Линклар

logo-print

АҚШ шарқидаги Виржиния штати расмийлари бу ердаги Техника университетида 32 кишини отиб ўлдириб, сўнгра ўз жонига қасд қилган шахс асли жанубий кореялик Чо Сен Ху эканини эълон қилди

  • Сарвар Усмон

“Норрис-Ҳоллдаги қотил кимлиги тўғрисида маълумот бериш имконига эга бўлдик. У Чо Сен Худир. 23 ёшли бу жанубий кореялик АҚШда доимий яшовчи чет эллик эди”, - деди Технология университетидаги полиция бўлими бошлиғи Уэнделл Флинчум.

Виржиния Техника университетининг 5-курс талабаси бўлган Чо Сен Ху АҚШга ота-онаси билан 1992 йили кўчиб келган.

У нима учун қўлига қурол олиб, сабоқдошларини ота бошлагани сабаблари ҳозирча номаълум. Баъзи маълумотларга қараганда, Чо анча узун хат ёзиб қолдирган бўлиб, унда “бойвачча болалар”дан ўч олгани тўғрисида сўз боради. Бошқа маълумотларга кўра эса Чо узоқ пайт депрессиядан даволаниб юрган.

Душанба куни рўй берган фожеа маҳаллий талабалар билан биргаликда ўн минглаб чет эллик йигит-қиз ўқийдиган АҚШ ўқув юртларида қайд этилган энг қонли воқеа бўлди.

Бу даҳшатдан карахт бўлиб қолган университет талабалари ва уларнинг ота-оналари, профессор ва ўқитувчилари энди-энди ўзларига кела бошлади.

Бу университет АҚШдаги бошқа кўплаб ўқув юртлари каби кўп миллатли ўқув даргоҳидир. Бу ерда ҳиндистонликларни ҳам, канадалигу индонезияликларни ҳам учратиш мумкин.

Чонинг қурбонлари орасида Ҳолокостдан омон қолган, асли руминиялик Ливие Либреску ҳам бор эди. Хабарларга кўра, бу ўқитувчи талабалар синфхонадан қочиб чиқишга улгуриб қолсин, деб қотилнинг йўлини тўсаётган пайтда ўқ тегиб ўлган.

Перулик Дэниель Пересни эса ўқ университетнинг француз тили хонасида қувиб етди. Ливанлик талаба қиз Риима Самаха ота-онасини охирги бор сўнгги дам олиш кунида, университетда ўтказилган рақс кечасида кўрган эди.

“Ўтган ҳафтада бу ерда халқаро кеча бўлиб ўтди. Турли мамлакатлардан келганлар қатнашди. Улар ўзининг миллий рақсларини ижро этди. Ливанлик рақс гуруҳининг аъзоси бўлган қиз ҳам энди орамизда йўқ. У ҳам ҳалок бўлди”, - дейди Самаханинг курсдошларидан бири.

Виржиния Техника университетининг 26 мингдан зиёд талабасидан 1800 нафари чет эллик бўлиб, улар таълим визаси билан АҚШда ўқиётган қарийб 200 минг хорижлик йигит-қизнинг бир қисмидир.

Хўш, қонли душанба чет эллик йигит-қизларни Америкада ўқишдан чўчитиб қўймайдими?

Давлат департаменти матбуот котиби Шон МакКормак бу масалага тўхталиб, Виржиния фожеаси АҚШдаги чет эллик талабалар сонининг қисқаришига сабаб бўлмаслиги кераклиги, федерал ва маҳаллий ҳукуматлар ўқув юртлари хавфсизлигини таъминлаш учун барча чораларни кўраётгани тўғрисида маълум қилди.

“Бу мамлакатда илгари мисли кўрилмаган воқеа бўлди, яъни у уникал ҳодисадир. Бироқ, умид қиламанки, бу чет эллик ёшлар келиб ўқишни давом эттираверадиган макондир”, - деди Давлат департаменти матбуот котиби.
XS
SM
MD
LG