Линклар

Ўзбек мухолифатчиларининг Борис Ельцин ўлимига муносабати

  • Абдулла Искандар

23 апрель куни вафот этган Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин юритган сиёсат, унинг шахси, тарихдаги ўрни ҳақида ўзбек мухолифатчилари ҳам ўз муносабатини билдиряпти.

“Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ: Б.Ельцин совет тарихининг сўнгги босқичида саҳнага чиққан энг ëрқин сиëсий сиймолардан бири эди. Унинг бир коммунист етакчи сифатида қилган хатолари ва баъзи ҳаракатлари бизда нохуш туйғулар уйғотиши мумкин, лекин унинг умумий образи нисбатан демократ сифатида қолган лидерлар фонида ажралиб туриши ҳақиқатдир.

Б.Ельцин “Ошкоралик”, “Қайта қуриш”, дея бизнинг тарихимизда қолган даврнинг, ҳеч шубҳасиз, энг муҳим сиëсатчиларидан бири ва бугун агар постсовет ҳудудида демократик ўзгаришлар ҳалиям яшаëтган бўлса, бунда Ельцин шахсининг роли, шубҳасиз, бор.

Бугун у вафот этди. Аллоҳ гуноҳларини кечирган бўлсин. Бу киши ҳақида бугун унинг сиëсий фаолияти рус-совет мустамлакасида бўлган биз каби миллий республикаларнинг тарихига нақадар салбий ëки ижобий таъсир кўрсатганини айтиб ўтириш ўринли бўлмайди.

Қисқача қилиб, Б.Ельциннинг бизга, яъни миллий жумҳуриятларга зараридан кўра, фойдаси кўпроқ тегди, дейиш мумкин. Чунки у 75 йил совет мустамлакасида яшаган халқлар наздида мустамлака маркази бўлган Кремлнинг руслар ичидан қарши чиққан биринчи ва энг муҳим лидерларидан бири эди. Шу маънода унинг хизматини доим ўзига яраша баҳолашимиз керак.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси Абдураҳим Пўлатов: Б.Ельцин нафақат руслар, балки собиқ совет республикалари тарихида катта роль ўйнаган одам. Унинг Горбачев билан бўлган муносабатлари СССРнинг тарқалиб кетишига олиб келди ва шу маънода бизнинг тезроқ мустақил бўлишимизга хизмат қилди.

Яна бир нарсани тан олишимиз керакки, СССР Ельцинсиз ҳам тарқалар эди, аммо сал кейинроқ, бир неча йилдан кейин тарқаларди.

Шу маънода Борис Ельцин қилган иш - СССР тарқалишини тезлаштиргани бизнинг ишимизга салбий таъсир кўрсатди.

Ўзбекистонда демократик ҳаракатлар мустаҳкам оëққа турмасдан СССР тарқалди ва шу сабабли, айниқса, Ўзбекистонда совет типидаги диктаторлик давом этди ва ҳозир ҳам унинг меваларини емоқдамиз.

Ҳофиз ва сиёсатчи Дадахон Ҳасан: Б.Ельцин ҳукуматга келгач, тарқаб кетган СССРнинг азоб-уқубатлари унинг бошига тушди. Бетоб бўлди. Лекин у ўзи билиб, соғлиғи туфайли инсоф билан Россия президентлигидан кетди. Буни Б.Ельциннинг ютуғи ва яхши томони сифатида қабул қиламиз, албатта. Чунки одам ўз соғлиғи яхши эмаслигини билса, демак у ҳукуматни, давлатни бошқара олмайди.

Мана, президентликдан кетганидан кейин шунча йил яшади, яхши, иззат-ҳурматда яшади, даволанди. Бу бошқаларга ҳам намуна бўлиши керак. Назаримда, баъзилар каби ўлгунча президентликка ëпишиб олмаслик керак.

Шу маънода ўз лавозимидан тирик пайтида кетган раҳбар сифатида уни яхши гаплар билан эслаяпмиз.
XS
SM
MD
LG