Линклар

logo-print

Пенсия ёшига етиш қийин бўладиганга ўхшайди


Ўзбекистон ҳукумати тайёрлаётган пенсия тўғрисидаги янги қонун лойиҳасига кўра, яқин келажакда мамлакатда фуқароларнинг пенсияга чиқиш ёшига ўзгартириш киритилади.

Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ҳуқуқшуноси Жамол Холиқов янги қонунга киритилиши мўлжалланаётган имтиёзларни санайди.

“Пенсияга устамалар қўшиш масаласида 28-модданинг “Л” пунктига ўзгартириш киритиляпти. Санъаткорлар пенсияга чиқаётганда уларнинг нафақасига энг кам иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида устама қўшилади. Ҳозирча бундан бошқа янги имтиёзлар киритилмаяпти”, - дейди Ж.Холиқов.

Шунингдек, қонун лойиҳасида айрим имтиёзлар чекланиши ҳам кўзда тутилган.

“12-моддада айрим фуқароларнинг 5 йил аввал нафақага чиқиши қисқартирилиб, уч йилга туширилди. Масалан, қишлоқда сувчи бўлиб ишлаган фуқаронинг иш стажи меҳнат кодексида ёзилмаган, лекин у беш йил аввал, яъни 55 ёшида пенсияга чиқиши мумкин эди. Бу нарса ўзгаряпти. Агар фуқаро суғурта бадалларини тўламаган бўлса ҳам уларга мавжуд имтиёзлар қирқилади. Ҳозир шунга ўхшаш таклифлар киритиляпти. Бу ҳали Олий Мажлисдан ўтадими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади”, - деди Ж.Холиқов.

Амалдаги “Пенсия тўғрисида”ги қонунга кўра, айни пайтда 25 йиллик меҳнат стажига эга бўлган эркаклар 60 ёшдан, 20 йиллик иш стажига эга аёллар эса 55 ёшдан пенсияга чиқади. Эндиликда нафақага чиқиш ёши ҳам кечиктирилиши мумкин.

“Эндиликда эркаклар 63 ёшдан, аёллар эса 62 ёшдан пенсияга чиқарилади. Бу ерда фақат ёш ўзгаряпти, меҳнат стажи эски ҳолича қоляпти”, - деди Ж.Холиқов.

Демак, эндиликда аёллар 7 йил, эркаклар эса 3 йил кечикиб пенсияга чиқиши мумкин.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, одатда икки ҳолатда, яъни ишчи кучи етишмаса ёки давлатнинг пенсия таъминотига кучи етмаса, пенсияга чиқиш ёши кечиктирилади.

Ўзбекистонда эса иккинчи ҳолат, яъни пенсия таъминотида муаммолар вужудга келгани боис пенсияга чиқиш ёши кечиктирилаётганини айтади инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғли.

“Бунинг ҳаммаси Ўзбекистон иқтисодиётининг ниҳоятда паст даражага тушиб кетгани, яъни мамлакатда пул жуда камлигидан далолат. Бугун Ўзбекистон ўз аҳолисини ижтимоий таъминлашга қурби етмаяпти”, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ўзбекистонда атиги 18 фоиз эркаккина 65 ёшгача умр кўриши ҳақида ёзади “uzmetronom.com” сайти. Шундай бир пайтда эркакларнинг пенсияга чиқиш ёшини 63 ёшга кўтариш ақлга сиғмас ҳолат эканини билдирди ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов.

“Бу йил Ижтимоий ҳимоя йили бўлди ва эндиликда пенсия ёши 63 ёшга кўтарилишига ижтимоий ҳимоянинг ўзбекча бир кўриниши, усули, ўзбекча модели сифатида қараш мумкин. Пенсия ёшига етиб келиш бугунги кунда ўзбек учун бир бахт бўлиб қолди. Чунки жуда кўпчилик пенсияга етиб келмасдан ўлиб кетяпти. Ўзбекистон ҳукумати Ижтимоий ҳимоя йилини эълон қилиб, ижтимоий соҳанинг асоси бўлган пенсия ёшини кўтариши ўзбек миллати учун энг катта ҳақорат ҳисобланади”, - деди А.Турғунов.

“Пенсия тўғрисида”ги амалдаги қонунга кўра, пенсионер бирор жойда ишлаётган бўлса, пенсия пулининг ярмидан маҳрум бўлади. Янги қонун лойиҳасида эса ишлайдиган пенсионернинг нафақа пулларини тўлиқ бериш иш билан таъминловчи ташкилот зиммасига юклатилиши мумкин.

Агар ҳукумат пенсия тўловлари бўйича ижтимоий таъминот юкини ўзидан соқит қилиб, уни иш берувчи ташкилотлар зиммасига юклайдиган бўлса, пенсионер учун яна нохуш ҳолатлар яратиши турган гап. Чунки аксарият ташкилотлар ортиқча маблағ тўлашдан кўра, нафақахўр меҳнатидан воз кечишни маъқул топиши ҳам мумкин.

Ўзбекистонда “Пенсия тўғрисида”ги қонун 1993 йил қабул қилинган, ўтган вақт давомида саккиз марта қонунга ўзгартириш киритилган.
XS
SM
MD
LG