинг Ўзбекистонга бормаслик ниятига бу мамлакат ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари ҳақида гаплашиш ҳеч қандай натижа бермаслиги сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтади.

Европа мамлакатларидан бирида муҳожирликда яшаётган ўзбекистонлик бошқа бир ҳуқуқ ҳимоячиси эса олий комиссарнинг бу режалари инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбекистондаги вазиятни бундан кейин кузатмаслик қарори билан боғлиқ эмаслигини тахмин қилди.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги вакили акрредитациядан мосуво бўлган “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Лондондаги бўлими раҳбари Том Портеус БМТнинг инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи идораларининг Ўзбекистонга нисбатан қилаётган эътиборсизлиги мамлакатдаги шундоқ ҳам аянчли вазиятнинг ёмонлашишига ҳисса қўшишини таъкидлайди.

“Олий комиссарнинг Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига кенгроқ миқёсдаги аралашувини олқишлаймиз, албатта. Арбур хоним нега Ўзбекистонни четлаб ўтаётганини аниқ билмайман, лекин БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбекистондаги вазиятни кузатиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги қарори бизни жуда хавотирга солмоқда. Бундай эътиборсизлик Ўзбекистон ҳукуматига нотўғри муждани юбориши мумкин. Бугун Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти кундан-кунга ёмонлашиб боряпти ва расмий Тошкентга инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида босим юмшатилмаслиги, аксинча кучайтирилиши керак”, - дейди ҲРУ вакили.

“Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг кескинлашишига, биринчи навбатда, айнан БМТнинг инсон ҳуқуқлари идоралари ва Европа Иттифоқи каби нуфузли тузилмаларнинг Ўзбекистонга эътиборсизлик қилаётгани ва ҳукуматга нисбатан босимларни юмшатаётгани сабаб бўлмоқда”, - деб хулоса қилади Том Портеус.
XS
SM
MD
LG