Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:30

“Жабрдийда”нинг қочиши


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси собиқ раҳбари, катта миқдордаги давлат мулкини талон-тарож қилишда айбланиб устидан жиноят иши қўзғатилган Алишер Шарипов мамлакатни тарк этгани маълум қилинмоқда.

Жорий йил бошидан бери устидан тергов олиб борилаётган А.Шарипов ўтган ҳафта Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига очиқ хат ёзиб, мамлакат ички ишлар тизимида содир этилаётган жиноятларни фош этишга ҳаракат қилгани учун унинг ўзини таъқиб қилишаётганини таъкидлаганди. У ИИВ марказий аппаратида катта миқдордаги пуллар ўзлаштирилаётгани, бу ҳақда шахсан ички ишлар вазирининг ўзига бир неча марта хат билан мурожаат қилгани, бу хатлар ҳеч қандай натижа бермаганини ёзган.

Гап орасида А.Шарипов “Постда” газетасида ҳам рўй берган ва рўй бераётган бедодликлар ҳақида ёзган ва ўзи бу жиноятларни фош этишга қаратилган уринишлари қурбони бўлганини билдирган.

А.Шариповнинг очиқ хати бу воқеани яқиндан кузатиб бораётган “Ўзметроном” сайтида эълон қилинди. “Ўзметроном” бош муҳаррири Сергей Ежков А.Шариповнинг очиқ хатига ҳақиқатан ҳам у “Постда” газетаси атрофидаги жанжал қурбонига айлангани сабаб бўлганини айтади. Лекин, дейди журналист, бу хат унинг ички ишлар тизимидаги жиноятларга алоқаси йўқлигини исботламайди.

“Бир нарсани алоҳида айтиш керак, А.Шарипов ички ишлар тизимидаги қонунбузарликларни фош этишни мақсад қилмаган. Унинг асосий мақсади ўзини ҳалол ва пок одам, қолганларни эса жиноятчи қилиб кўрсатиш бўлган. Сайтимда эълон қилинган очиқ хатдан мақсад ҳам очилган жиноят иши доирасида ўзини оқлашга уриниш бўлган. Менимча, уни режимдан жабр кўрган одам сифатида кўрмаслик керак. Чунки унинг ўзи бу режимнинг бир қисми бўлган”, - дейди С.Ежков.

У А.Шарипов ҳозир мамлакатни тарк этгани ҳақида ишончли маълумотлари борлигини таъкидлади.

“Менда у мамлакатни тарк этгани ҳақида ишончли манбалардан олинган маълумотлар бор. Бу маълумотларга кўра, у президент номига ёзилган очиқ хатни менга юборишдан аввал Ўзбекистондан чиқиб кетган. Агар у мамлакат ичида бўлганида бу очиқ хатни, ҳар қалай унда келтирилган баъзи айбловларни ёзмаган бўларди. Мен бу маълумотларни тасдиқлаш учун прокуратура ва ички ишларга мурожаат қилганимда улар изоҳ беришдан бош тортди”, - деди С.Ежков.

“Озодлик” мухбири бу маълумотга ойдинлик киритиш учун Ички ишлар вазирлигига мурожаат этганида вазирликнинг у раҳбарлик қилган бошқармаси ходимларидан бири А.Шарипов пенсияга чиққанини айтиб, гапни қисқа қилди.

А.Шарипов президентга ёзган очиқ хатида ўзи ва вазирликнинг бошқа мутасаддиларидан иборат гуруҳ вилоятларда ўқув машқларини ўтказгани, бу машқлар жойлардаги ички ишлар бошқармалари раҳбарларининг террор ҳужумларини қайтаришга мутлақ тайёр бўлмаганини кўрсатганини ёзган.

“Биз берган тавсиялар амалга оширилмагани Андижонда террор хуружи рўй берганининг сабабларидан бири бўлди”, - деб ёзади А.Шарипов.

Сергей Ежков собиқ милиционер Андижон воқеалари ҳақидаги фикрларни масалага сиёсий тус бериш учун атайлаб илгари сурганини айтади.

“Масалага сиёсий тус бериш ва эътиборни жалб қилиб, ўзини режимдан жабр кўрган одам сифатида кўрсатиш бўлган унинг мақсади. Мен бу одамни яхши билганим учун у жабрдийда ва ҳақиқатпарвар сифатида кўрилишини истамас эдим. Унинг очиқ хатида айтилган гаплар ҳақиқат бўлса-да, у мутлақ жаноб Шариповнинг ғаразли мақсадларида ёзилганини айтиш керак”, - дейди С.Ежков.

Айни пайтда, баъзи маълумотларга кўра, Бош прокуратура қўзғатган жиноят ишининг яна бир фигуранти, “Постда” газетаси бош муҳаррири Азиз Эрназаров ўзининг айбланувчи эмас, гувоҳ сифатида кўрсатилишига эриша олган.

“Постда” газетасининг ўзини Абубакир Кенжаев, деб таништирган ходими “Озодлик”ка прокуратура текширувидан кейин А.Эрназаровнинг айби тасдиқланмаганини билдирди.

Газета бош муҳаррири вазифасини бажараётган Улуғбек Мамадалиев эса А.Эрназаров ҳали ишга қайтмагани, умуман қайтадими-йўқми, билмаслигини айтди.

С.Ежков эса Ўзбекистонни тарк этган А.Шарипов ИИВ тизимида содир этилган талон-тарожларга алоқаси бўлган ягона мулозим эмаслигини таъкидлайди.

“Дастлабки тергов материалларига кўра, Шариповнинг ички ишлар тизимида содир этилган жиноятларга алоқаси борлиги аниқ бўлган. Менинг қўлимга келиб тушган норасмий маълумотларда ҳам буни кўриш мумкин. Лекин бу ишда нафақат у, балки тизим юқори мансабдорларининг ҳам қўли борлиги аниқ бўлган. Бу иш бўйича ИИВнинг қатор амалдорлари ўтган. А.Шарипов узоқ муддатга қамалиши мумкин эди. Лекин унинг бу иш хусусида кўнглига тугиб юрган ниятлари бўлган ва бу ниятларини амалга оширганга ўхшайди”, - дейди мустақил журналист.
XS
SM
MD
LG