Линклар

logo-print

Муроса яқин...ми?

  • Ҳасанжон

Украина президенти ва бош вазири ўртасида анчадан бери давом этаётган сиёсий курашда томонлар муросага келиши кутилаётган бир пайтда 21 апрель куни Киевда ҳукумат ва мухолифатнинг минглаб тарафдори намойиш ўтказди.

Сўнгги кунларда президент Виктор Юшченко ва бош вазир Виктор Янукович уч ҳафтадан буён давом этиб келаётган сиёсий бўҳронни ҳал этишга тайёрлигини намойиш этмоқда.



20 апрель куни В.Юшченко депутатлар парламент бошқаруви ҳақидаги қонунга киритиш таклиф қилинаётган тузатишларни қабул қилса, парламентни тарқатиб юбориш ва янги сайлов ўтказиш ҳақидаги фармонини бекор қилиши мумкинлигини билдирди.



“Мен шуни қатъий таъкидламоқчиманки, агар қисқа вақт ичида сиёсий муроса пакети ишлаб чиқилса, мен ўз фармонимни бекор қилишга тайёрман”, – деди президент.

Украина президенти 2 апрель куни парламентни тарқатиб юбориш ва 27 майда янги сайлов ўтказиш тўғрисида фармон чиқарган эди. В.Юшченко ўз қарорини В.Януковичнинг ҳукмрон коалицияси парламентда вето қўйиш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида мухолифат аъзоларини ноқонуний равишда ўз томонига оғдираётгани билан изоҳлаганди. Бош вазир эса президентнинг фармонини ноқонуний ҳисоблаб, депутатларни унга риоя қилмасликка чақирганди.



Энди эса В.Юшченко депутатлар парламент бошқаруви ҳақидаги қонунга киритилган 10-12 та тузатишни қабул қилса, парламентни тарқатиб, янги сайлов ўтказиш ҳақидаги фармонини бекор қилишини айтмоқда.

Президент таклифини эълон қилгандан бир оз ўтиб, В.Янукович Киевда ўз тарафдорлари уюштирган намойишда бу масалани келаси ҳафта В.Юшченко билан муҳокама этишини маълум қилди.

“Президент Юшченко ва мен келаси ҳафтадан бошлаб барча келишмовчиликларни қисқа муддат ичида ҳал қилишга келишиб олдик. Бугун президент барча муаммо ҳал этилгандан кейин ўз фармонини бекор қилиш ва тинчлик шартномасини имзолаш ниятида эканини билдирди”, – деди Виктор Янукович.

Украина президенти ва бош вазири муросага эришиб, сиёсий бўҳронга барҳам бериш мумкинлиги ҳақида баёнот берганига қарамай, 21 апрель куни Киевда ҳукумат ва мухолифатнинг минглаб тарафдорлари намойиш ўтказди. Улар орасида собиқ бош вазир Юлия Тимошенко тарафдорлари ҳам бор эди.



Президентдан парламентни тарқатиб юборишни қаттиқ туриб талаб қилган Ю.Тимошенко мухолифат билан муросага келиш ниятида эмасга ўхшайди. Киевда тахминан 20 минг тарафдори олдида чиқиш қилган Ю.Тимошенко янги сайлов ўтказиш масаласи муҳокама этилмаслигини таъкидлади.

“Президент ҳеч қандай фармонини бекор қилмайди. Агар Януковичнинг гуруҳи бўҳрондан чиқишнинг ягона йўли сайлов эканини тушуниб етса, президент фақат сайлов муддатини кечиктириши мумкин”, – дея баёнот берди Юлия Тимошенко.

Айни пайтда Украина Конституциявий суди президент фармони қонунийлиги масаласини ўрганмоқда. Президент ва бош вазир суд чиқарадиган қарорни қабул қилишга ваъда берган.
XS
SM
MD
LG