Линклар

logo-print

Ўзбек жосуслари АҚШга қарши ҳужумлардан хабардор бўлганми?

  • Алишер Сиддиқ

Франция разведка хизмати маълумотларига таянган нуфузли “Le monde” газетаси Ўзбекистон разведкаси 2001 йил бошидаёқ АҚШдаги йирик террорчилик амалиётлари ҳақида огоҳлантиргани ҳақида ёзди.

2 саҳифалик мақолада 11 сентябрь воқеаларидан аввал Ўзбекистон махсус хизматлари “Ал-Қоида” АҚШга қарши самолётлар ёрдамида ҳужум тайёрлаётгани ҳақидаги хабарни французларга етказгани айтилади.

“Le monde” чоп этган мақола Россиядаги нашрларининг ҳам диққатини тортди. “Новая газета”нинг Брюсселдаги мухбири Александр Минеев мақолани таҳлил қилишга уринган журналистлардан биридир.

“Le monde” газетасига келиб тушган махсус хизматларининг асосий мактубига 2001 йил 5 январь санаси қўйилган. Унда айтилишича, Усама бин Лодин Кобулдаги мажлислардан бирида АҚШга айнан самолётлар ёрдамида ҳужум қилишни маъқуллаган. Табиийки, режалаштирилган ҳужумларнинг аниқ санаси йўқ эди. Бу ҳақдаги асосий хабарни французларга ўзбеклар берган. Улар эса бошқа манбалардан бу хабарни тасдиқлади”, – дейди А.Минеев.

“Le monde” мухбири Даски Гиумнинг ёзишича, айнан АҚШ билан яқинлашишга интилган, аммо ўша вақтларда французлар билан тўғридан-тўғри ахборот алмашина олган Ўзбекистон томони Франция ёрдамида маълумотларни АҚШ хавфсизлик идораларига етказишни кўзлаганди.

“Le monde” газетасининг билдиришича, Ўзбекистон ҳукуматининг толибларга қаршилик кўрсатган ўзбек дала қўмондони Абдурашид Дўстум билан яқин муносабатлари сабабли французлар Ўзбекистон жосусларининг маълумотларига ишонган. Бу маълумотларга таянган Франция махсус хизматлари кўпроқ материаллар тўплаб, АҚШ Марказий разведка бошқармасининг Париждаги вакили Бил Маррига топширган. Бироқ Бил Маррининг ўзи газетага бу материаллардан қай тариқа фойдаланилгани ҳақида изоҳ беришдан бош тортган.

“Le monde”даги мақола шарҳини Ўзбекистон ҳукуматига мойил сайтлар ҳам чоп этганига қарамай, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати унга ўз муносабатини билдирмади.

Аммо АҚШга қарши кенг миқёсда ҳужумларнинг тайёрланаётгани борасидаги Ўзбекистон разведкаси берган дастлабки маълумотлар аслида қанчалик қимматли эди?

Жорж Маршал номидаги Европа хавфсизлик тадқиқотлари маркази аксилтеррор дастури директори, профессор Ник Праттнинг айтишича, аслида террор ҳужумлари эҳтимоли ҳақида Америка ҳам узуқ-юлиқ ахборотга эга эди.

“Бизда ҳам айни ахборот бор эди. Марказий разведка бошқармасининг раҳбари Жорж Тенет Кондолиза Райс билан июль ойида учрашиб, режалаштирилаётган катта ҳужумлар ҳақида огоҳлантирганди. Ўзбекистонликларда қандай ахборот бўлганидан қатъий назар ҳеч кимда қачон ва қаерда саволларига жавоб берувчи тафсилий маълумотлар йўқ эди”, - деди профессор Ник Пратт.

Унинг сўзларига кўра, айнан шу саволлар очиқ қолгани Ўзбекистон разведкаси маълумотлари аҳамиятсиз қолишига сабаб бўлган.

Ник Пратт Американинг энг буюк разведка офицерларидан бири Бёрнен Уолтерс бир куни ўзига айтган гапларини эсга оларкан: “Ҳеч қачон кичик маҳаллий разведка хизматларининг имкониятларини эътиборсиз қолдириш керак эмас”, – деди.
XS
SM
MD
LG