Линклар

Ҳужжат кўп, таклиф кўп, амалда эса...

  • Абдулла Искандар

Қозоғистон пойтахти Остонада Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятининг аъзо давлатлар бош вазирлари иштирокидаги давлатлараро кенгаши ўтмоқда. Унда Ўзбекистондан бош вазир ўринбосари Рустам Азимов қатнашяпти.

Кенгаш давомида Божхона иттифоқи ва иқтисодий ҳамжамият доирасидаги бошқа ҳамкорликлар учун зарур бўлган 15 ҳужжат имзоланди.

Россия бош вазири Михаил Фрадков қабул қилинган ҳужжатларда иқтисодий масалалар билан биргаликда интеграцияни мувофиқлаштириш борасидаги тадбирлар ҳам ўз аксини топганини билдирди.

“Биз ўн бешта қарор қабул қилдик. Бу қарорларда асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Айни пайтда биз интеграциявий бирлашмалар доирасида мувофиқ қарорлар қабул қилинишини ҳам зарур, деб топдик”, - деди М.Фрадков.

Қирғизистон бош вазири Олмос Отамбоев аъзо давлатлар ҳудудида меҳнат бозорига қўйилаëтган чекловларни олиб ташлаш ташаббуси билан чиқди.

“Меҳнат бозоридаги фуқаролар учун чекловларнинг келишилган тарзда бекор қилиниши ижтимоий тарангликнинг олдини олган ва минглаб меҳнат мигрантларнинг ҳаëтини яхшилаган бўлар эди”, - деди О.Отамбоев.

Ўзбекистонлик сиëсий таҳлилчи Фарҳод Толипов сўзларига кўра, бу ташаббус давр талабидир. Яъни у минтақада ишчи кучи миграцияси кўлами чандон ошганидан дарак беради.

Айни пайтда Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо Россияда меҳнат мигрантларига нисбатан янги-янги чекловлар қўйилмоқда.

“Ташкилотга аъзо бир мамлакатнинг ўз манфаатларини бошқа аъзо давлатлар қизиқишларидан устун қўймаслиги учун ҳаракат қиляпмиз,- дейди Қирғизистон президенти вакили сифатида кенгашда иштирок этаётган Ешагул Бўлширова. - Биз ҳаммамиз бир бўлиб ягона ўйин қоидасини ишлаб чиқамиз. Агар қайсидир давлат ўз миллий манфаатларини устун қўймоқчи бўлса, биз бунга қарши чиқамиз”.

Таҳлилчи Ф.Толипов ташкилотга аъзо давлатлар фуқаролари учун меҳнат қилиш чекловлари тез орада олиб ташланишига шубҳа билан қарайди.

“МДҲ таркибида 15 йилдан бери интеграция ҳақида гап боради, аммо бу амалга ошмади. МДҲга муқобил тарзда Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти пайдо бўлди. Хўш, ташкилот бу ишни бажара олармикин!? Бу ташкилотдан ҳам олдин минтақада “МО ҳамкорлик ташкилоти” номли тузилма бор эди. МОдаги тўрт давлатни бирлаштирган бу ташкилот ҳам интеграцияни йўлга қўя олмади”, - деди Ф.Толипов.

Қозоғистон адлия вазири ўринбосари Давлат Қистовликовнинг айтишича, Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар ривожланиш даражасининг ҳар хиллиги боис қилинган саъй-ҳаракатлар тез самара бермаяпти.

“Муаммолар кўп. Масалан, Қирғизистон ва Тожикистонда аҳвол бир турли. Қозоғистон ва Россия олдда кетяпти”, - дейди Д.Қистовликов.

Таҳлилчи Ф.Толипов меҳнат бозоридаги чекловлар олиб ташланиши минтақадаги тарангликка барҳам бериши, лекин бу мигрантларни қабул қилаётган томон учун муаммо пайдо қилиши мумкинлигини билдирди.

“Мигрантларни қабул қилаëтган мамлакатлар, масалан, Россия ва Қозоғистон аҳолиси норози бўлиши мумкин. Ўзбекистондан борган мардикорлар кам ойлик учун ишлашга рози бўлиб, меҳнат бозоридаги мутаносибликни бузиб юбориши зиддият келтириб чиқариши мумкин”, - дейди таҳлилчи.

Унинг таъкидлашича, олти давлат ҳудудида эркин ва ягона меҳнат бозорини ташкил қилиш ташкилот учун жиддий синов бўлади.
XS
SM
MD
LG