Линклар

logo-print

Ўзбекистон суғурта бозорини ривожлантирмоқчи

  • Озодлик

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2007-2010 йилларда мамлакат суғурта бозорини ривожлантириш дастурини маъқуллади. Бироқ кузатувчилар бу дастур яқин орада мамлакат суғурта бозори ривожига замин бўлмаслигини айтмоқда.

Дастурда замонавий суғурта компаниялари операцияларини ривожлантиришга қаратиладиган ҳаракатлар, уларнинг самарадорлигини ошириш, суғурта компанияларини кўпайтириш, суғурта қилинганларнинг молиявий барқарорлигига кафолат бериш ва суғурта компаниялари фаолиятини бошқариш услублари кўзда тутилган.

Ҳукумат тегишли вазирликлар ва идораларга келаси йилдан эътиборан автомобиль ва соғлиқ суғуртасини мажбурий тадбиқ этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш масъулиятини ҳам юклади.

Бугунги кунда Ўзбекистон суғурта бозори умумий суғурта ëки шахсий суғурта турига бўлинади.

“Ўзбекистонда 27 суғурта компанияси бор. Масалан, “Ўзбекинвест” ҳаëт суғуртаси, “Trans insurance” эса қайта суғурталаш билан шуғулланади, умумий суғурта билан шуғулланувчи яна 25 та компания мавжуд”, - дейди
Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси бўлмиш “Алском” суғурта компанияси мутахассиси Бобур.

“Алском” суғуртанинг 35 тури бўйича фаолият кўрсатади.

“Бошқа компанияларда эса суғурта тури бундан кўпроқ ëки камроқ бўлиши мумкин. Бизнинг мамлакатда умумий суғурта билан шахсий суғурта турининг мавжудлиги анча олдин бошланган. Агар жаҳон бозорда суғуртанинг 18 тоифаси қабул қилинган бўлса, бизда ўша тоифаларнинг 17 таси тадбиқ этилган. Масалан, нохуш ҳодисалардан суғурталаш¸ автосуғурталаш ва ҳоказолар”, - дейди Бобур.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда соғлиқни суғурталаш мажбурий суғурта турига кирмайди. Аммо суғуртанинг бу тури айрим давлат органлари ходимларига мажбурий. Улар билан давлат суғурта компаниялари шуғулланади. Автомобилни мажбурий суғурталаш эса келаси йилдан режаланган. Буларнинг ҳаммаси аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида қилинмоқда.

“Аҳолининг суғурта компанияларига бўлган муносабати анча яхшиланиб боряпти. Уларнинг суғурта салоҳияти ошиб боряпти. Буни тажрибаларимиз давомида кузатиб боряпмиз. Суғурта қилинган шахслар томонидан билдирилган эътирозлар, улар томонидан тушган шикоятларни таҳлил қиладиган бўлсак, аҳолининг суғуртага бўлган муносабати анча яхшиланганини айтиш мумкин”, - деди “Алском” мутахассиси.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда суғурта бозори ихтиёрийликка эмас, балки мажбурийликка асосланган. Шундай экан, аҳоли ўртасида суғурта тизимидан норозилик сақланиб қолаверади. Бунинг олдини олиш учун эса, аввало, иқтисодий эркинликлар зарурлигини айтади кузатувчилар.

Тошкентлик Шуҳрат суғуртанинг мажбурий тадбиқ этилишини қўллаш билан бирга унинг Ўзбекистондаги шароитда юз фоиз иш беришига ишонмаслигини айтади.

“Суғурта, албатта, керак. Ахир чет элда бу кўп йиллардан бери бор. Бизда ҳам йўл ҳаракати ҳодисалари юз бериб туради. Аммо биздаги суғурта компаниялари ўз мажбуриятини тўла бажаришига ишонмайман”, - дейди Шуҳрат.

Аммо Аббос исмли суҳбатдош суғурта компаниялари суғурталанган шахсларга тўлалигича ëрдам бераëтганини эшитганини билдирди.

“Машинаси урилган бир-иккиталар суғурта компаниясидан пул олганини эшитдим. Суд-экспертиза қилинган, хуллас, суғурталанган шахсларга хизмат кўрсатилган. Аммо ҳамма ҳам бунга амал қиладими, буниси номаълум”, - деди суҳбатдош.

Таҳлилчилар таъкидича, суғурта бозорини ривожлантириш президентнинг битта фармони билан ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун, аввало, суғурта компаниялари ва аҳолининг суғурта маданиятини ошириш лозим.
XS
SM
MD
LG