Линклар

“Юлдузлик” ва қотиллик

  • Сарвар Усмон

Бир неча кун олдин Виржиния Техника университети талаба ва ўқитувчиларидан 32 нафарини отиб ўлдириб, сўнгра ўзини ҳам отган жанубий кореялик талаба Чо Сен Ху фожеа юз берган куниёқ АҚШдаги оммавий ахборот воситаларидан бирига хатлар, фотосуратлар ва видеотасмалар солинган бир жўнатма юборгани маълум бўлди.

Бу ишни қотил дастлабки икки кишини ўлдириб, кейингиларини отиш олдидан, орадаги вақт ичида амалга оширган.

Қотил талабанинг бу қилиғи оммавий ахборот воситаларининг жамиятга таъсири тўғрисида яна бир бор ўйлаб кўришга ундамоқда...

Таниқли артистлардан бири замонавий ахборот воситаларининг кучайиб бораётган аҳамиятини эътироф этар экан: “Келажакда ҳар қандай кимса 15 дақиқа ичида машҳур кишига айланиб олиши мумкин”, - деган эди.

Andy Warhol бу гапни айтар экан, оммавий ахборот воситалари у ёки бу шахс ҳаётидаги айрим воқеани ёритиш билан уни бир неча кундаёқ “юлдуз”га айлантириб қўйишини назарда тутган.

Албатта, Warhol киноя билан айтаётган юлдузлик, машҳурлик сохта ва вақтинчаликдир.

Лекин марҳум артист киноя қилганидан бери ахборот воситаларининг жамиятга ўтказадиган таъсири кучайса кучайдики, асло сусаймади.

Телевидениелардаги ток-шоулару Интернетдаги видео-постингларни томоша қила туриб, 15 дақиқа ичида машҳур бўлишни истаганлар сони беҳисоб эканига амин бўласиз.

32 кишини отиб ўлдирган Чо Сен Ху ҳам ўша машҳурликни истаганлардан биридир.

У 16 апрель куни ўзи амалга оширган даҳшатли жиноятни назарда тутиб, бундай ёзиб қолдирибди:

“Бугунги ишнинг олдини олиш учун юз миллиардлаб имконингиз ва усулингиз бор эди. Бироқ сиз менинг қонимни тўкишга қарор қилдингиз. Сиз мени бурчакка қисиб қўйдингиз ва мен танлашим мумкин бўлган биргина йўл қолди. Қарор сизники эди. Энди сизнинг қўлингиз қон. Энди уни ҳеч қачон юва олмайсиз”.

32 бегуноҳни ўлдирган йигитча ўзининг бу таъна-дашномини видеотасмага ёзиб Американинг NBC телетармоғига жўнатган.

NBCга Чо юборган жўнатмадан, шунингдек, унинг суратлари, ҳажми каттагина иншо-баёноти чиққан. Суратларда Чо жангу-жадал фильмларининг бош қаҳрамонларидек қўлида қурол билан кўринади.

Ҳодисанинг энг даҳшатга соладиган жиҳати Чо ўз жўнатмасини телевидениега дастлабки икки кишини ўлдириб, кейинги 30 кишини ўлдиришга ўтиш олдидан, орадаги вақт ичида юборганидир.

Афтидан, қотил қанча кўп одам ўлдирса, ахборот воситаларининг эътибори шунчалик кучли бўлиши ҳақида ўйлаган.

Бу ҳолат эса матбуот бундай ҳодисаларни ёритиши керакми, ёритса қай йўсинни танлаши лозим, деган баҳс-мунозараларнинг янги босқичини очиб бермоқда.

Виржиния фожеасига ўхшаш воқеа 1999 йили Колорадо штатидаги ўқув юртларидан бирида юз берган, 12 талаба ва бир ўқитувчи отиб ўлдирилган ва бу воқеа бир неча ҳафта давомида матбуот саҳифаларидан тушмаган эди.

Ўшанда икки қотилнинг суратлари, улар ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар, жиноят сабаблари тўғрисидаги тахминлару таҳлиллар телеэкранлар, газета-журналлар саҳифаларидан тушмаган, бу қотиллик тўғрисида ҳатто китоблар ёзилган эди.

Охир-оқибат бу икки қотилни америкаликлар худди кино юлдузларни танийдигандек танийдиган бўлиб кетди.

Жўнатмасини телевидениега юбориши Виржиния қотилининг ўша колумбиялик қотиллар каби машҳур бўлиб кетиш истаги ифодаси эмасми?

Қотил Чо ўз мақсадига етмадими? Ахир 4 кундан бери гапирилаяпти-ку унинг жинояти тўғрисида. Телеэкранлардан унинг сурати тушмаяпти. Мана, биз ҳам гапиряпмиз?!
XS
SM
MD
LG