Линклар

logo-print

Жиянини Хитойда гаровга қолдирган амма уни қутқара олмай овора


Андижон вилоятилик 18 ёшли Садриддин Тўйчиев 3 ойдан буён Хитойда гаровда ушлаб турилибди. Андижонлик тадбиркорлар хитойлик тижоратчилардан олган 25 минг долларлик товари эвазига Садриддинни гаровга ташлаб кетган.

“Озодлик” мухбири Шинжон-Уйғур мухтор туманининг Урумчи шаҳрида гаровда ушлаб турилган Садриддин билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

С.Тўйчиевнинг айтишича, андижонлик тадбиркорлар 25 минг долларлик товар эвазига икки ой муддатга гаровда қолиши учун унга 500 доллар ваъда қилган.

“Андижонлик аммам Раъно Ғофурова мени хитойлик тижоратчиларга икки ойга гаровга ташлаб кетди. Қарзим бор, шуни икки ойда узиб, кейин сени олиб кетаман, деб мени алдади. Менга икки ой гаров сифатида қолишим эвазига 500 доллар ваъда қилганди”, - дейди С.Тўйчиев.

Айни пайтда Садриддин хитойлик тижоратчи Хайрулло Калампия қўлида гаров турибди.

Х.Калампия “Озодлик”ка берган интервьюсида андижонлик тадбиркорлар олинган товар пулини кейинроқ қайтаришга ваъда бериб, Садриддинни икки ойга ташлаб кетиб, ўзини ҳам алдаганини билдирди.

Андижонлик тадбиркор Раъно Ғофурова жияни Садриддиннинг гаров сифатида қолдирилиши сабабини қуйидагича изоҳлайди:

“Мен Хитойга қатнаб, бошқа турдаги бизнес билан шуғулланар эдим. Шарифа Раҳмонова келиб, Хитойда мактаб парталари борлиги, лицей ва коллежлардан унга харидор топганини айтиб қолди. Мендан Хитойдаги танишларим билан гаплашдим ва пулини товарни сотгандан кейин беришга келишдик. 500 та партани битта “КАМАЗ”га ортиб, кечаси Андижонга чегарадан яширинча олиб ўтдик. Лекин иккинчи “КАМАЗ”даги 500 та партани олиб келаётганда чегарада қўлга олишди. Божхона хизмати 500 та партани давлат фойдасига мусодара қилди. Андижонга олиб ўтган 500 та партани эса Шарифа Раҳмонованинг ўзи сотди. Лекин менга пулини бермади. Шу билан жияним Садриддинни хитойлик тижоратчилар гаров сифатида олиб қолди”.

Р.Ғофурова ҳозир бу ҳолат билан Андижон вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси шуғулланаётганини маълум қилди.

“Партанинг эгаси хитойлик Хайрулло товарнинг пулини талаб қиляпти. Мен партанинг пулини тўплай олмаяпман. Уйимни сотиб, партанинг пулидан маълум миқдорини қайтардим. Одамлардан қарз олган эдим. Ҳозир ҳамма қарзини сўраяпти. Сотишга ҳам ҳеч нарсам қолмади. Бешта болам билан кўчада қолдим. Садриддинни гаровдан олиб келиш имконим йўқ.
Ҳозир бу иш билан МХХ ҳам шуғулланяпти. Лекин ҳеч қанақа ижобий натижа бўлмаяпти. Ёрдам сўраб, мурожаат қилай десам, МХХдан катта ташкилот йўқ. Нима қилишни билмаяпман”,
- дейди Р.Ғофурова.

Садриддин эса гаровда унга яхши муносабатда бўлинаётгани билдирди.

“Менга овқат беришяпти. Қишки кийимда келган эдим, ёзги кийим олиб беришди. Лекин ўзингиз ўйланг, мен кўчада ўйнаб юрган бола эдим. Уйдагиларни, яқинларимни соғиниб кетдим. Уйга кетгим келяпти. Озод бўлишимга ёрдам беринглар”, - дейди С.Тўйчиев.

Садриддин Тўйчиевнинг айтишича, у гаровда қолаётгани юзасидан Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасига ҳам мурожаат қилган.
XS
SM
MD
LG