Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:51

Экологияга оид хабарлар


Қозоғистон ҳукумати Орол денгизини қайта тиклаш мақсадида иккинчи тўғон қуриш учун Жаҳон банкидан 126 миллион доллар қарз олишни режаламоқда.

Орол денгизида қуриш жараёни бир неча ўн йил давом этди. Шу боис, 2020 йилга бориб Орол бутунлай қуриб қолиши тахмин қилинаётган эди. Бироқ мутахассислар ҳозир Орол денгизининг шимолий қисмида сув сатҳи 40 фоиз қайта тикланганини айтмоқда.

“Агар эртага денгизга бориб балиқчилар билан гаплашсангиз, улар вазият икки ёки уч йил олдингига қараганда бутунлай ўзгарганини айтади. Ўшанда денгизда сув кам эди, минтақада қурғоқчилик юз берган, саломатлик билан боғлиқ муаммолари бор эди”, - дейди Жаҳон банкининг Орол денгизи лойиҳаси раҳбари Йууп Стоутйесдайк.

Орол денгизининг шимолий қисмида сув сатҳини кўтариш мақсадида Қозоғистон ҳукумати 13 километрлик тўғон барпо этган. Халқаро ҳамжамият минтақа давлатларини сувдан тежамкорлик билан фойдаланишга чақириб келмоқда.

Жаҳон банкининг Олмаота шаҳридаги Марказий Осиё идорасида ташқи алоқалар мутасаддиси Елена Карабан “Озодлик” мухбири билан суҳбатда денгиз суви Аралск шаҳрига яқинлашаётганини айтди.

“Ҳозир сув Орол денгизининг шимолий қисмидаги Аралск порт шаҳрига яқинлашяпти. Олдин сув портдан 100 километр узоқлашган эди. Янглишмасам, ҳозир сув портдан 15 – 20 километр нарида. Денгиз портга қайтяпти”, - деди Е.Карабан.

Орол денгизининг шимолий қисмида вазият сезиларли яхшиланганига қарамай, кўпчилик денгиз асл ҳолига қайтишига ишонмайди. Мутахассислар фикрича, Орол денгизи Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида бўлинган бўлса-да, уни қайта тиклашда минтақадаги бешта давлат фаол иштирок этиши зарур.

Орол денгизи қайта тикланишига ишонмайдиган орасида Қозоғистондаги атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Табиат” ташкилоти раҳбари Мэлс Элеусизов ҳам бор.

“Одатда пул ажратилади ва у қаёққадир йўқ бўлади. Кўп йиллардан бери бу ҳақда гапирилади, бироқ амалий иш қилинмайди. Уюштирилаётган барча анжуманлар, олий даражадаги учрашувлардан фойда йўқ. Орол учун жуда кўп пул ажратилади. Аммо ундан ҳеч самара йўқ”, - дейди М.Элеусизов.

*** *** ***

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 17 апрель кунги йиғилишида иқлим ўзгаришининг қуролли можароларга таъсири масаласи муҳокама қилинди.

“Хавфсизлик кенгаши халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи масалалар муҳокама этиладиган ташкилотдир. Сув талашиш, ёғингарчилик тартибининг ўзгариши, озиқ-овқат етиштириш ва ер талашиш можаро бошланишига сабаб бўлиши мумкин. Иқлим ўзгариши муаммосининг халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳдид сифатида Хавфсизлик кенгашида биринчи марта муҳокама этилиши тарихий воқеадир”, - деди апрель ойида БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Буюк Британия ташқи ишлар вазири Маргарет Бекетт.

“Гринпис” ташкилоти мутахассиси Майк Таунслей қуролли можаролар оқибатида маҳаллий миқёсида экологик фожеалар содир бўлаётганини айтар экан, бунга ўтган йили Исроил ва Ливан ўртасида бир ой давом этган урушни мисол қилиб келтирди. Ўшанда Исроил самолётларининг ҳаводан уюштирган ҳужуми оқибатида Ўртаер денгизига катта миқдорда нефть оқиб кетиб, йирик экологик фожеа юз берган эди.

М.Таунслейнинг айтишича, шу боис ҳам БМТ Хавфсизлик кенгаши иқлим ўзгариши масаласини ўз йиғилишида муҳокама қилган.

“БМТ Хавфсизлик кенгашида иқлим ўзгариши масаласи давом этаётган қуролли можаролар фонида эмас, балки кенгашнинг можаролар олдини олиш мандатига мувофиқ муҳокама этилди”, - деди халқаро ташкилот вакили.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун йиғилишда иқлим ўзгариши нафақат экологик, ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келиши, балки халқаро тинчлик ва хавфсизликка ҳам таҳдид солиши мумкинлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG