Линклар

Умиданинг суди қолдирилди

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзова устидан 19 апрель кунига белгиланган суд гўёки судья иш билан танишиб чиқишга улгурмагани сабабли номаълум муддатга кечиктирилди.

Маълум бўлишича, У.Ниёзова Сирғали тумани жиноят ишлари судига олиб ҳам келинган. Бироқ сал ўтмай, унинг адвокати Татьяна Давидова суд биноси олдига йиғилган У.Ниёзованинг қариндошлари, ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари, элчихоналар вакиллари ва журналистларга суд номаълум муддатга қолдирилганини айтган.

“Улар жиноят иши билан танишиб чиқиш учун вақт кераклигини айтяпти. Тўғрисини айтсам, нима бўлаётганини ўзим ҳам тушунмаяпман”, - деди адвокат.

Айрим ҳуқуқ ҳимоячилари суд қолдирилиши мумкинлигини олдиндан тахмин қилган. Чунки Ўзбекистонда шов-шувли судларнинг бу тарзда ўтказилиши одатий ҳолга айланган.

“Суд бошланадиган кун олдиндан эълон қилинди. Тергов материаллари ўрганиб чиқилмагунча суд куни белгиланмайди. Булар судни белгиладими, демак ўрганиб чиқишган. Энди адвокатга иш ўрганиб чиқилиши учун бошқа кунга қолдирилганини айтишибди. Менимча, суд биноси олдига кутилганидан кўп одам йиғилгани сабабли шундай қилинган бўлса керак”, - дейди “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов.

У.Ниёзова устидан бошланиши кутилган судни кузатиш учун Сирғали тумани суди олдига унинг қариндошларидан ташқари элликдан ортиқ одам тўпланган. Улар орасида халқаро ташкилотлар, чет эл элчихоналари вакиллари, журналистлар бор эди.

Журналист Сид Янишнинг айтишича, У.Ниёзова устидан белгиланган суднинг қолдирилиши ишга оид янги фактлар топилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

“Ишончли манбалардан маълум бўлишича, Ниёзова иши қайта терговга юборилган. Яъни У.Ниёзованинг компьютерида “рангли инқилоблар”, хусусан, Украина, Грузия, Қирғизистондаги воқеалар билан боғлиқ қўшимча маълумотлар топилган. Шу боис, Умидага аввал қўйилган айблар қаторида янгилари пайдо бўлса, ажаб эмас. Яъни уни давлат тўнтариши ва мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга уринишда ҳам айблашлари мумкин”, - дейди Сид Яниш.

Ҳозир У.Ниёзова чегарадан ноқонуний ўтиш, контрабанда, диний ва чет давлатлар ташкилотларининг молиявий ёрдамида жамият хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид қилувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланмоқда ва бунинг учун унга 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Умиданинг ўзи ҳибсга олинган пайтда “Озодлик”ка берган интервьюсида бу айбловларнинг барчасини инкор қилган ва улар “бўҳтон” эканини айтган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов фикрича, Ўзбекистон ҳукумати йўқ жойдан улкан жиноий гуруҳни тузишга уринмоқда.

“Контрабанда айби жуда мантиқсиз. Агар керак бўлса, контрабанда билан Ўзбекистонда очиқчасига шуғулланади одамлар. Оддий ходим у ёқда турсин, генераллар олдидан машиналаб, тонналаб контрабанда олиб ўтиляпти. Ҳатто бу иш билан Ички ишлар вазирлигининг мансабдорлари шуғулланяпти. Керак бўлса минглаб фактлар бор. Лекин уларнинг ҳеч қайсиси контрабанда айби билан жиноий жавобгарликка тортилмаяпти”, - дейди А.Турғунов.

У.Ниёзова атрофида кечаётган жараён халқаро жамоатчилик диққат марказига чиқиб улгурган.

Чоршанба куни Германияда чиқадиган “Таге цайтунг” газетаси У.Ниёзова ҳақида “Ўзи билмаган ҳолда давлатга қарши жиноятчига айлантирилди” сарлавҳали мақолани чоп этди.

“Унинг январь ойидан бери қамоқда ўтиришидан нима маъно?! Бундан ҳеч қандай маъно йўқ. Бу Ўзбекистондаги деспотик режимнинг ҳаддидан ошгани, назоратдан чиққани, мустақил овозларни буткул йўқ қилишга жиддий киришгани белгисидир”, - дейди мақола муаллифи, германиялик журналист Маркус Бенсманн.

Кузатувчилар У.Ниёзова тақдири Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Иттифоқи ўртасида “савдо обьекти”га айланиб бораётганини таъкидламоқда. Таҳлилчилар унинг устидан бўлажак суд ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида янги даражага кўтарилаëтган муносабатларнинг гарови бўлиш мумкинлигини башорат қилган.

Май ойида ЕИ Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкентга нисбатан жорий этган санкцияларни кучда қолдириш ёки бекор қилиш масаласини кўриб чиқади. Тошкент учун бу масаланинг ўз фойдасига ҳал бўлиши муҳимдир.

Аммо журналист Сид Яниш бу фикрларга қўшилмади.

“Бундай бўлади, деб ўйламайман. Жуда деганда суд Умиданинг кекса ва хаста ота-онаси ва икки яшар ўғли борлигини эътиборга олган ҳолда унга раҳм-шафқат қилиб, амнистия бўлмаса ҳам ҳеч бўлмаганда шартли жазо белгилаши мумкин ва бунга Умиданинг опаси Шафоат ҳам умид қилмоқда”, - дейди Сид Яниш.
XS
SM
MD
LG